Фарғона, Сўғд ва Баткен ҳокимлари Қирғизистонда учрашди
Олам
−
19 Июль 2023
5271Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида Ўзбекистоннинг Фарғона, Қирғизистоннинг Баткен ҳамда Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари раҳбарларининг минтақавий учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур учрашув доирасида вилоятлар раҳбарлари Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси, Президент Администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров билан мулоқот қилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида чегарадош вилоятлар ўртасида ҳудудлараро савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, савдо ҳажмини янада ошириш ва ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш, янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Фарғона ва Баткен вилоятлари ҳамда Фарғона ва Сўғд вилоятлари раҳбарлари бошчилигидаги делегацияларнинг тор доирадаги учрашувлари бўлиб ўтган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг Баткен вилояти губернатори Абдикарим Алимбаев бошчилигидаги делегация билан учрашуви асосий кун тартибидан савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар ўрин олгани айтилмоқда. Ҳозирда ишлаб чиқилган умумий қиймати 13,5 млн долларлик 8 та қўшма лойиҳани жорий йил август ойидан амалга оширишга бошланиши келишиб олинган.
Фарғона вилоятининг Баткен билан чегарадош туманларида мавжуд чегараолди масалалари муҳокама қилинган ва уларни ҳамкорликда ҳал этиш белгилаб олинган. Учрашувларда ҳар икки вилоятнинг чегараолди туманлари ҳокимлари ҳам иштирок этган
Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегация билан учрашувда икки вилоят ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, биргаликда хорижий инвестицияларни жалб этиш, табиий ресурслардан ҳамкорликда фойдаланиш, Бешариқ туманида Тожикистон билан чегарадаги “Андархон” назорат-ўтказиш пункти ёнидаги майдонда барпо этилаётган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига боғлиқ Савдо-логистика маркази қурилишини жадаллаштириш, пахта етиштиришдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи қамраб олган пахта-тўқимачилик кластери ташкил этиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини Сўғд вилоятида йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашувлар чоғида эришилган келишувлар бўйича амалга ошириладиган биринчи навбатдаги аниқ чора-тадбирларнинг “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва бир ҳафта муддатда тасдиқлашга келишиб олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь