Мусаев кетди. Мармар гўшт машмашаси тугамади
Таҳлил
−
04 сентябр 1938 8 дақиқа
Жинсий қувватни оширувчи дори, Мармар гўшт, бутун оилага қимматбаҳо Корея косметикалари, 150 минг долларлик тюнинг қилинган машина. Бу гаплар ва ортимдаги расмдан ҳам бугунги мавзу ким ва нима ҳақида эканини англаганингиз аниқ! Миграция Агентлигида 2024 йилнинг сентябридан бери директорлик вазифасини бажарган Беҳзод Мусаев лавозимидан озод этилди. Унинг фаолияти Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари, бир қатор жиноятларда айбланган ва ҳатто Интерполда қидирувга берилган Азизбек Тоштемиров томонидан кескин танқид қилинган ва жуда жиддий айбловлар қўйилаётганди. Булар ҳақида кейинроқ. Ҳозирча ишдан олинган Мусаев атрофида пайдо бўлаётган янги саволларга тўхталамиз.
Мусаев кетди. Қаерга?
Кеча, 3 сентябрь куни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Давлат раҳбарининг тегишли қарорига кўра, Беҳзод Анварович Мусаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори лавозимидан озод этилгани ҳақида пост эълон қилди. Хабар соат 21:40 да расмий Telegram-каналга жойланган. Президент агентликнинг янги раҳбари этиб Муҳсинхўжа Турсунхўжаевич Абдураҳмоновни тайинлади. У 2021 йил июль ойидан буён Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Танқидий ва таҳлилий руҳда кечган йиғилишнинг натижаси ва хулосалари ҳам роль ўйнагандир эҳтимол. Чунки, сир эмаски, аҳолининг эҳтиёжманд қатламининг иши айнан миграция билан ҳам боғлиқ.
Кўпчиликни бир савол қизиқтиряпти. Беҳзод Мусаев айнан қаерга кетяпти, қайси ташкилотга ўтяпти? Чунки, унга қандай янги лавозим берилаётгани очиқланмаган. Собиқ амалдорнинг карьерасида турли соҳалардаги вазирлик мақоми ҳам борлигини ҳисобга олсак, у энди қайси йўналишда ишлашини тахмин қилиш бироз қийинроқ. Ҳар ҳолда Мусаев 2018 йил май ойида Давлат солиқ қўмитаси раҳбари, 2020 йил 14 майда Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш бўйича ўринбосари, 2021 йил 11 ноябрда Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган. 2022 йил 30 декабрдан 2024 йил сентябргача Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири сифатида ишлаган. Ранг-баранглик бор.
Қолаверса, ижтимоий фаоллар ва жамоатчиликда жиддий саволлар ҳам тўпланиб қолган. Оғир айбловлар қўйилаётган, тизимида коррупцион схемалар аниқланган Мусаевга нисбатан “хизмат текшируви ўтказиладими?”, “Унга яна нега лавозим бериляпти?”, “Қўлимда исботим бор деяётган Азиз Тоштемиров билан давлат идоралари боғландими?” каби сўроқлар кўпайган.
Буларга жавоб олиш учун Бош прокуратуранинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғландик. У ҳозирча собиқ амалдорга нисбатан ҳеч қандай иш кўрилмаётганини маълум қилди.
Биз яна Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ҳам савол йўлладик. Сабаби, Мусаевга қўйилаётган айбловлар айнан коррупцияга оид бўлгани учун. Аммо улар ҳам агентлик томонидан ҳеч қандай хизмат текшируви ўтказилмаётганини маълум қилди. Бир томонда Миграция агентлигига алоқадор расмий ҳужжатлар, муҳр босилган қоғозлар, Мусаевга тегишли экани айтилаётган аккаунт билан ёзишмалар скриншоти эълон қилинаётган бир пайтда расмий муносабат билдирилмаслиги бизни ҳам “ия” дейишга мажбур қилади. Демак, ҳозирча фақат кутамиз!
Азизбек Тоштемиров ким?
Энди Мусаев мавзуси трендга чиқишига сабаб бўлган шахсият эгаси ҳақида гаплашсак. 35 ёшли Азизбек Тоштемиров Андижон вилоятида туғилган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Кореядаги ваколатхона раҳбари лавозимида фаолият олиб борган. 2025 йилнинг март ойида турли қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилган ва фирибгарликда гумон қилиниб, халқаро қидирувга берилган.
(1).png)
Унга қўйилган айбловларнинг қисқа мазмунини айтаман. Жанубий Кореяга ишга кетиш учун ўтказиладиган баъзи EPS–Topik имтиҳонлари вақтида айрим номзодлар ўрнига бошқа шахслар киритилган, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг баъзи ходимлари эса уларга тестдан ўтишда ёрдам берган ва эҳтимолий қонунбузарлик тўғрисида фуқаролардан бир қанча мурожаатлар бўлган.
Бу воқеадан бироз аввал эса Ташқи меҳнат миграцияси ва хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилган коррупцион схема аниқланганди. Улар 600 дан ортиқ одамдан $90 млн олгани фош қилинган.
(57).png.jpg)
Азизбек Тоштемировнинг ўзи бу айбловларни буткул рад этиб, ҳар қандай қонунбузарлик ва коррупция бошида агентликнинг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев турганини иддао қилган ҳамда “Корея 24 соат” деб номланган Telegram-каналида бу ҳақда маълумотларни жойлай бошлаган.
Жорий йилнинг 17 июнь куни эълон қилган постига кўра, у Кореяда ишлаётган пайтида ундан Беҳзод Мусаев учун ҳар икки ҳафтада 10 килограммдан қимматбаҳо вагю гўшти юбориб туриш талаб қилинган. У гапига исбот сифатида Миграция агентлигининг раҳбари Беҳзод Мусаевга тегишли экани айтилган аудиони илова қилган.
“Мана бу сумкангни олиб кет, кетишингдан олдин. Ичини тўлдириб “мраморный гўшт олиб келасан” дейилган аудиода.
У назарда тутилган сумканинг расмини ҳам телеграм каналига жойлаган.
Қолаверса, Азизбек Тоштемиров тез-тез спиртли ичимликлар, косметика маҳсулотлари ва ҳатто “Please” (эркаклик қувватини оширувчи восита) дорисини юбориш сўралгани акс этган скриншотларни ҳам эълон қилган.
“Б. Мусаев солиқчи бўлган-ку, солиқ солиш қонида бор. Менинг бўйнимга солинган солиқлар ҳам кундан-кунга ортиб борди. Мен топган ойлигимга Мусаев ва унинг оиласи учун энг қимматбаҳо корейс косметикаларидан тортиб, тиш паста-ю, ҳатто влажный салфеткагача юборишим керак эди”, деб ёзади Азизбек Тоштемиров.
Собиқ ходим гўшт маҳсулотларини “Premium” дўконлардан сотиб олингани, баъзан у бундай маҳсулотларга маоши етмай бошқа ходимлар билан пул йиғишга мажбур бўлганини ҳам ёзган.
Азизбек Тоштемиров “4-Факт” сифатида каналига жойлаган постида Кореядан махсус тюнинг қилинган Hyundai Palisade автомобилини юбориш талаб қилинганини ёзди.
“Талаблар борган сари ошиб борди. Бир куни Мусаев машинада ўтирса, бели оғриб қолаётганини айтиб, Кореядан махсус ётиб кетишга мўлжалланган диванга эга Hyundai Palisade машинасини юборишимни буюрди. Машинани изладик, топдик, аммо тўловга келганда “ўзинг амалла” деган жавобни олдим”, деб ёзади Тоштемиров.
Тоштемиров бундай пул йўқлигини айтганида, Мусаев унга ваколатхона учун маблағ сўраб расмий хат ёзишни буюргани ҳам келтириб ўтган.
“Менда бунча пул йўқлигини айтганимда, ваколатхона учун маблағ сўраб расмий хат ёзишимни буюрди. “Бюджетда 150,000 $ пул бор, сенга юбораман, ечиб олиб, машинани менга юборасан”, деб айтди. Солиқ ва турли вазир лавозимларида ишлаганлиги учун давлат пулини қандай обнал қилишни яхши билади ахир жаноб Мусаев!”, деб ёзган собиқ агентлик ходими.
Аввалроқ, Ташқи меҳнат миграцияси ва хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилган коррупцион схема аниқлангани, улар 600 дан ортиқ одамдан $90 млн олгани фош қилингани маълум бўлганди. Азизбек Тоштемировнинг иддао қилишича, бу жиноятга ҳам Мусаев алоқадор.
“Айни пайтда Кореяга ишлаш учун кетган фуқароларнинг ким орқали, қанча пул эвазига кетганлиги текширилмоқдами? Хўш, нима сабабдан Б. Мусаевнинг шахсан топшириғи ортидан Кореяга кетганлар билан ҳеч ким қизиқмаяпти? Бундай топшириқларнинг сон-саноғи йўқ. Қай биридан қанчадан олган номаълум, лекин ҳойнаҳой $90 млн Мусаевнинг уйидан чиқса ажабмас”, деб ёзган у.
Мазкур хабарлар омма орасида турли шубҳаларни уйғотгандан сўнг, 20 июнь куни ва ниҳоят Миграция агентлиги шов-шувли ҳолат бўйича расмий Qalampir.uz’га муносабат билдирганди.
Агентликнинг матбуот котиби Гулруҳ Тўлаева Азизбек Тоштемировнинг скриншот, аудио ва расмлар билан иддао қилаётган гаплари ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва бир томонлама талқин қилинганини айтган эди.
“Беҳзод Мусаевнинг бу нарсаларга умуман алоқаси йўқ деб бемалол айта оламан. Бу суҳбат жараёни, контекстлар кесилган бўлиши мумкин. Бу борада ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳали якуний экспертиза хулосаси эълон қилингани йўқ. У ерда аслида қандай суҳбат бўлган, кимлар гаплашган – бунга фақат расмий экспертиза баҳо бериши мақсадга мувофиқ” деган эди Гулруҳ Тўлаева.
Бу орада эса жорий йил 23 июль куни Интерпол сайтида изланиш олиб бордик ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг собиқ ходими – Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Азизбек Тоштемировнинг номи халқаро қидирувдаги шахслар рўйхатидан сирли равишда ғойиб бўлганини аниқладик.
(1).jpg)
(1).png)
(1).png)
Ҳа, сирлилик даражаси ошиб боряпти. Тоштемиров ҳозиргача жиддий айбловларнинг янгиларини эълон қилиб, қўлимда фактим бор деяпти. У 3 сентябрь куни тунда жойлаган постида Мусаевни жавобгарликка тортиш кераклигини яна бир бор ёзди.
“Менда ҳали мавзулар тугамади! Мусаевни бошқа ишга ўтказишдан олдин қонун олдида жавобгарликка тортиш лозим. Бунақа раҳбарлар қилган жиноятлари учун жавоб беришдан осонликча қочиб, қутулмаслиги керак”, деб ёзди Азизбек Тоштемиров.
Тоштемиров орадан бир қанча вақт ўтди ҳамки, бирор расмий идора – на Бош прокуратура, на Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва на Ички ишлар Тоштемировнинг айбловлари юзасидан қандай текширув олиб борилаётгани, натижалар қачон маълум бўлишига ойдинлик киритмади. Эҳтимол Тоштемиров туҳмат қилаётгандир, балки унинг гаплари ростдир. Афсуски аниқ ҳеч нарса дея олмаймиз. Расмий муносабат билдирилмас экан, шубҳали саволлар кўпаяверади.
Матбуот ва жамоатчилик кутаётган энг муҳим нарса – бу шунчаки бир амалдорнинг бошқа креслога ўтиб олиши ёки шов-шувли айбловларнинг вақт ўтиши билан унутилиб кетиши эмас. Гап минглаб мигрант мақомидаги ўзбекистонликларнинг тақдири, хориждаги ҳақ-ҳуқуқи ҳамда давлат идораларига бўлган ишонч устида бормоқда. Агарда бундай жиддий иддаолар, миллионлаб долларлик коррупцион схемалар ва халқаро миқёсдаги можаролар жавобсиз қолса, бу нафақат тизимдаги иллатларни яширади, балки очиқлик принципларига ҳам соя солади. Шундай экан, масалага шунчаки кадрлар алмашинуви деб эмас, балки қонун устуворлиги нуқтаи назаридан ёндашилиб, барча саволларга нуқта қўйилиши шарт. Чунки жамоатчилик сукутни эмас, адолатли ва очиқ ҳақиқатни кутмоқда.
Live
Барчаси