Одамлар нима дейди? Эрдўғаннинг даври ўтдими?
Олам
−
10 Май 2023
10731Шу йилнинг 14 май куни Туркияда Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Аллақачон гавжум кўчалар тарғибот баннерлари билан тўлган. Айрим ижтимоий тадқиқот марказлари одамлар орасида сўровномалар ҳам ўтказиб улгурди. Унга кўра, кутилаётган сайловлардан икки ҳафта олдин мухолиф сайловчилар Камол Қиличдорўғли атрофида бирлашиш тенденциясини кўрсата бошлаган. Тадқиқот натижаларига кўра, Қиличдорўғли биринчи тур тақсимотида 47,4 фоиз овоз билан Эрдўғандан 3 балл олдинга чиққан.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлган QALAMPIR.UZ мухбири одамлар орасида сўровнома ўтказиб, туркияликларга “сайловдан кейин ўзгариш бўлишига ишонасизми?” деган савол билан юзланди.
Респондентларнинг кўплари Туркия иқтисодий инқирозни бошдан ўтказаётганини яширмади.
“Худо хоҳласа ўзгариш бўлади, ўзгаришларни кутяпмиз. Яъни иқтисодиётимиз ўзгаришидан умид қиламиз. Сармоялар қилинганидан сўнг, секин-аста иқтисодиёт ўнгланади. Ҳозиргидай қолмаса керак”.
Эрдўған ҳукуматга келганидан буён анча ишларни қилганини айтган респондентлардан бири, сайловда айнан Ражаб Тойибга овоз беришини яширмади.
“Эрдўғанга овоз бераман. Ҳеч нарса ўзгармайди. Шундоқ ҳам ҳамма ўзгаришлар бўляпти. Ошхоналар, дўконлар, касалхоналар. Ҳозир бутун дунёда иқтисодий инқироз юзага келган. Одамлар [Эрдўғанни] “Ҳамма нарса қиммат”, “ўғри” ҳам деб айбламоқда. Ўғри бўлса шунча ишни қандай қилиб бажарди? Ундан яна нима қилишини кутишяпти? Иқтисодий инқироз даврида шунча иш: йўллар, кўприклар, касалхоналар, мактаблар… Булар қилиниши керак бўлган ишдир, аммо Эрдўғандан аввал ҳеч ким қилмади”.
Бир неча йилдан буён давлатни бошқараётган Эрдўғаннинг ҳукуматдан кетишини истаганлар ҳам йўқ эмас.
“Эрдўған 20 йил мамлакатни бошқарди. Бироз ўзгариш бўлсин, ҳукуматга бошқа одам келсин”.
Маълумот учун, Туркиядани бошқариш учун 4 нафар номзод курашмоқда.
Камол Қиличдорўғли
“Жумҳурият халқ”, “Саодат”, “Даъво”, “Демократ”, “Келажак” ва “Яхшилик” партияларидан иборат Миллат Иттифоқидан президентликка номзод Камол Қиличдорўғли, мустаҳкамланган парламент тизимига ўтишни ваъда қилган ва Миллат иттифоқи соябони остида бирлашган.
Муҳаррам Инже
“Ватан” партияси раҳбари Муҳаррам Инже, имзолаш жараёни бошланганининг 4-кунида 100 минг имзо тўплади ва 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари учун белгиланган чегарадан ўтди.
Ражаб Тойиб Эрдўған
Мамлакатнинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўзи раҳбарлик қилиб келаётган “Адолат ва тараққиёт” партияси, “Миллатчилик ҳаракати” партияси, “Буюк бирлик” партияси ва “Қайта фаровонлик” партиясидан ташкил топган Халқ иттифоқидан президентликка номзод бўлди.
Синан Оған
Иттифоқ “Ғалаба”, “Адолат”, “Тўғри”, “Туркия иттифоқи” ва “Менинг юртим” партиясидан иборат “Аждодлар” Альянсидан Синан Оған.
LiveБарчаси