Швеция “оёғидан осилган Эрдўған” учун узр билан қутулмайди – Туркия
Олам
−
13 Январь 2023
25781Туркия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мавлуд Чавушўғли Швециянинг Курдистон Ишчилар партияси (КИП, Туркияда тақиқланган) тарафдорлари томонидан Стокгольмда ўтказилган митингни қоралаши етарли эмаслигини айтди. У бу ҳақда бугун, 13 январь куни Италия Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни билан Анқарада матбуот анжуманида сўз очган.
“КИПнинг Швециядаги провокацияларини ҳаммамиз кўрдик. Улар фақат қоралаш билан қутулолмайди, Швеция аниқ чоралар кўриши керак. Бунга қарши курашиши керак. Бу ҳаракат шаҳар марказида, шаҳар ҳокимияти яқинида бўлиб ўтди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 январь куни Туркияда фаолияти тақиқланган ва террорчи деб топилган Курдистон ишчилар партияси (КИП) тарафдорлари томонидан Стокгольмда ўтказилган митингда Эрдўғанга нисбатан ҳақоратли сўзлар айтилди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият биноси олдидаги устунга Эрдўғанга ўхшатиб ясалган қўғирчоқ оёғи осмондан ҳолатда осиб кетилди. Афтидан, буни ўзини “бутун Курдистон бўйлаб инқилобий ҳаракат билан бирдамлик ва алмашиш тармоғи” деб атайдиган швед ташкилоти фаоллари амалга оширган. Улар Эрдўғанни Италиянинг фашист диктатори Бенито Муссолини билан тенглаштирмоқчи бўлган, унинг жасади 1945 йилда Миланда тескари осилган эди.
Туркия ҳукуматининг кўплаб сиёсатчилари намойишни кескин қоралади. Туркия прокуратураси Эрдўғаннинг адвокати жиноий иш бўйича ариза берганидан сўнг тергов бошлади. Туркия парламенти спикери Мустафо Шентоп Швеция парламенти раҳбарининг 17 январга мўлжалланган Анқарага ташрифини бекор қилди, унда шимолий мамлакатнинг НАТОга кириши масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган эди.
Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон Эрдўғаннинг шахсига қаратилган бу ҳаракатни қоралади.
“Бу Швециянинг НАТОга киришини саботаж қилишга қаратилган ўта жиддий воқеа эди”, дейди у
Унинг сўзларига кўра, бу воқеа НАТОга кириш жараёнига таъсир қиладими ёки йўқ, буни айтишга ҳали эрта, аммо хавф бор.
2022 йилнинг 18 май куни Швеция ва Финляндия НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу жараённи дарҳол тўсиб қўйди ва бу давлатлардан PKK/PYD ва YPG’ни террорчи ташкилотлар деб эълон қилишни, террорчиликда айбланган ёки 2016 йилда мамлакатдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этган шахсларни экстрадиция қилишни ва уларни қўллашни тўхтатишни талаб қилди. 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, ўша пайтда Швеция Бош вазири бўлган Финляндия Президенти Саули Ниинистё ва Альянс Бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Стокгольм ва Хелсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 70 дан ортиқ шахсни экстрадиция қилишга ваъда берган.