Тошкентда блогер Ички ишлар вазири истеъфосини сўраб, бир кишилик пикет уюштирди

Жамият

image

Блогер ва публицист Шокир Шарипов Ўзбекистон Республикаси Ишчи ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, Тошкентда бир кишилик пикет уюштирди. Бу ҳақда BBC-ўзбек хизмати хабар берди. 

Ички ишлар идораларидан фуқароларнинг мурдаси чиқаётгани блогер Шариповни ташвишга солган. Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармасига қарашли марказда 15 яшар боланинг уриб ўлдирилгани эса блогерни пикет ўтказишга ундаган асосий омил бўлган. 

“Бунга ҳеч ким жиддий равишда муносабат билдирмаса, [бундай ҳолат] ҳар биримиз билан юз бериши мумкин бўлади. Агар мен бунга реакция билдирмасам, бу ўзим билан ҳам содир бўлиши мумкин”, дейди фаол.

Унинг қайд этишича, Ички ишлар вазирлиги ислоҳ бўлмаётганининг далиллари бисёр. Шариповнинг иддаосича, ИИВ баъзи шахслар ва гуруҳларгагина хизмат қиляпти. 

У сўзида давом этаркан, бундай [ўлим] ҳолатларда Ички ишлар вазири шахсан одамлар билан мулоқот қилмаётгани сабабли ҳам унинг истеъфосини талаб қилиб чиққанини айтди. 

“15 яшар боланинг ўлими – бунда Ички ишлар вазири халқдан узр сўраб, соҳани ислоҳ қилолмаётганини айтиб, истеъфо бериши керак эди. Нега масъулларни ўзини бошқанинг ўрнига қўйиш кўникмаси йўқ? Шу нарса мени ҳайрон қолдиряпти. Бунақа лавозимларда эмпатияси кучли, жамиятнинг энг яхшилари ишлаши керак”, деган фикрда Шарипов.

Шокир Шарипов нафақат вазир Пўлат Бобожонов, балки у раҳбарлик қилаётган тизим ҳам матбуотдан, жамоатчиликдан узоқлашиб кетганини айтади. Қолаверса, одамларнинг ўзи бефарқ бўлгани ва талаб қилмаётгани учун ҳам Ички ишлар тизимидаги хатолар учун ходимлар жавобгарликка тортилиши пайсалга солиб келинмоқда. 

15 яшар боланинг ўлими

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Учкўприк тумани, “Султон” МФЙ, Султон қишлоғида яшаган, 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Р.А. жорий йилнинг 16 октябрь куни Бувайда тумани, Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган “Ансор” савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида, ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлик хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига жойлаштирилган. 

17 октябрь куни вояга етмаган Р.А. нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани сабабли шаҳар Тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига “бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18.10.2022 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Тергов ҳаракатлари давомида, 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчи марҳум Р.Абдусатторовни уриб, унинг ўлимига сабаб бўлган тан жароҳатлари етказгани маълум бўлган. Шу сабабли, жиноят иши доирасида ушбу 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қамоққа олинган

Мазкур ҳолат юзасидан собиқ ИИБ марказ тарбиячиси ҳамда навбатчилик сменаси инспектор-навбатчиси Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан гумон қилинувчи сифатида жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Уларга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Пўлат Бобожонов

Баҳолаганлар

264

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг