Эрдўғаннинг нияти нима? Шимолий Кипр тан олинадими?
Жамият
−
12 Ноябрь 2022
10829Маълумки, жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг 9-саммити бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва кузатувчи давлатлар – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳамда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.
Туризм ва маданиятдан хавфсизликкача, чегара ва ноқонуний миграциядан тортиб, божхона ва транспорт йўлакларигача бўлган мавзулар муҳокама қилинган саммитда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған дунё мамлакатларини ҳайратда қолдирган баёнот билан чиқди. У ўз нутқида Туркиядан ташқари дунёнинг ҳеч бир мамлакати тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи бўлиб қўшилганини айтди ва бунинг учун ташкилот давлатлари раҳбарларига миннатдорлик билдирди.
“Биродарлик қонуни талабларини бажарган ҳолда, Шимолий Кипр Турк Республикасини [Туркий давлатлар] ташкилотимизга кузатувчи давлат ўлароқ қабул қилдик. Турк дунёсининг ажралмас бир қисми бўлган кипрлик биродарларимизнинг ёлғиз эмаслигини кўрсатиб, ечим жараёнига ҳам ҳисса қўшдик. Ушбу бирдамлик иродасини намоён этганингиз учун сиз, азиз биродарларимнинг ҳар бирингизга алоҳида миннатдорлик билдираман”, дейди Эрдўған.
Орадан кўп ўтмай, Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Эрдўғаннинг айтганларига таяниб, Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи давлат сифатида қўшилгани ҳақидаги хабарни Twitter’даги саҳифаси орқали бўлишди. Вазир, Анқаранинг Шимолий Кипр Турк Республикасини қўллаб-қувватлашни давом эттиришда қатъийлигини таъкидлаган.
Туркия расмийлари томонидан берилган икки баёнотдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Шимолий Кипр Турк Республикасининг ташкилотга кузатувчи сифатида қўшилганини рад этиб чиқди.
“Саммит натижасида Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмади. Ўзбекистон, айниқса, давлат суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги масалаларида халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий амал қилади.
Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, дейди Норов.
Бироқ, оммавий ахборот воситалари Владимир Норовнинг баёнотидан қониқиш ҳосил қилаётгани йўқ. Айниқса, хорижий медиа аллақачон Туркий давлатлар ташкилоти Шимолий Кипр Турк Республикасини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига зид равишда тан олишда айбламоқда.
Туркий тилли давлатлар ташкилотининг 16 ноябргача фаолиятини давом эттирадиган Бош котиби Бағдод Амреев ҳам, янги Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам бунга муносабат билдиргани йўқ. Жумладан, ташкилотнинг 5 аъзо мамлакат томонидан тайинланган вакиллари – Бош котиб ўринбосарлари ҳам чуқур сукутда.
Греция эса Шимолий Кипр ҳақидаги баёнотларни аллақачон қоралашга тушди.
Греция Туркия расмийларининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасига Туркий Давлатлар Ташкилотида кузатувчи мақоми берилиши ҳақидаги баёнотларини қоралайди. Бу ҳақда Греция Ташқи ишлар вазирлиги 11 ноябрь куни тарқатган баёнотида айтилади.
"Биз турк расмийларининг сохта давлатнинг Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи мақомига эга бўлганлиги ҳақидаги баёнотларини қоралаймиз. Кипр Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу борада тегишли хабар тарқатди. Ҳар қандай псевдодавлат мақомини оширишга уриниш халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 541 ва 550-сонли резолюцияларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади”, дейилади ҳужжатда.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Грециянинг позицияси барқарор ва ўзгармасдир.
“Биз Кипр муаммосининг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига асосланадиган ва Европа қонунчилигига мос келадиган адолатли ва барқарор ечимга эришиш, яъни икки жамоали, икки ҳудудли федерация ташкил этилишини қўллаб-қувватлаймиз”, дея таъкидлади вазирлик.
Гап шундаки, Кипр оролнинг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентини сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолди.
Шимолий Кипр Турк Республикаси фақат Туркия томонидан тан олинган ва унинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ. Кипр Республикаси ва БМТ уни босқинчи куч деб ҳисоблайди. Шимолий Кипр Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига кузатувчи сифатида аъзо.
Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси тахминан 294 906 киши бўлиб, 3355 км² майдонда яшайди. Аҳолининг катта қисмини этник турклар ташкил этади. Уларнинг анклавларида кипр юнонлари ва ливанлик маронитлар ҳам яшайди. Шимолий Кипр Республикаси пойтахти – Кипр Республикаси ва Шимолий Кипр Республикаси ўртасида бўлинган Лефкоса (Никосия) шаҳри.
Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипрнинг қолган қисмидан буфер зона билан ажратилган. Оролни икки секторга ажратувчи чизиқ Кипрдаги БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан қўриқланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь