СССР ичидаги давлатча эмасмиз – Имомали Раҳмон Путинни “тузлади”

Олам

14 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остонада биринчи марта “Марказий Осиё – Россия” саммити ўтказилди.

Учрашувда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди.

Саммитда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Россия Президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, Марказий Осиё мамлакатлари билан собиқ Иттифоқ ичидаги давлатчадек сиёсат олиб бормасликни илтимос қилди. Тожикистон Президентининг бу чиқиши ижтимоий тармоқларни портлатди.

Тожикистон раҳбари расмиятчилик учун ўтказиладиган, шунчаки гапириб, маълумот олиб, ўзини кўрсатадиган саммитларнинг эффекти йўқлигини айтиб, гап бошлади.

“Ҳурматли Владимир Владимирович, менимча, бу (“Марказий Осиё – Россия” форумини ўтказиш – таҳр.) сизнинг ташаббусингиз. Биз расмиятчилик учун йиғилишимиз керак эмас. Биз очиқчасига нимани хоҳлатганимизни айтишимиз керак. Бутун дунёга Россия + Марказий Осиё эканлигини кўрсатишимиз керак. Нима, бизда муаммо борми? Кўряпмизки, ҳақиқатан бор.

Бу бешликлар аллақачон [жонга тегган]! Шунчаки гапириш, маълумот олиш, кўзбўямачиликнинг ҳеч қандай самараси йўқ. Америка + Марказий Осиё, Жанубий Корея + Марказий Осиё, Япония + Марказий Осиё. Яқинда, эҳтимол, Покистон ҳам Марказий Осиё билан, Ҳиндистон Марказий Осиё билан [учрашади]. Яна ким қолди?

Биз сиз билан бирга Совет Иттифоқи парчаланганига гувоҳ бўлдик. Ҳозиргидек кичик республикаларга, майда халқларга эътибор йўқлигининг гувоҳи бўлдик. Анъана ва урф-одатлар эътиборга олинмаган. Уларнинг ривожланиши қўллаб-қувватланмаган”, дея ҳиссиётларга тўла нутқини бошлади Тожикистон раҳбари.

Владимир Путин доим Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашувда айни вақтда Россияда қайси давлатнинг қанча фуқароси меҳнат мигранти сифатида бўлиб тургани ва шунинг ортидан нон топаётганини эслатади. Жумладан Путин 13 октябрь куни Остонада Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан уч томонлама учрашувда ҳам Тожикистоннинг 2 млн, Қирғизистоннинг 1 млн фуқароси Россияда ишлаш ва яшаш орқали рўзғор тебратаётганини қистириб ўтди. Ёпиқ эшиклар ортидаги учрашувда миқ этмаган Тожикистон Президенти 14 октябрдаги “Марказий Осиё – Россия” саммитида жим туролмади. Имомали Раҳмоннинг айтишича, аслида Россияда бўлиб турган тожикистонликлар 2 млндан кўп. Лекин, уларнинг ҳаммаси ҳам рус халқи учун хизмат қилаётгани йўқ. Унга кўра, Россиядаги 2 млндан ортиқ тожикистонликларнинг 600 минги ишлаб, рўзғорини тебратяпти, қолганлари Россия орқали бошқа мамлакатга чиқиб кетадиганлар. Буларнинг орасида Россияда ўқиб, даволанаётганлар ҳам бор. Шунингдек, Тожикистон рахбари, Россия санкциялар сабаб кўплаб давлатлар билан авиалоқадан узилиб қолгани ортидан тожикистонликларнинг ҳам бу мамлакатга бориши 50 фоизгача қисқаришини таъкидлади.

“Кеча сиз икки миллион (Россиядаги тожикистонлик мигрантлар – таҳр.) ҳақида гапирдингиз, сизга шуни айтмоқчи эдимки, бу икки миллион эмас, Россияга икки миллиондан ортиқ фуқароларимиз учиб кетяпти ва фақатгина ишлаш учун эмас. Ишлаш учун [кетаётганлар] 600 минг кишидан кўп эмас. Сиз (Россия – таҳр.) орқали бошқа мамлакатларга учиб кетади. Келгуси йил [оқим] 50 фоизга камаяди, чунки йўл ёпиқ, улар уча олмайди. Қолаверса (тожикистонликлар – таҳр.) ўқияпти ва даволаняпти”, дейди Тожикистон раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Россия озиқ-овқат соҳасида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қиляпти ва савдони ривожлантиряпти, лекин бунинг эвазига тенг муносабат кўрсатмаяпти.

“Нега, Тожикистондаги қандайдир бахтсиз форумда, мен Ташқи ишлар вазирлигига кўрсатмалар бердим, ҳатто сиз билан гаплашдим, улар ҳеч бўлмаганда вазирлар даражасида бўлсин деб ёлворишимиз керак? Йўқ, вазир ўринбосарлари қатнашади. Тожикистон шунга лойиқми, стратегик ҳамкор. Биз шундай қиляпмизми? Биз 100-200 миллион киши эмасмиз. Лекин бизда тарих, маданият бор. Бизни ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз. Биз камбағал эмасмиз. Биз бой мамлакатмиз, минерал ресурслар заҳиралари Менделеев даврий жадвалдагидан кўра кўпроқ. 


Биз қаерда хато қилдик? Бирор жойда лойиқича саломалашмадик? Биз ҳар доим асосий стратегик ҳамкоримиз (Россия Федерацияси – таҳр.) манфаатларини ҳурмат қилганмиз. Биз ҳурматга сазовор бўлишни хоҳлаймиз. Биз қандайдир бегонамизми? Бизга кўп пул сарфлашнинг ҳожати йўқ. Ҳа, миллиардлаб сармоя киритиш керак, лекин бу барча соҳаларда қисқа вақт ичида ўзини оқлайди. Қолаверса меҳнат мигрантларимиз сизга боришади. Ишлашади, шунчаки пул олишмайди улар ишлашади”, дейди Тожикистон раҳбари.


Имомали Раҳмон ҳар бир давлатнинг ўзига хос муаммолари, масалалари, анъана ва урф-одатлари борлигини қайд этди. У Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг қўшнилигига эътибор қаратиб, Путинга “бундан ҳеч қаерга узоқлаша олмайсиз” деб таъкидлади. Шунингдек, у Марказий Осиё мамлакатлари билан собиқ Иттифоқдек сиёсат олиб бормасликни илтимос қилди. 

“Владимир Владимирович, мен сиздан Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан собиқ Совет Иттифоқи каби сиёсат юритмаслигингизни сўрайман”, деди Имомали Раҳмон ҳиссиётларга тўлиб.

Вазиятни юмшатишга урунган cаммит раиси Қосим-Жомарт Тўқаев Раҳмонга “бетакрор” нутқи учун миннатдорлик билдирди. У ҳар бир учрашувда давлат раҳбарлари Совет Иттифоқини эслатишига тўхталди.

“Бу 30 йилдан бери мавжуд эмас, унинг қулашини ҳеч биримиз уюштирмадик. Аммо, бошқа томондан, холисона айтиш керакки, Совет Иттифоқи автоном республикалар ва миллий ҳудудларни ривожлантиришга муносиб эътибор берган. Бу, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида намоён бўлган Буни тан олиш керак”, деди Қосим-Жомарт Тўқаев.

Тожикистон Президентининг айтганлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда трендга чиқди. Twitter ва Facebook’да уни олқишлаб, жасоратини алқаётганлар минглаб топилади. Аммо жамоатчилик орасида бошқа савол ҳам пайдо бўляпти. Бу ҳақиқатан ҳам Имомали Раҳмоннинг 28 йиллик бошқарув даврида тўплаган тажрибаси ортидан туғилган фикрларми ёки Марказий Осиё – Россия биринчи форуми учун махсус тайёрланган, Совет даврини эслатиш ва унинг қудрати, ўша даврдаги яхшиликларини яна бир бор онг остига сингдиришга қаратилган спектаклми? 


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

627

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг