Кўзи кўкарган аёллар ёхуд Норбоева Президентга таклиф киритмоқчи
Жамият
−
14 Октябрь 2022
9795Сенаторлар зўравонликка оид қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаб, Президентга киритмоқчи. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева кеча, 13 октябрь куни “15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни” муносабати билан “Қишлоқ ҳудудларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш истиқболлари ва аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги иштироки” мавзусида ўтказилган форумда айтиб ўтди.
“Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолати бўлса, ижтимоий тармоқларда "Сенаторлар, мутасаддилар нега жим ўтиради?", дейишади. Июнь ойида бир гуруҳ сенаторлар билан зўравонликка оид қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, жазони кучайтириш, таъриф бериш масалалари бўйича қонунлар пакетини тайёрладик, бир-икки кундан кейин давлат раҳбарига хабар бермоқчимиз”, дейди Сенат раиси.
Норбоева сўзида давом этаркан, қонунларда ҳали ҳам бўшлиқлар мавжудлиги, кўп қонунларда зўравонларга нисбатан либерал муносабат борлигини таъкидлади. Шунингдек, у, зўравонлик ҳолатлари кузатилганда журналистлар, жамоатчилик вакиллари ҳамма жим ўтирибди деган фикрда бўлмаслиги бу борада катта ишлар қилинаётганини қўшимча қилди.
"Қонунчилик нуқтаи назаридан ҳозир катта ишлаб олиб бориляпти, лекин ҳар доим айтамиз қонунлар бу – 50 фоиз иш, уни амалда татбиқ этиш алоҳида масала. Ҳозирги қонунларда ҳам яхши жазо чоралари бор, лекин қўлланилмайди. Унинг ҳам асосий сабаби – бу дунё қарашимиз, эскидан сақланиб қолган стереотиплар. Бизда "эринг бугун шапалоқ урди, ҳеч нарса қилмайди, эртага ярашиб оласан", деган қарашлар ҳам бор. Биз бундай қарашларни, Ўзбекистонга ярашмайдиган зўравонлик ҳолатларини ҳаётимиздан батамом чиқариб юборишимиз керак. Бирорта тақдир ёнимиздан шунчаки ўтиб кетиши керак эмас. Ҳар бир аёл ва унинг ҳаёти ҳақида қайғуришимиз зарур. Қишлоқда яшаётган фаол опаларимиз ҳам мана шу масалаларга алоҳида эътибор беради деган умиддаман", дейди Норбоева.
Ўзбекистонда аёлларга нисбатан тазйиқ зўравонликнинг олдини олиш, зўравонликдан азият чеккан аёлларга кўмак бериш мақсадида ҳар қанча гапирилмасин, 2022 йилнинг январь-май ойлари мобайнида республика бўйича жами 22 816 нафар хотин-қизга Ҳимоя ордери расмийлаштириб берилган. Бу билганимиз, ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилганлар, холос. Яна қанчадан-қанча хотин-қизлар андиша қилиб, унини тўрт девордан чиқармай ўтирибди.
Ҳимоя ордери расмийлаштиришда:
- 14 642 та ҳолатда – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлар;
- 2 868 та ҳолатда – жисмоний ёки юридик шахслар;
- 2 909 та ҳолатда – тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
- 2 397 та ҳолатда – давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган мурожаатлар асос бўлган.
Жами 1 681 та ҳимоя ордери маъмурий ёки жиноий жавобгарлик масаласини белгилаш билан биргаликда расмийлаштириб берилган. Шундан 1 638 та ҳолатда зўравонлик қилган шахслар тегишли қонун ҳужжатларига асосан маъмурий, 43 та ҳолатда эса жиноий жавобгарликка тортилган. Тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган 55 487 нафар шахсга нисбатан эса қонунда назарда тутилган тегишли чекловлар белгиланган.
LiveБарчаси