“Катта оға” инқирозда ёхуд бензин нега қимматлаяпти?

Таҳлил

Reklama
0:00

Бензин қимматлашиб боряпти. Бу фақатгина Ўзбекистоннинг ички бозорига боғлиқ эмас. Россия – Украина уруши ҳар томонлама ўз сўзини айтишни бошлади. Ютаётган ким-у, ютқазаётган ким?

Марказий Осиёни йиллар давомида “ёнилғи сиртмоғи”да ушлаб турган Кремль бугун ўз ички бозоридаги ёнғин билан овора. Украина дронларининг кетма-кет зарбалари Россиянинг нефть-газ империясини тешик халтага айлантириб қўйди. Москва бензин қидириб қўшниларга хат ёзаётган бир пайтда, Марказий Осиё Россиясиз яшашга ва муқобил йўллар топишга кўникмоқда. Хўш, Россия ўзи ёққан уруш алангаси уни қай даражада ночорлаштирди?

Отнинг ўлими – итнинг байрами. Вазиятдан фойдаланиб, сунъий тақчиллик орқали чўнтак қаппайтиришни режалаштирган кимсаларга қарши кураш бошланди. Ўзбекистон ички бозорида ёнилғи нархини асоссиз ошириш ва ресурсларни яшириб қўйишга чек қўйилади.

“Заправка”лардаги инқироз

Бензин қимматлашяпти. Бугун бу мавзу ҳар бир ўзбекистонлик ҳайдовчининг оғриқли нуқтасига айланган. Ҳатто Тошкентда АИ-95 маркали бензиннинг 1 литри 18 500 сўмгача чиқиб кетгани кўпчиликнинг ҳайратига ва эътирозига сабаб бўлмоқда. Бироқ масаланинг асл илдизига назар ташланса, бу муаммо фақатгина Ўзбекистон ички бозоридаги жараёнларга боғлиқ эмаслиги ойдинлашади.

Дунёдаги геосиёсий тоқатсизлик ва зиддиятлар халқаро энергетика бозорини шол ҳолатига келтирмоқда. Бир томондан, Исроил ва АҚШнинг Эрон билан зиддиятининг кескинлашуви ортидан стратегик аҳамиятга эга Ҳормуз бўғозида ҳаракатнинг чекланиши жаҳон бўйлаб нефть етказиб бериш занжирида жиддий узилишларни келтириб чиқарди. Иккинчи томондан эса, Россия – Украина урушининг энергетик акс-садоси тўғридан-тўғри Ўзбекистондаги АЁҚШларга ҳам етиб келди. Шу сабабли, Президент Шавкат Мирзиёев соҳадаги ушбу муаммоларга ечим топиш, нархларни сунъий ошириб оладиганларни жиловлаш ва ички бозорда барқарорликни таъминлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди. Бу мавзуга кейинроқ батафсил тўхталамиз. Ҳозир эса cабаблар аниқ бўлса-да, расман эълон қилинган маълумотлар орқали Россиянинг бугунги ҳолати қандай шаклланганини эслатиб ўтаман.

2026 йил бошидан бери Украина дронлари ва ракеталари Россиянинг нефтни қайта ишлаш заводлари, нефть базалари ва экспорт терминалларига 240 маротабадан ортиқ ҳужум уюштирган. Уларнинг энг юқори кўрсаткичи июлда қайд этилган бўлиб, бир ойнинг ўзида камида 30 маротаба йирик НҚЗлар нишонга олинган. Россиядаги энг йирик 11 та нефтни қайта ишлаш заводининг барчаси Украина узоқ масофали дронлари зарбасига учраган. Умуман олганда, Россиядаги йилига 1 миллион тоннадан ортиқ қувватга эга бўлган 33 та йирик заводдан камида 24 тасига шикаст етказилган. Россия ҳудудида дронлар ҳали етиб бормаган деярли бирорта йирик НҚЗ қолмаган. Халқаро молия ва иқтисодий таҳлил билан шуғулланувчи “Wall Street Journal” ходимларининг баҳолашича, доимий зарбалар натижасида Россиядаги умумий нефтни қайта ишлаш қувватларининг 20 фоизидан 40 фоизигача бўлган қисми вақтинча ишдан чиққан ёки ишлаб чиқариш ҳажмини кескин қисқартиришга мажбур бўлган. Бу эса мамлакат ичида бир қатор чекловлар жорий қилинишига сабаб бўлганди. Август ойида Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларини яна “зиёрат қилиши” ортидан мамлакат бўйлаб ёнилғи инқирозининг янги серияси бошланди. География ҳам кенгайган. Мамлакат жанубидан тортиб то узоқ Приморье ўлкасигача бўлган ҳудудлар аҳолиси заправкалардаги узун навбатлардан “дод” демоқда.

Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича камида 12 та ҳудуд – Краснодар ўлкаси, Воронеж, Калуга, Ростов, Рязань, Тамбов, Тула, Саратов, Смоленск, Пенза ва Ульяновск вилоятлари, қолаверса Приморье ўлкаси аҳолиси бензин излаб сарсон бўляпти.

Сочи ва Оренбургда эса одамлар мажбуран кўникиб қолган чекловлар қайта тикланди. Бир одамга муайян белгиланган миқдордан ортиқ ёнилғи берилмайди. Битта истеъмолчига 24 соат ичида 30 литр бензин ва 60 литр дизельдан кўп сотилмайди. Ҳатто Сочи маъмурияти логистика тизими издан чиққанини тан олиб, маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга шахсий транспортдан кўра, жамоат транспортида ёки пиёда юришни тавсия қилмоқда.

Оренбург вилояти губернатори Евгений Солнцев вазият “мураккаблигини” айтиб, 12 августдан бошлаб “кунора” тизимини жорий этди. Энди авторақамнинг охирги рақами жуфт бўлса, фақат жуфт кунлари, тоқ сон бўлса шунга мос саналарда ёнилғи қуя олади. Заправкалардаги “сабр-тоқат синови” мушталашувларга айланиб кетмаслиги учун эса полиция ходимлари ҳам сафарбар этилмоқда.

Красноярск ва Бошқирдистонда ҳам шохобчалар ёпилаётгани ҳамда тақчиллик ҳақида мурожаатлар кўпаймоқда. Бироқ мана шундай муаммолар ижтимоий тармоқлар ва аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлаётган бир пайтда ҳукумат вакиллари “қорни ёндиришди”. Қаловни эса кўзбўямачилик орқали топишган. Владимир Путин ташриф буюрган ҳудудларда бензин нархи тўсатдан арзонлаб қолди. Масалан, Красноярскда президент келишидан бир кун олдин нархлар литрига 24 рублгача тушган. Заправка эгалари буни “логистика тўсатдан яхшиланиб қолгани” ва заводлардан қўшимча ёнилғи келгани билан изоҳлади. Аммо президент кортежи узоқлашиши билан орадан бир кун ҳам ўтмай нархлар яна ўз “иссиқ ўрни” ва қиммат кўринишига қайтган.

Новосибирскда эса Путиннинг кортежи бўш қолган заправка ёнида тўхтаб, болалар билан мулоқот қилди. Кремль мухбири Павел Зарубин томонидан эълон қилинган суратларда, негадир заправкадаги нархлар ёзиладиган табло ўчириб қўйилганини кўриш мумкин.

Москва ва Петербургда аҳвол ҳозирча яхши, ўзгармас бўлиб турибди. Аммо пойтахтдаги “Роснефть” заправкаларида ҳам АИ-95 бензини йўқолиб қолаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Расмийлар эса ҳануз бу вазиятни изоҳлашда “инқироз” сўзини ишлатишдан тийилади. Ғарчи бутун дунё нима бўлаётганини кўриб турган бўлса-да. Бош вазир ўринбосари Александр Новак вазият бўйича йиғилиш ўтказиб, масъулларга ички бозорга ёнилғини “узлуксиз етказиб бериш” ва “мониторинг қилиш” бўйича навбатдаги “қуруқ” деб аташ мумкин бўлган топшириқларни бериш билан чекланди. Тўғри-да, топшириқ бериш бензин етказиб беришдан анча осонроқ.

Марказий Осиё Россия ёнилғисидан воз кечяпти

Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига уюштираётган “ташрифлари” Марказий Осиё энергетика бозорида кескин тебранишларни келтириб чиқармоқда. Шу пайтгача минтақани “ёнилғи сиртмоғи”да ушлаб турган Кремль энди ўз ички бозорини таъминлай олмайдиган даражага келиб қолган. Шу туфайли Россия минтақадаги асосий таъсир ричаглари ва тайёр бозоридан айрилиш арафасида.

Кремль ички бозордаги танқисликни вақтинча бўлса-да жиловлаш учун бензин ва авиаёнилғи экспортига “қулф” осган. Бу эса куз-қиш мавсуми остонасида турган Марказий Осиё давлатларини “Россияга ишониб, совуқда қолиб кетмаслик” учун тезда муқобил йўллар излашга мажбур қилди.

Масалан, шу пайтгача ёнилғининг қарийб 90 фоизини Россиядан олиб келган Қирғизистон ва Тожикистон Россияга “ишончли ҳамкор” сифатида суяниб бўлмаслигига амин бўлди. Июль ойи охирида Москва Бишкекнинг йил охиригача бўлган эҳтиёжининг атиги ярмини қондиришга, ойига тахминан 100 минг тонна бензин ва дизель беришга аранг рози бўлди.

Етишмаётган қисмини қоплаш учун Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қасималиев мамлакат деярли дунё харитасидаги барча йўналишлар бўйича музокара бошлашга мажбур бўлганини айтди.

“Ёнилғининг 90 фоиздан ортиғини импорт қиламиз. Геосиёсий вазият сабаб нархлар кескин ошмоқда, Россиядан ёнилғи олиш имкониятлари эса аввалгидек эмас. Шу сабабли Белоруссия, Хитой, Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркия ва Европа давлатлари билан музокаралар олиб боряпмиз. Белоруссиядан етказиб бериш бошланди, Хитойдан дастлабки 5 та машинада ёнилғи келди. Озарбайжон ва Ўзбекистон билан ҳам келишувлар бор – қўшниларимиз ойига 20 минг тоннадан бера олади”, дейди Қасималиев.

Аммо Ўзбекистон томонидан расман бу келишув ва рақамлар тасдиқланмаган.

Қирғизистонлик амалдорнинг қўшимча қилишича, Туркия ва Европадан ҳам ёнилғи олиш мумкин, аммо транзит логистикаси “чўнтакка оғирлик қилмоқда”. Қирғизистон ҳукумати нархлар сакраб кетмаслиги учун бюджетдан АИ-92 бензинни ва дизелни субсидиялаяпти, аммо нарх барибир аста-секин кўтарилиши турган гап.

Бундан ташқари, Қозоғистон ҳам Қирғизистонга ойига 20 минг тонна мазут экспорт қилишга рухсат берди. Бу мазут Бишкек Иссиқлик энергия станциясида ёқилади ёки маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводларига юборилади. Ваҳоланки, Қозоғистоннинг ўзида ҳам 2026 йил ноябригача бензин экспортига тақиқ амал қилмоқда ва бу чеклов яна ярим йилга узайтирилиши кутилмоқда.

“Россиянинг қўлига қараб ўтириш” Бишкекнинг ҳам жонига теккан. Шу сабабли йилига 450 минг тонна ёнилғи ишлаб чиқарадиган ўз заводининг қурилишини жадаллаштирди. Лойиҳа 2026 йилнинг охиридаёқ ишга тушиши кутилмоқда.

Тожикистон ва Ўзбекистонда янги ҳамкорлар

“Reuters” маълумотларига кўра, Тожикистон июль ойида Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан импортни 3 бараварга ошириб 34 минг тоннага етказди. Россиядан олинадиган бензинни эса 14 минг тоннагача, деярли икки бараварга қисқартирди.

Ўзбекистон эса Россия энергетикасига нисбатан камроқ боғланган бўлса-да, ўз эҳтиёжининг 60 фоизини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қоплайди. Қолган қисми учун Тошкент ҳам Россиядан ташқари Грузия, Ироқ каби давлатлар билан келишувларни кенгайтирмоқда.

Тошкент учун яна бир муҳим масала – авиация ёнилғиси. Россияликлар санкциялар сабабли хорижга Тошкент орқали учишаётгани ва транзит парвозлар кескин ортгани сабабли авиаёнилғига талаб анча ошган. Шу сабабли Ўзбекистон АҚШнинг “Schlumberger” компанияси билан геология-қидирув ишларини кучайтирмоқда.

Аммо ҳеч кимга сир эмаски, отнинг ўлими, итнинг байрами қабилида иш тутадиган, ҳар қандай эҳтиёждан пул ишлаб қолиш дардида яшайдиганлар барибир топилади. Шу боис, Ўзбекистонда нефть-газ ресурсларини асоссиз ушлаб туриш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни оширишга қаратилган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатилади. Буни шахсан президент айтди. Жорий йилнинг 11 августида Президент Шавкат Мирзиёев нефть-газ бозорида барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига углеводород ресурсларини узлуксиз етказиб бериш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишиши чоғида мутасаддиларга топшириқ берди.

“Қудуқларни бурғилашдан тортиб, уларни газ узатиш тармоғига улашгача бўлган жараёнларни кунлик назоратга олиш, электр таъминоти ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳим. Ички бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш, углеводород ресурслари таъминотида узилишларга ҳамда нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз таъминлаш вазифаси қўйилади. Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини йил якунига қадар режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш керак”, деган президент.

Қолаверса йиғилишда мутасаддиларга ички бозор эҳтиёжини кунлик таҳлил қилиб бориш, таъминот билан боғлиқ хавфларни олдиндан аниқлаш ва зарур чораларни ўз вақтида кўриш бўйича кўрсатмалар берилган.

Кремль Қозоғистонга “ёлвормоқда”

Сиёсат пардаси ортидаги энг қизиқ томоша – Россиянинг Қозоғистонга қилаётган таклифи бўляпти. “Reuters” хабарига кўра, Москва ўз нефтини Қозоғистон заводларида қайта ишлаб беришни сўраб музокара олиб бормоқда. Мақсад оддий: нефтни Украина дронлари етиб бора олмайдиган хавфсиз ҳудудда қайта ишлаб, тайёр бензинни яна Россиянинг ўзига ва ички бозорга қайтариш. Бироқ бу келишув Кремль даромадларининг сезиларли даражада камайишини ва Россиянинг энергетик “гигант” мақоми қай даражада заифлашганини кўрсатиб қўймоқда.

Хўш, Астана Россияга “нефть тозалаб берувчи” бўла оладими? Келинг, рақамларга қараймиз. Қозоғистонда 3 та йирик нефтни қайта ишлаш заводи бор: Павлодар, Атырау ва Чимкент НҚЗлари. Сўнгги йилларда амалга оширилган модернизациядан сўнг, уларнинг умумий қуввати йилига тахминан 17-18 миллион тонна нефтни қайта ишлашга етади. Аммо бу ерда кичик бир “лекин” бор: Қозоғистоннинг ўз заводлари аллақачон максимал 90–95% қувватда ишламоқда. Қолаверса, мамлакатнинг ўзида ҳам қишлоқ хўжалиги мавсуми ва ички талаб сабаб тез-тез бензин ва дизель тақчиллиги юзага келиб туради. Шу сабабли Қозоғистон 2026 йил ноябригача бензин экспортига тўлиқ тақиқ қўйган.

Демак, Қозоғистон Россиянинг миллионлаб тонна нефтини шунчаки “ютиб юбора олмайди”. Агар Астана Россия нефтини қайта ишламоқчи бўлса, бу фақат бир неча махсус шартлар эвазига юз бериши мумкин:

Биринчидан, заводлардаги кичик бўш ўринларни ишга солиш ва профилактика таъмирларини кечиктириш орқали техник қувватлар кенгайтирилади.

Иккинчидан, своп (алмаштириш) операциялари орқали Россия нефтини ўз эҳтиёжи учун олиб, ўзининг нефтини экспортга йўналтириши мумкин.

Учинчидан, мавжуд заводлар вақтинча Россия хомашёсига мослаштирилиши лозим бўлади, лекин бу Қозоғистоннинг ўз ички бозорига хавф солади.

Россиянинг бу ожизлигидан Астана жуда катта сиёсий ва иқтисодий дивидендлар ундириб олиши ҳам мумкин. Масалан, Қозоғистон Россиядан нефтни ўта арзон, яъни катта чегирма билан олиши ва қайта ишлаш хизмати учун катта нарх белгилаши имконига эга бўлади. Қолаверса, Қосим-Жўмарт Тоқаев Москвадан доимий равишда босим ўтказиб келинадиган Каспий Қувур Консорциуми (КПК) нефть қувури хавфсизлигини кафолатлашни, транзит тарифларини пасайтиришни ва минтақавий масалаларда ён беришни талаб қила олади. Бошқа томондан, Қозоғистон НҚЗлари ва давлат ғазнаси қайта ишлаш хизматидан миллионлаб доллар соф даромад олади.

Аксинча, агар Астана бу таклифни рад этса ёки техник имконсизликни баҳона қилиб пайсалга солса, вазият бошқача тус олади. Бир томондан, Қозоғистон Россия нефтини қайта ишлашдан бош тортиш орқали Ғарбнинг иккинчи даражали санкцияларига тушиш хавфидан қутулади ва Европа ҳамда АҚШ билан муносабатларини сақлаб қолади. Иккинчи томондан, Москва биринчи навбатда Қозоғистон нефтининг 80 фоиз қисми Европага оқиб ўтадиган Каспий Қувур Консорциуми ишини “техник носозлик” баҳонаси билан яна тўхтатиб қўйиб, ғазаб ва шантажга ўтиши мумкин. Аммо Қозоғистон ёрдам бермаса, Россия ички бозорида бензин нархи ва тақчиллиги рекорд даражага етиши шубҳасиздир.

Кремлнинг Астанага қилаётган бу “ёлвориши” шунчаки тижорат таклифи эмас, балки Россия энергетика тизими украин дронлари зарбаси остида қанчалик ожиз ва мўрт бўлиб қолганининг жонли исботидир. Уруш қанча узоқ давом этса, Марказий Осиё – хусусан Қозоғистон ва Ўзбекистон Россиясиз ва унинг энергетик босимисиз яшашга шунчалик кўп кўникади. Натижада Кремль нафақат уруш харажатлари ва вайрон бўлган НҚЗларини тиклаш, балки минтақада ўн йиллар давомида қурган геосиёсий таъсир ва миллиардлаб долларлик бозорларини бой бергани учун ҳам аччиқ тўлов қилишга мажбур бўлади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг