Мулк дахлсизлиги ва қонун устуворлиги тадбиркорни хотиржам қилади – Саидвали Насретдинов
Бизнес
−
17:37 783 5 дақиқа
Ўзбекистонда давлат даражасида ўтказиладиган энг муҳим тадбирлар қаторида, шубҳасиз, Президент ва бизнес вакилларининг анъанавий очиқ мулоқоти бор. Аввал ўтказилган 5 та мулоқотдан келиб чиқиб, бу йилги август ойида бўлиб ўтадиган олтинчи учрашувни ҳам соҳанинг навбатдаги бурилиш нуқтаси бўлади, деб тахмин қилиш мумкин.
Бизнес вакилларини бир даврага йиғиб, уларнинг дардини бевосита эшитиш энг самарали тизим сифатида эътироф этилади. Хўш, реал натижани бу жараённинг ичида юрган тадбиркорларнинг ўзи қандай баҳолайди?
Ушбу саволга жавоб олиш учун QALAMPIR.UZ навбатдаги суҳбатга агросоҳада 12 йиллик тажрибага эга, бугунги кунда "UNIAGRI GROUP" компаниялар гуруҳи таркибида интенсив боғдорчилик, сабзавотчилик ва маҳсулотларни Европа ҳамда Яқин Шарқ давлатларига экспорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркор – Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раиси Саидвали Насриддиновни таклиф этди. Президент мулоқотларининг доимий иштирокчиси бўлган меҳмонимиз билан соҳадаги ҳақиқий манзара, қарорлар ижросидаги бюрократик тўсиқлар ва мева-сабзавотчиликдаги глобал хавф-хатарлар ҳақида очиқча суҳбатлашдик.
Тадбиркорликка кенг йўл: Охирги 10 йилликнинг энг муҳим ўзгаришлари
Охирги ўн йилликда биз – тадбиркорлар учун энг асосий эркинликлар ва енгилликлардан бири, шубҳасиз, валюта конвертацияси масаласининг ҳал этилиши бўлди. Бундан ташқари, пластик карточкалар орқали муомала қилиш имконияти кенгайгани ва маблағларни эркин айлантириш йўлга қўйилгани бизнесга катта нафас берди.
Яна бир муҳим жиҳат – тадбиркорлар муаммоларини бевосита Президент даражасигача кўтариш имконияти пайдо бўлгани ва уларнинг шахсан қўллаб-қувватланишидир. Бугун ўзимиз учраётган муаммоларимизни Бизнес Омбудсман, Солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси каби ташкилотлар орқали давлатимиз раҳбарига етказиш, у кишидан ёрдам, маслаҳат, имтиёзлар олиш, фикрларимизни бўлишиш имкони бор.
Корхоналарни субсидиялар орқали рағбатлантириш тизими сезиларли даражада кенгайди. Мисол учун, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, янги кўчатзорлар барпо этиш учун ажратилаётган субсидиялар ҳамда мева-сабзавот реализациясида 0 фоизлик ҚҚС ставкасининг белгиланиши амалий ёрдам бўлди.
Эсланг, Президентимиз тадбиркорларга кенг йўл очар экан, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб, "2 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман", деб бизга далда, ишонч, масъулият бердилар. Ана шу гаплар бошқа ташкилотлар учун намуна бўлди. Ўша кунгача бундай гапларни давлат раҳбаридан эшитишни биз фақат туш деб ўйлардик. Бу борада давлат раҳбари ташаббуси билан жойлардаги ижро ҳокимияти органларига тадбиркорга халақит бериш эмас, балки ёрдамчи бўлиш мажбурияти юклатилаётганини ҳам ижобий қадам сифатида баҳолаш мумкин.
Бир ёқадан бош чиқарилиши керак
Ҳар йили Президент ва тадбиркорлар учрашуви натижасида ҳар хил соҳа учун турли яхши янгиликлар бўлади. 6 йилдирки, тадбиркорларнинг ўз байрами бор, 6 йилдирки, бизнинг масасаларимизга қулоқ тутиладиган ва биргаликда ечим ахтариладиган кун бор, 6 йилдирки, бизнес эгалари ва уларнинг қўл остида меҳнат қилаётган минглаб одамлар ўз меҳнатлари мевасини биргаликда баҳам кўрадиган кунларни кўряпмиз. Мана шундай учрашувларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида берган бир неча таклифларим Президентимиз томонидан қабул қилинган ҳужжатларга киритилгани бир тарафдан ғурур бағишласа, иккинчи тарафдан бизнинг таклифларимиз ҳам инобатга олинаётгани ва реал ҳаётда ўз ифодасини топаётгани хурсанд қилади.
Албатта, Президент қўяётган талабларга, марраларга етиш учун ҳам тадбиркор, ҳам ижро органи биргаликда, бир тушунча асосида меҳнат қилиши, ишончни оқлаши, вазифаларни уддалаши керак. Бунинг учун энг биринчи навбатда қуйи тизимдаги ишларни жадаллаштириш, давлат раҳбари айтганидек, кичик ва ўрта бизнеснинг йўлини очиш, уларга қанот бериш керак.
Замонавий фикрлашдан қўрқмаслик керак
Табиркорлик – осон иш эмас. Лекин, иложи йўқ ёки қилиб бўлмайдиган иш ҳам эмас. Ҳаракат ва шижоат керак.
Бугунги кунда тадбиркорларга шу жумладан қишлоқ ҳўжалиги соҳасида замонавий дунёқараш, илм, тезлик етишмайди, деб ҳисоблайман. Ҳали ҳам “менинг ота-бобом шундай килган” қабилидаги фикр юритувчилар кўпчиликни ташкил этиши ачинарли ҳолат. Эски усуллардан воз кечиш, ташаббускорлик ва шижоат билан ҳаракат қилиш, корхонани бошқариш амалиёти, янги тажрибаларни амалиётда қўллашдан қўрқмаслик етишмайди.
Мулк дахлсизлиги ва қонун устуворлиги тадбиркорни хотиржам қилади
Президентимиз ўз чиқишларида доимий равишда мулк дахлсизлиги шунчаки қуруқ гап ёки декларация эмас, балки амалда бўлиши кераклиги, қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги таъминлаш, ҳеч бир мансабдор ёки шахс қонундан устун бўлмаслигини айтадилар. Бу тадбиркорларнинг ичидаги гап. Афсуски, баъзи ҳолларда ҳудудларда тадбиркорларнинг фаолияти ва мулкига дахл қиладиганлар учраб туриши ҳали олдимизда қилишимиз керак бўлган кўп ишлар, ечишимиз керак бўлган айрим масалалар борлигини кўрсатади. Қонуний кафолатлар кучайтирилиши, инвестор ва тадбиркорларни янада хотиржам қилади. Ўйлайманки, 10 йилда бугунги ўзгариш ва ривожланиш босқичида турган Ўзбекистон учун бундай кичик масалаларни ечиш мушкул эмас.
Соҳадаги глобал хавф-хатарлар
Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги энг биринчи даражали глобал масалага айланиб бўлди ва бу тренд яқин келажакда янада кучаяди.
Бизнинг энг катта мақсадимиз ва имкониятимиз – Ўзбекистонни мева-сабзавотчиликда дунё бозорида ўз мустаҳкам ўрни ва брендига эга давлатга айлантириш. Бунинг учун экспортбоп меваларни, ташишга ва сақлашга чидамли маҳсулот берадиган янги навли кўчатларни олиб келиб экиш ва бозорларни шу орқали эгаллаш зарур. Масалан, Грузия ёки Франция деганда кўз олдимизга узум ва виночилик, Чили деганда гилос, Голландия деганда эса сифатли сут ва пишлоқ маҳсулотлари келади. Ўзбекистон ҳам мева-сабзавотчиликда – гилос, ўрик, шафтоли, узум, анор, помидор, бодринг, гулкарам, броколли ва турли сабзавотлар бўйича жаҳон пешқадамларидан бирига айланиши ва ўз миллий брендини яратиши шарт.
Албатта, бу йўлда қатор хавф-хатарлар ва чақириқлар ҳам йўқ эмас. Энг аввало, иқлим ўзгариши жиддий муаммо бўлмоқда: эрта баҳорги совуқ уришлари ёки ёздаги аномал иссиқ дарахтларни кучли стрессга соляпти. Бундан ташқари, геосиёсий беқарорлик туфайли логистика занжирлари узилиб, юк ташиш нархлари кескин кўтарилиб кетяпти. Ташқи бозорларнинг беқарорлиги, яъни экспорт йўлларининг вақти-вақти билан ёпилиши, нархларнинг тез-тез ўйнаб туриши ва дунё бозорида рақобатнинг кучайиб бориши ҳам тадбиркордан жуда эҳтиёткор ва эгилувчан бўлишни талаб қилади.
Шу сабабли, бу хавф-хатарларни олдиндан ҳисобга олиб, эскича усуллардан воз кечиш, фақат ва фақат илм ва замонавий технологияларга таянган ҳолда иш тутиш бугунги даврнинг энг катта талабидир.
Live
Барчаси