Одамлар яшаб турган уй аукционга қўйиб юборилди. Тадбиркор сотилган уйга банкдан қарз олган

Таҳлил

Ўзбек йиллаб ишлайди, йиғиб-териб топганига ё уй олади, ё тўй қилади. Ҳашаматли уйда ким ҳам яшашни истамайди дейсиз? Уйга тўлов қилиш учун келганингизда қурувчи компания ҳамма шароитларни қилиб бериши, лифт лип этиб тепа қаватга олиб чиқиши-ю машинангиз махсус тураргоҳдан жой олишини ваъда қилади. Нархи осмонда бўлса ҳам болаларим шинам уйда яшасин, орзу-ҳавасимга етай деб ҳали қурилмаган уйни “плани”ни кўрибоқ, пул тўлайсиз.

Кўчиб келганингизда, болалар майдончаси қурилмагани, лифтнинг ишламаслиги ва яна бошқа муаммоларга ҳам кўз ҳам юмарсиз, фалон пул тўлаб сотиб олган уйингизни мулк ҳуқуқи сизда эмаслигига нима дейсиз? Қандай қилиб дейсизми? Уй қуриб битказилган, одамлар таъмирлаб, яшашни бошлади, лекин кадастр ҳужжати йўқ. "Дом" қурганлар эса бир неча йилдан буён кадастр ҳужжатини қилиб берамиз, деб ишни ортга суришмоқда.

"Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади" деган гап бор. Гап шундаки, сиз кўриб турган уйни қурган “Real Development” МЧЖ "Orient Finans bank"дан катта миқдорга кредит олади. Банкга гаров эвазига “Real Tex Tashkent” МЧЖга тегишли Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Бешқайрағоч кўчаси 2-уйнинг 3,4,5,6,7 қаватлари, одамларга сотилган квартиралар гаровга қўйилади. МЧЖ пул тўлолмагач, иш судга чиқади, суд эса ундирув ҳужжатини МИБга йўналтиради. Қарабсизки, одамлар яшаб турган уй Давлат активига айланиб, аукционга чиқарилади.

Аукционда кўп қаватли уй 14 млрдга баҳоланган. Лекин, биринчи ва иккинчи қаватлари сотувга қўйилмаган. Уйнинг пастки қаватлари аллақачон тадбиркорларга берилган ва улар фаолиятларини бошлашга ҳам улгуришган. QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган тадбиркорлар улар ижарага олган дўконларнинг барча ҳужжатлари, жумладан кадастри ҳам борлигини айтишди.

Мажбурий ижро бюроси берган маълумотларга қараганда, Тошкент туманлараро судининг 13.05.2022 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор “Real Development” МЧЖдан ундирувчи  "Orient Finans bank" ХАТБ фойдасига жами 566,838,54 евро кредит қарздорлиги ва 21,600 сўм почта харажатлари ундириш, ундирув гаровдаги “Real Tex Tashkent” МЧЖга тегишли Шайхонтоҳур тумани, Бешқайрағоч кўчаси 2-уй манзилда жойлашган кўчмас мулк объектларига қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувида мавжуд бўлиб, тегишли ижро ҳаракатлари олиб борган.

“Мазкур ижро ҳужжати юзасидан гаровга қўйилган кўчмас мулк, яъни “Real Tex Tashkent” МЧЖга тегишли кўчмас мулк объектлари 2022 йил 22 июнь куни “Гаровда бўлган кўчмас мукни хатлаш ва кўздан кечириш тўғрисида"ги далолатномага асосан тегишли тартибда хатланган ва шу куни “Мол-мулкни электрон онлайн-аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисида” қарор қабул қилиниб, тарафларга 2022 йилнинг 23 июнь куни тақдим этилган.

Ижро ҳужжатини ижросини таъминлаш мақсадида гаровда бўлган кўчмас мулкни бошланғич баҳоси 18.01.2021 йилдаги ўзаро келишув далолатномасига асосан 14.000.000.000 сўмга белгиланиб, кимошди савдоларида сотиш учун “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУКга буюртма берилган ва ким ошди савдолари 2457796-сонли Лот рақами билан 19.08.2022 йил кунига белгиланганлиги маълум қилинади”, дейди МИБ Матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов.

Кўп қаватли уйнинг ҳовли қисмига ўтиб эндигина ишга киришдик, деганимизда қаердандир ўзини қурилиш бўйича масъул шахс сифатида таништирган Акбар Илёсов пайдо бўлди.

“Кўп қаватли уйнинг қурилиши битган. Кадастр ҳужжатлари ҳам тайёр бўлган. Уй харид қилганларнинг айримлари кадастр ҳужжатларини ҳам олишган. Банк ва гаровга қўйилиши ва Аукционда сотилиш масаласидан мен расмий изоҳ беролмайман. Аукционга қўйилгани бўйича фуқаролар ва раҳбар йиғилиб гаплашишган. Қарздорлик корхона томонидан тўлаб тугатиладиган бўлди. Фуқаролар билан гаплашиб, 4 кун муҳлат олишганди. Пуллари ҳам банкга ўтказилган бўлса керак”, дейди Акбар Илёсов.

Уй атрофи ва йўлакларини кўздан кечирар эканмиз, ҳали қурилиш жараёнлари охирига етмаганига гувоҳ бўлдик. Кўчиб келган одамларнинг кўпи квартираларни таъмирлаш билан банд. Фуқаролардан бирининг маълум қилишича, шартнома имзоланаётганда берилган айрим ваъдалар ҳамон бажарилмаган. Лифт ишламайди, болалар майдончаси йўқ, лойиҳада кўрсатилганидек, яшил майдондан ҳам асар йўқ. Уни ҳам қўйинг, ҳозиргача одамлар газ ёқиб эмас, печкада овқат қилишяпти. Сабаби ҳали газ берилмаган.

Биз бир неча саволларга жавоб олиш мақсадида “Real House" МЧЖ раҳбари билан боғланишга ҳаракат қилдик, аммо қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Шу сабаб ҳам қурилиш бўйича маъсул шахс Акбар Илёсовдан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

“Компания ташқи фасади ва йўлакларни таъмирлаб берган. Йўлакда турган қурилиш моллари ёки чиқиндиларни кўрган бўлсангиз керак, бу ҳам уйни "коробка" ҳолатида топширганимиз ва фуқаролар хонадонларини таъмирлаётгани сабабли. Болалар майдончаси ҳам қурилади. Уй 2 та  кириш йўлагидан иборат. 56 та хонадон бор. Ҳамма келиб уйида таъмирлашни бошлаган. Кимдир ҳовли ўртасига қум, ғишт тўкади. Таъмирлаш ишлари битгач, албатта, болалар майдончаси ҳам қуриб берилади. Фуқароларни ўзлари ҳам ҳамма иш битганидан кейин майдончани қуриб беришимизни сўрашди”, дейди Акбар Илёсов

Ҳолат юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида “Real House" МЧЖ офисига бордик. Афсуски, қўриқчи бошлиқ йўқлиги, бошқа ходимлар ҳам ишда эмаслигини айтди. Ўзини таништиришни истамаган “Real House" МЧ раҳбари орадан бир кун ўтиб, бугун, 4 август куни қўнғироқ қилди ва ҳамма ишлар ҳал бўлганини урғулади.

“Биз қарз масаласини ҳал қилдик. Масалани ечиб қўйдик. Ҳозир аукциондан ечишади, ҳеч қандай масала йўқ. Эрта-индиндан уйларни расмийлаштиришни бошлаймиз. Кадастр ҳужжатлари вақтида ҳал қилинмаганининг сабаби – қурилиш ишлари кўп, шунинг учун улгурмаганмиз. Банкга ҳамма қарзларни тўладик, масала ҳал бўлди. 

Уй гаровга қўйилган вақтида хонадонларни кўпи сотилмаган, сотилганлари ҳам бўлиб тўлаш шарти билан сотилган эди. Икки-учта уй сотилган вақтида ҳамма уйлар фирма балансида турган пайтда биз бинони гаровга қўйганмиз. Кейин одамлар сотиб олишни бошлади. Биз одамлар бўлиб (муддатли – таҳр.) тўлаш асосида олган уйларини тўловларини тўлаб бўлгунларигача масалани ёпамиз, деб кредит олгандик. Ҳозир аукциондан уйлар ечилди. Ҳеч қандай масала йўқ. Энди уйларни расмийлаштириб бериш ишларини бошлаб оламиз”, дейди ўзини таништиришни истамаган “Real House" МЧЖ раҳбари.

Орадан икки соат вақт ўтиб, “Real Tex Tashkent” МЧЖ юристи Ҳусан Бахтиёров қўнғироқ қилиб, ҳолатга изоҳ берди.

“МИБни расмий сайтидан кўрсангиз бўлади, қарз тўланди ва уй аукциондан ечилди. Кадастр ҳужжатлари масаласи ҳам тез орада ҳал бўлади. Уй “запрет”да бўлгани учун кадастр ҳужжатини расмийлаштириш имкони бўлмаган. Ҳозир қарз ёпилди ва энди ҳужжатлаштириш ишларини қилиш мумкин. Биринчи ва иккинчи қаватларни ижарага беришда юридик шахслар билан шартнома тузилгани учун, ягона дарча орқали ҳужжат расмийлаштирилган.

Лойиҳа бўйича чала ишлар эса таъмирлаш ишлари якунига етганидан сўнг амалга оширилади”, дейди “Real Tex Tashkent” МЧЖ юристи Ҳусан Бахтиёров.

Масала МЧЖ директори ва юристи айтганидек ҳал бўлган-бўлмаганини билиш мақсадида МИБ Матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов билан боғландик. Унинг айтишича, компания қарзларни тўлаган. "E-AUKSION"га ҳам бу ҳақда хабар берилган ва аукцион сотувни бекор қилган.

Компанияда кредитни тўлаш ва аукциондаги сотувни бекор қилиш имкони бор экан, нега буни ортга суриб, одамлар яшаётган уй аукционгача боришига йўл қўйди. Бу муаммо бир кунда пайдо бўлмаган. Лекин ҳал этиш учун QALAMPIR.UZ суриштирув бошлашининг ўзи кифоя қилди.

Бугун кўп қаватли уй қурувчилар жуда кўп. Уларга ишониб йўқ уйга пул тўлаётганлар ҳам талайгина. Шундай экан, уй сотиб олишда эҳтиёт бўлинг, чув тушиб қолманг.

“Real House" МЧЖ эса тез орада фуқароларга мулк ҳуқуқини берувчи кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беради ва уларнинг ҳуқуқлари поймол қилинмайди, деган умиддамиз 


Мақола муаллифи

Теглар

мурожаат МИБ кадастр Real House мулк ҳуқуқи

Баҳолаганлар

196

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг