Россиянинг Украинадаги уруши ўзбек бизнесига қандай таъсир қиляпти?

Жамият

image

Бутун дунёда бизнес олами Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатларини ҳис қилмоқда. Аммо Россия билан кучли савдо ва сармоявий алоқаларга эга бўлган Марказий Осиёда бизнеслар айнан қандай аҳволда? Нисбатан жиддий қийинчиликларга дуч келаётган корхоналар борми ва қайси мамлакатларда?

Жаҳон банки таҳлилчиларининг фикрича, ҳукуматлар уруш натижасида юзага келган иқтисодий зарбаларга нисбатан сиёсий жавобни шакллантириш учун ушбу саволларга жавобларни билиши жуда муҳимдир. Шу мақсадда Жаҳон банки Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда “Бизнес пульси” (“Business Pulse Survey”) тадқиқот ўтказган. Таъкидланишича, ЖБ тадқиқоти жуда муҳим янги маълумотларни тақдим этади, бу урушнинг бизнес операцияларига, жумладан, ҳар бир мамлакат контекстида эҳтимолий таъсирини баҳолаш имконини беради.

Кўтарилган харажатлар ва нархлар

Сўровда қатнашган Марказий Осиёнинг учта давлатидаги корхоналарнинг 65 фоизи 2022 йил февралидан бери ишлаб чиқариш таннархининг ошишига дуч келаётганини маълум қилган. Аксарият ҳолларда бундай харажатларнинг ўсиши Қирғизистон Республикаси корхоналари учун характерли, чунки улар Россиядан кўпроқ маҳсулот ва материаллар сотиб оладилар. (1-расм, Б диаграмма)

Бундан ташқари, ўз маҳсулотларини Россия ёки Украина орқали экспорт қиладиган ёки трансмиллий корпорацияларга сотадиган корхоналар сотувлар ўртача 5 фоизга камайганини айтган (катта ўзгаришлар билан – сотишнинг тахминан 3 фоиздан 13 фоизгача қисқариши), аксинча Россия ёки Украинага маҳсулот сотмайдиган корхоналарнинг савдоси эса ўртача 5 фоизга ошган.

Кредитлашдаги вазият

ЖБ таҳлилчиларига кўра, 2022 йил февралидан Қирғизистон Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистон корхоналари молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда, бунинг сабаби рентабелликнинг пасайиши ва янги кредит маблағларидан фойдаланиш қийинлиги бўлиши мумкин. 

“Сўровда қатнашган корхоналарнинг қарийб тўртдан бир қисми бундай қийинчиликларни бошдан кечирмоқда, шунинг учун улар ўз кредитларини тўғрилаш ва қарз юкини камайтиришга муҳтож”, дейилади ташкилот ҳисоботида.

Ажабланарли эмаски, кредитларни қайта кўриш ва тузатиш зарурати савдо-сотиғи билан энг чуқур интеграциялашган Қирғизистон корхоналари томонидан сезилмоқда (2-расм, А диаграмма).

Тадқиқот натижасига кўра, барча корхоналар молиявий ҳолатидан (беқарорлик даражасидан) қатъи назар, кредит олишда тобора ортиб бораётган қийинчиликларга дуч келмоқда. Кредит олишда асосий қийинчиликлар рўйхатида биринчи ўринда юқори фоиз ставкалари бор. Иккинчи ўринда гаров таъминоти ва кафолатлар бўлиб, бу корхоналарга ўсиб бораётган кредит хавфини енгиш ва кредит ставкаларини пасайтиришга ёрдам беради. Учинчи ўринда эса банкларнинг кредит беришни истамаслиги, эҳтимол, кредитлаш қоидаларининг қатъийлаштирилиши ва глобал ноаниқликнинг кучайиши шароитида таваккалчиликдан қочишдир.

“Умуман олганда, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистон корхоналари ишлаб чиқариш таннархининг кўтарилиши ва кредит олиш имкониятларининг торайиб бораётгани учун босим ҳис қиляпти. Натижада, ушбу корхоналарнинг унумдорлиги ва рақобатбардошлиги ёмонлашиши мумкин, бу эса бизнеснинг ёпилишига, иш ўринларининг йўқолишига ва иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келади”, дейилади ЖБ тадқиқотида.

Қайд этилишича, ушбу муаммоларга жавобан, мазкур уч давлатнинг сиёсатини белгиловчи идоралар тадбиркорларга шаффоф ёрдам имкониятларини кўриб чиқишлари керак. Бунда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

уларга Россияга қарши санкциялар таъсирида бўлган савдо оқимларини қайта йўналтириш ва диверсификация қилиш, шу жумладан муқобил харидлар ва экспорт бозорларини аниқлаш учун элчихоналарни жалб қилиш имконини бериш;

•    транспорт ва логистика, шунингдек, савдо тўловлари билан боғлиқ муаммоларни, шу жумладан Россияга нисбатан қўлланилган санкциялар туфайли вакиллик банклари ишидаги узилишлар билан боғлиқ қийинчиликларни ҳал қилиш имконини беради;

•    молиявий ва номолиявий ёрдамни унга ҳақиқатан муҳтож бўлган корхоналар олиши ва бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишининг олдини олиш учун қўллаб-қувватлашнинг мақсадли йўналишини такомиллаштириш;

•    банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўловга лаёқатсиз қарздорларга нисбатан ижро чораларини қўллашдан воз кечиш ва уларни кредиторлардан ҳимоя қилиш, “зомби” корхоналарга (иқтисодий унумдорлиги паст бўлган корхоналар) фаолиятини давом эттириш учун яна бир имкониятга эга бўлишига йўл қўймаслик учун чекланган вақт ва шаффоф тартиб-қоидаларни таъминлаш ва шу билан бирга бозорга янги корхоналарнинг кириб келишини енгиллаштириш.

“Жаҳон банки Марказий Осиё мамлакатларига бундай ташқи зарбага жавоб беришда ёрдам бермоқда. Ушбу қўллаб-қувватлашнинг бир қисми Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги микро, кичик ва ўрта бизнес, шу жумладан қишлоқ хўжалиги учун молиядан фойдаланишни осонлаштирувчи кредитларни кафолатлаш механизмлари орқали амалга оширилади”, дейилади ташкилот тадқиқотида.

Бундан ташқари, Жаҳон банкининг Тожикистон ва Қозоғистондаги лойиҳалари ҳамда Қирғизистондаги техник ёрдам лойиҳаси корхоналарнинг глобал қиймат занжирларига интеграциялашувига, экспорт имкониятларини ва зарбаларга чидамлилигини оширишга ёрдам берадиган етказиб берувчиларни ривожлантириш дастурларини ўз ичига олади.

Қайд этилишича, айни вақтда ЖБ Қозоғистон бўйича ҳам шундай тадқиқот олиб боряпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг