Олинг, жаноб! Ўзбекистондаги энг кўп пора миқдори маълум бўлди
Жамият
−
20 Июнь 2022
43482Ўзбекистонда энг кўп пора миқдори 2 миллион долларни, энг ками 50 долларни, ўртача пора миқдори эса 8 065 доллар ёки 3,92 млн сўмни ташкил қилади. Бу ҳақда бугун, 20 июнь куни бўлиб ўтган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Дурдона Очилова маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2019 йилда 177 та, 2020 йилда 161 та, 2021 йилда 91 та пора олиш жинояти содир этилган бўлиб, бу турдаги жиноятлар сўнгги уч йилда деярли 50 фоизга камайган. 2022 йилнинг ўтган 5 ойи давомида 17 та пора олиш жинояти содир этилган бўлиб, бу 2021 йилнинг 5 ойига нисбатан (2021 йилнинг 5 ойида 57 та пора олиш жинояти содир этилган) 40 тага кам.
2020 йилда 118 та оғир, 13 та ўта оғир даражадаги пора олиш жиноятлари, 2021 йилда эса 62 та оғир, 6 та ўта оғир даражадаги пора олиш жиноятлари содир этилган.
2021 йилда содир этилган пора олиш билан боғлиқ жиноятлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ўтган йилда Республика бўйича 91 та пора олиш жиноятлари содир этилган бўлиб, 91 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Пора олиш жиноятларининг 10 таси вилоят, 81 таси туман-шаҳар миқёсидаги давлат ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан содир этилган. Туман-шаҳар миқёсидаги мансабдор шахслар томонидан содир этилган пора олиш жиноятлари умумий пора олиш жиноятларининг 89 фоизини ташкил қилган.
Лавозимлар доирасида таҳлил қилинганида, 91 та пора олиш жиноятидан 49 таси биринчи даражали раҳбарлар, 8 таси раҳбар ўринбосари, 34 таси ижрочи ва техник ходимлар томонидан содир этилгани, мансабдор шахслардан 77 нафари эркак, 14 нафари аёл экани маълум бўлди.
Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, 91 та пора олиш жиноятидан 20 таси ички ишлар (8 таси йўл ҳаракати хавфсизлиги), 12 таси мактабгача таълим, 10 таси ҳокимлик, 6 таси ҳарбий, 6 таси қишлоқ хўжалиги, 4 таси халқ таълими, 4 таси қурилиш, 3 таси коммунал хизмат (электр, газ, сув) ва 26 таси бошқа соҳалар ҳисобига тўғри келган.
Мазкур 91 та жиноятдан 20 таси ишга қабул қилиш, 8 таси маъмурий чора кўрмаслик, 6 таси ер ажратиш, 4 таси қурилишга рухсат бериш, 3 таси ердан ижара асосида фойдаланишга рухсат бериш, 3 таси автотранспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариш, 2 таси постдан рухсатномасиз ўтказишга рухсат бериш, 2 таси пенсия тайинлаш, 2 таси давлат харидлари бўйича шартнома имзолаш учун улуш талаб қилиш, 2 таси чегарадан ўтказиш билан боғлиқ бўлиб, қолган 39 та ҳолатда жиноятлар бошқа ваколатлардан фойдаланиш асосида содир этилган.
22 фоиз пора олиш жинояти ишга олиш ваколатидан фойдаланиш орқали содир этилган бўлиб, уларнинг 15 таси техник ва ижрочи ходимларни таълим (11 таси мактабгача таълим, 4 таси халқ таълими) муассасаларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ. Шунингдек, 8 та маъмурий чора кўрмаслик ваколатидан фойдаланган ҳолда содир этилган пора олиш жиноятларининг 5 таси ички ишлар ходимлари томонидан содир этилган бўлиб, уларнинг 3 таси йўл-патруль хизмати инспекторлари, 2 таси профилактика инспекторлари ҳисобланади.
Бундан ташқари, 6 та ер сотиш билан боғлиқ пора олиш жиноятларидан 4 таси маҳаллий ҳокимлик (3 таси туман ҳокими ўринбосари), 2 таси қурилиш бўлими ходимлари ҳисобланади.
2021 йилда энг кўп пора миқдори 2 миллион долларни, энга ками 50 долларни, ўртача пора миқдори эса 8 065 доллар ёки 3,92 млн сўмни ташкил қилади.
Порахўрлик жиноятлари бўйича жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва унга қарши курашиш юзасидан агентлик томонидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилган. Хусусан:
1. Пора олиш жинояти бўйича тергов ва суд амалиётини умумлаштириш орқали мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш;
2. Коррупциявий жиноятларни фош этишда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тизими самарали натижа бераётганини инобатга олган ҳолда пора олиш жиноятларини фош этишда кўмаклашган шахсларни рағбатлантиришнинг ички идоравий тизимини яратиш лозим бўлиб, бу жараёнда шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш;
3. Коррупциявий жиноятлар, хусусан, пора олиш жинояти ҳақида хабар беришнинг тезкор ва хавфсиз тизимини яратиш, ушбу тизимдан барча фуқароларнинг фойдаланиш имкониятини яратиш;
4. Пора олиш жиноятларининг аксарияти ишга олиш ваколатидан фойдаланиш орқали содир этилгани ва уларнинг кўпчилиги таълим тизимига тўғри келгани сабабли мактабгача таълим муассасаси ва умумий ўрта таълим мактабларига ижрочи ходимларни ишга олиш жараёни устидан назоратни тўлиқ Давлат хизматларини ривожлантириш агентлигига ўтказиш, иш ўринлари бўйича очиқ танловлар ўтказилишини таъминлаш.
LiveБарчаси