ФВВ “Ўрикзор”даги сув тошқинига изоҳ берди
Интервью
−
13 Июнь 2022
7770Аввал хабар берганимиздек, бугун, 13 июнь куни Тошкентнинг “Ўрикзор” бозори остидан ўтган иссиқ сув қувури ёрилиши оқибатида савдо мажмуасининг савдо павильонларини сув босди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳамроев “Ўрикзор” бозорида нима учун сув тошқини бўлганини QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
“Бугун, 13 июнь куни тахминан соат 12:00 ларда Тошкент шаҳар Учтепа тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасида жойлашган “Ўрикзор савдо комплекси” МЧЖга қарашли савдо бозори ҳудудида иссиқ сув қувури ёрилиб, сув тошаётгани тўғрисида шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган. Зудлик билан воқеа жойига Учтепа туманидан битта ёнғин қутқарув экипажи ва “Сувсоз” хизматидан биттадан техника, яъни сув тортиш тракторлари ҳамда ишчи ходимлари авария ҳолатини бартараф этишга жалб этилган. Ҳодиса соат 11:50 ларда К9 қозонхона томонидан қувурларни юқори босимга чидамлилигини текшириш жараёнида Учтепа тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси, “Ўрикзор савдо комплекси” МЧЖга қарашли савдо бозори ҳудудидан ўтган иссиқ сув қувурида содир бўлган. Натижада, бозор марказий дарвозаси олдидан еттинчи павильон авто тураргоҳида сув тўпланган”, дейди Ҳамроев .
QALAMPIR.UZʼга етиб келган маълумотга кўра, сув тошиши оқибатида жароҳат олганлар ёки ҳалок бўлган фуқаролар йўқ.
“Ҳамкорликдаги хизматлар томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ёрилган қувурда сув таъминоти доимий ҳолат тартибига ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса натижасида тан-жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ”, дейди вазирлик вакили.
Маълумот учун, техник носозлик сабабли сув ёрилиши натижасида 800 кв м жойда сув тошган ва тошқин бартараф этилган. Ҳозирда битта машинага зарар етиб, ичига сув киргани аниқланган. Туман ҳокими ўринбосари Азизбек Азимовнинг маълум қилишича, автомобиль эгасига зарар қоплаб берилган.
LiveБарчаси