“Ҳақиқат йўқ экан”. Талаба қизнинг онаси нимадан норози?
Интервью
−
07 Июнь 2022
22260Бугун, 7 июнь куни Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олувчи талаба қизни зўрлашга урингани айтилган факультет декани ўринбосари Боғабек Йўлдошевга нисбатан очилган жиноят иши материаллари судда кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилгани, собиқ “замдекан” Муштарий Комиловага жинсий тажовуз қилгани исботланмагани ҳақида хабар берган эдик. Бироқ педагог Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилди ва 3 йилга қамалди.
QALAMPIR.UZ журналисти суд жараёни ҳақида маълумот олиш учун жабрланувчи Муштарий Комилованинг онаси Дилдора Комилова билан боғланди. Бироқ жабрланувчининг онаси ҳам суд мажлисларига киритилмаганини айтди. Шунингдек, унга кўра, Боғабек Йўлдошевнинг айбини исботловчи далиллар судга тақдим этилганига қарамай, суд буни инобатга олмаган.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Суд қаерда ва қанча давом этди?
Дилдора Комилова, жабрланувчи Муштарий Комилованинг онаси: — Суд Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида бўлиб ўтди. Бугун, 7 июнь куни 10-суд “процесс”ида суд ҳукми ўқилди. Кеча айбланувчи Боғабек Йўлдошевнинг сўнги сўзи тингланган эди. У Муштарийни жазолашларини сўради.
Ҳукм ўқилганда 118-моддани (Номусга тегиш) олиб ташлаб, 104- (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) моддани қолдиришди. Номусига тажовуз қилмаса, қандай қилиб ойнадан ташлаб тан жароҳати етказган бўлиши мумкин?
Суд давомида Тошкент давлат педагогика университетининг тўртта домласи келиб Боғабек Йўлдошев Муштарийни пастга ташлаб юборгани ва кўтариб қайта ташлаганини айтишди. Бошқа гувоҳлар ҳам келиб ҳаммасини айтишди. Тўғриси, ҳайрон қолдим. Ҳақиқат йўқ эканда Ўзбекистонимизда. Шу сабабли ҳам қизлар охиригача курашмас экан.
Ф.Н.: — Суд мажлиси давомида экспертиза хулосалари ёки номусга тажовуз қилиш билан боғлиқ бошқа аниқ исбот келтирилдими?
Д.К.: — Тергов давомида ишга доир ҳужжатлар йиғилганда 4 та жилд бўлди. Уни ҳаммасини ўзим ўқиб чиққанман, нусха олганман. Чуқурлаштирилган экспертиза ҳам ўтказилган эди. Боғабек Йўлдошев Муштарийни диванга ётқизиб, устига ётгани, шимини йиртгани ҳаммаси аниқланган. Шимини йиртган жойлари ҳам кўрсатилган. Экспертлар судга ҳам чақирилган.
Суд давомида ҳамма нарса исботланиб турса ҳам судья “ўйин” қилиб 118-моддани (Номусга тегиш) ташлаб 104-моддани (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) қолдиришди. Шу вақтгача 7 ой “ётган” бўлса 1,5 йилда чиқиб мани қизимга яна “угрожат” қилади.
Ф.Н.: — Сиз билан гаплашганимизда судьялар сотилган деган фикрни айтдингиз. Суд процессида судьяни ишга муносабати қандай эди?
Д.К.: — Биринчи масала мен бирорта суд мажлисига киритилмадим. 10 та суд мажлисида ҳам судланувчининг турмуш ўртоғи қатнашди, лекин Муштарийни яқин қариндоши (онаси) сифатида мени қатнашишимга рухсат беришмади. Биз 2 та адвокат олдик. Судьяга барибир бўлди. Қизимнинг айтишича, судья мажлис давомида жуда бепарво (ручка ўйнаб, креслони айлантириб) ўтирган. Иш кетяпти лекин эшитмаган ҳам, жуда “халатное отношение” билан иш кўрган.
Мени соппа-соғ-соғ боламни “инвалид” қилиб беришди. Улардан ҳеч нарса талаб қилганим йўқ. Жазолашга ҳам шунақа муносабатда бўлишди. Муштарийни баданида қийшиқ битган жойи бор, Москвага олиб бориб кўрикдан ўтказишимиз, операция қилдиришимиз керак. Ўзларича қизимни касаллигини ҳам ёлғондек кўрсатмоқчи бўлишди. 16-шаҳар шифохонаси берган хулосаларни ҳам ёлғон деб айтишди. Қизим билан қанча шифокорларга қатнадик, болам 6 ой қимир этмай ётган. Ҳар куни кечқурун 6 тадан дори ичади. Ҳаво айниганда баданида ҳозиргача оғриқ бор. Соғ қизимни “инвалид” қилиб яна жазоланмасдан қоладими? Менга алам қиляпти. Ўлганда нима бўларди?
Қанча “карсет”лар кийиб қанча даволанди. “Коляска”да юрди. Она учун ўз боласини ногиронлар аравачасида кўриш жуда оғир. Умуман ҳақиқат йўқ экан.
Ф.Н.: — Прокурор судланувчини қанча муддатга озодликдан маҳрум қилишини сўради?
Д.К.: — Суд давомида қарши тараф адвокати прокурорни олиб ташлаш истагини билдиришди. Прокурор холис одам эди. Биз уни танимаймиз. Охири бир овоздан прокурорни алмаштиришни рад қилишди. Прокурор Боғабек Йўлдошевни уч йил таълим тизимида дарс беришдан маҳрум қилиш ҳамда 118 ва 104 моддалар билан айбдор деб топиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўради. Лекин инобатга олишмади.
Ф.Н.: — Демак, сиз суд ҳукмидан тўлиқ норозисиз?
Д.К.: — Ҳа, албатта, норозимиз ва апелляция тартибида шикоят киритамиз. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар прокурори қабулига кираман. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва бошқа ташкилотларга ҳам мурожаат қиламан. Керак бўлса халқаро ташкилотларга ҳам мурожаат қиламан.
LiveБарчаси