Билса ёлғон, билмаса чин. Инспекциянинг ҳам ЖХУ билан тили бирми?
Жамият
−
28 Апрель 2022
13069Хабарингиз бор, жорий йилнинг 21 апрель куни QALAMPIR.UZ’да “Костюм-шим кийган ободонлаштириш ходимлари ёхуд Олмазорда мажбурий меҳнат анъанага айландими? Норбоева қаердасиз?” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда 20 апрель куни Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/4 даҳасида оқ кўйлак, қора шим (форма) кийган бир гуруҳ йигитлар қўлларида челак, “лопатка” кўтариб ҳудудни тозалаётгани, мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида сўз борганди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу мақола ортидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг топшириғига асосан, Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда Миллий гвардия масъул ходимлари иштирокида ўтказилган 8 кунлик текширув якунларини эълон қилди. Айтилишича, юқоридаги ҳолат мажбурий меҳнат эмас, (!) балки талабалар ўз хоҳишларига кўра ободонлаштириш ишларида қатнашган.
“Ижтимоий тармоқларда 20 апрель куни “Костюм-шим кийган ободонлаштириш ходимлари ёхуд Олмазорда мажбурий меҳнат анъанага айландими?” сарлавҳаси остидаги хабар тарқатилганлиги ва ушбу хабар юзасидан масъуллар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганлигини маълум қилган эдик.
Ўрганиш давомида, мазкур ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида қатнашган университетнинг 22-нафар талабларидан тегишли тартибда ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинди.
Ушбу мақолада кўрсатилган ҳолатларни ўрганиш натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий хизматчи ҳисобланмайдиган талабалар томонидан Олмазор тумани Қорақамиш-2/4 даҳасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишда мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик ҳолати аниқланмади”, дейилади баёнотда.
Муносабатда қайд этилишича, QALAMPIR.UZ журналисти билан суҳбатда ўзини Олмазор тумани ҳокимлиги ходими сифатида таништирган киши Жамоат хавфсизлиги университетининг махсус факультети деканининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари бўлган. Агар бу мажбий меҳнат бўлмаса, нега декан ўринбосари ўз иш жойидан ор қилиб, ўзини ҳокимият ходими деб таништирсин?
“Шунингдек, мақоладаги видео лавҳада университетнинг махсус факультет бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари ҳам иштирок этганлиги кўрсатилганлиги ҳолати бўйича, талабалар ўз хоҳишларига кўра Олмазор туманида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб борганлиги, улар томонидан назорат амалга оширганлигини маълум қилинди.
Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик борасида университет ходимлари ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда тегишли буйруқ ва топшириқларсиз иш ёки ўқиш вақтида ўз хизмат вазифасига кирмайдиган ишлар билан шуғулланмасликнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи номига ёзма кўрсатма берилди”, дейилади баёнотда.
Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасида, ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат ҳисобланмаслиги белгиланган эмиш.
Шу ўринда мантиқли савол пайдо бўлади: талабалар ихтиёрий меҳнатга жалб қилинган экан, нима учун улар камерани кўрибоқ, барча ишини ташлаб қочди? Улар нимадан қўрқди?
Меҳнат ихтиёрий ва дарсга таъсир қилмаган ҳолда бўлган экан, нима учун Жамоат хавфсизлиги университетининг махсус факультет бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари ўзини ҳокимлик вакили, талабаларни эса, ҳокимиятдан келган ободонлаштириш ходимлари деб таништирди?
Айтилишича, ўрганиш давомида, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида қатнашган университетнинг 22 нафар талабларидан тегишли тартибда ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинган. Ваҳоланки, мажбурий меҳнат ҳақида QALAMPIR.UZ талабаларнинг ўзи қўлларида супурги ва челак кўтариб мурожаат қилишган. Устига-устак университет ходими уларни талаба эканини тан олмай, воқеа жойидан олиб кетган.
Бу масалада Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда Миллий гвардия масъул ходимлари иштирокида текшириш ишлари ўтказилгани маълум қилинди. Аммо нима учун текшириш ишларини олиб борганлар айнан ўша материални эълон қилган таҳририят ходимларидан биронта ҳам қўшимча маълумот сўрашмади ва бу ишда жамоатчилик назорати ўрнатилмади? Қўшимча тариқасида шуни айтиш керакки, QALAMPIR.UZ'да мажбурий меҳнат содир бўлганини тасдиқловчи бошқа далиллар ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Сенатда ўтган йиғилишда QALAMPIR.UZ журналисти Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраевдан Олмазор туманидаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатдан хабари бор-йўқлигини сўраган эди. Генерал эса унда мажбурий меҳнат ҳолати бўйича маълумот йўқлигини айтган ва шу билан бирга ҳолат бўйича текшириш ўтказилаётганини, унинг натижалари эълон қилинишини қайд этган.
LiveБарчаси