Эҳ, SanJay! “Карвон” қўшиқчига жуда қимматга тушди
Маданият-санъат
−
04 Февраль 2022
32959Усмон Азим қаламига мансуб “Карвон” шеърини шоирнинг розилигисиз куйга солган, SanJay тахаллуси билан ижод қилаётган Санжар Жавбердиев деярли 100 млн сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, кеча, 13 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси жамиятининг аъзоси, шоир Усмон Азим манфаатида жавобгар Санжар Жавбердиевга (SanJay) нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги фуқаролик иши кўриб чиқилган.
Мазкур ишни кўриб чиқиш давомида фуқаро Санжар Жавбердиевнинг шоир Усмон Азим қаламига мансуб “Карвон” номли шеърдан муаллифнинг розилигини олмаган ҳолда, хусусан, келишувга эришмасдан ёки шартнома тузмасдан фойдаланиб “Карвон” номли қўшиқ ижро этгани ҳамда интернет орқали ижтимоий тармоқларга жойлаштиргани ўз тасдиғини топган.
“Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 62-моддасига асосан, ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, мазкур қонуннинг 65-моддасига кўра, муаллиф ҳуқуқбузардан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақлидир.
Шундан келиб чиқиб, суд томонидан тарафлар ўртасида келишувга эришилмагани, муаллифнинг розилигисиз унинг шеъридан фойдаланилгани инобатга олиниб, жавобгар Санжар Жавбердиевдан шоир Усмон Азим фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (54 млн сўм) миқдорида товон пули ва 40 млн сўм миқдорида маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Қайд этиш керак, SanJay’га “Карвон” қўшиғи анча “қиммат”га тушгани тайин. Хусусан, аввал у Шерали Жўраевнинг мазкур қўшиғини рухсатсиз куйлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь