Санжай Шерали Жўраевнинг қўшиғини рухсатсиз куйлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди
Маданият-санъат
−
29 Март 2021
20304Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда хонанда Санжай таҳаллуси билан ижод қилаётган Джавбердиев Санжар Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг қўшиқлари матнини ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз ўзгартирган ҳолда ижро этгани сабабли Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига чақиртирилгани ҳақидаги видеоёзувлар тарқалган эди.
Сабаби, Интеллектуал мулк агентлиги Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотнинг мурожаати асосида Санжар Джавбердиев томонидан шеър муаллифи Усмон Азимов ҳамда Ўзбекистон ҳалқ артисти Ш.Жўраев ижросидаги “Карвон” номли қўшиғини ва шеърини асар яхлитлигини бузган ҳолда муаллифларнинг розилигисиз ижро этилган ҳолатларни аниқлаган ҳамда Санжайга нисбатан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли чора кўриш учун судга киритилган.
Жорий йилнинг 9 март куни Навоий вилояти Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан хонанда Санжар Джавбердиев (Санжай)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1771-моддаси биринчи қисми бўйича жарима жазоси тайинланди.
Маълумот ўрнида, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 62-моддасига асосан муаллифларнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш, ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳисобланади.
Қонуннинг тегишли моддаларида муаллиф ҳуқуқлари аниқ келтирилган. Хусусан, ижрочилар ўз ҳуқуқларини ижро этиладиган асарлар муаллифларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида “cover” ижро тушунчаси киритилмаган. Хорижий давлатларда “cover” ижро мавжуд. Бу бўйича тарафлар шартнома асосида фаолият юритишади. Яъни ўзганинг асарини cover сифатида ижро қилмоқчи бўлган ижрочи муаллифдан рухсат сўраган ҳолда шартнома тузиши ҳамда шартнома бўйича ҳуқуқ эгасига муаллифлик ҳақини тўлаши лозим.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15