Ўзбекистонни яна бир экологик офат кутмоқда
Интервью
−
01 Февраль 2022
66332Бугун глобал даражада юз бераётган иқлим ўзгариши Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ўтган йили ноябрда кузатилган қум бўрони бунинг исботи бўлди дейиш мумкин.
QALAMPIR.UZ ўзгариб бораётган об-ҳаво, экологиянинг ўзгаришига сабаб бўлаётган омиллар ҳақида маълумот олиш учун Ўзбекистон Гидрометеорология маркази директорининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримовдан аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Суҳбат давомида қишда қор ёғмаганининг асосий сабаби, келгусида Ўзбекистонда кутилаётган табиий офатлар, шунингдек Айдар-Арнасой кўллар тизимининг кейинги тақдири ҳақида билиб олишингиз мумкин.
Нозима Назирова, мухбир: — Қиш фаслининг икки ойида ҳам қор ёғмади. Бу қанчалик табиий жараён?
Ибратжон Каримов, Гидрометеорология хизмати маркази директори ўринбосари.: — Ўзбекистонда ёғингарчиликларнинг кам бўлиши табиий жараён эмас. Ўзбекистон иқлими қуруқ ҳисобланади. Ҳозир дунёда глобал иқлим ўзгариши жараёни кузатилмоқда. Табиий офатлар ёки Жанубий шарқий Осиёда кузатилаётган сув тошқинларининг ҳаммаси иқлим ўзгариши натижасида содир бўляпти. Дунёда ҳарорат 1 градусга ўзгараётган бўлса, бизда бу даража сал интенсивроқ кетмоқда, яъни 1,5-2 градусга ўзгаряпти. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда қуруқ ҳаво кузатиляпти.
Н.Н.: — Бу йил қиш фаслида ёғмаётган қор баҳорда ёғиши мумкинми?
И.К.: — Бу йил қиш фасли иссиқ ва қуруқ келгани сабабли республикамизнинг жанубий ҳудудларида дарахтлар гуллади. Азалдан баҳорда, айни дарахтлар гуллаган пайтда ёғадиган қорни “сариқ қор”, деб айтишади. “Сариқ қор” ёғиш эҳтимоли бор. Биз буни инкор этмаймиз. Бу юртимизга кириб келаётган оқимлар билан боғлиқ. Аммо, ҳозир март ойидаги об-ҳаво маълумотларини айтиш бироз мушкул. Лекин табиий жараёнлар шуни кўрсатадики, ҳар йили Наврўз байрамига қадар ҳаво бироз совиб, “сариқ қор” ёғиш эҳтимоли мавжуд бўлади. Деҳқонларга тавсиямиз, тарихий жараёнлардан келиб чиққан ҳолда экилган дарахтлар тагига тутантириқлар қилиш ёки уларни ўраш чораларини кўришлари керак. Шунда ҳосилни сақлаб қолиш эҳтимоли каттароқ бўлади.
Н.Н.: — Ўзбекистонда экология қанчалик бузилган? Бу ҳолат об-ҳавода қанчалик намоён бўлмоқда?
И.К.: — Экология аслида бузилмайди. Экология бу – фан. Лекин атроф-муҳитга ташланаётган чиқиндилар, ишлаб чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар, оқизилаётган оқава сувлар ва бошқа факторлардан келиб чиққан ҳолда йилдан йилга атрофдаги муҳитга антропоген салбий таъсир ортиб бормоқда. Агар Ўзбекистон экологиясини бошқа давлатлар билан солиштирсак, жуда кескин бузилиш эмас. Узоққа бормаймиз, ён қўшниларимиз Тожикистон, Қирғизистонга нисбатан бизнинг атроф муҳитимизнинг ифлосланиши кучли. Лекин йирик ривожланган давлатларга қараганда Ўзбекистон атроф-муҳитини соғлом, десак ҳам бўлади. Сўнги йилларда республикамиз ҳудудида тадбиркорликнинг ривожланиши сабабли атроф-муҳитга антропоген таъсир кучли бўляпти. Бунинг натижасида бўлаётган жараёнлар салбий ҳолатларга ҳам олиб келяпти.
Н.Н.: — Ўзбекистонда АЭC қурилиши об-ҳавога қанчалик таъсир кўрсатади?
И.К.: — Қурилиши бошланган АЭС об-ҳавога тўғридан тўғри таъсир кўрсатмайди. Ҳар қандай атом реакторларининг радиоактив элементлари билан ишланади. У ердаги нурланишлар, нейтронлар, электронлар ўз-ўзидан атмосфера ҳавосига кўтарилиши натижасида, яъни +, – зарядларни ҳосил қилганида атмосфера ҳавосидаги булутларда таъсирини кўрсатиши мумкин. Албатта, бу келажакда, яъни АЭС қуриб битказилганидан кейин содир бўлади. Лекин АЭСда юз берадиган ҳалокатлар натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланиши, шунингдек об-ҳавога ҳам тўғридан тўғри таъсири бўлади.
Н.Н.: — Нима сабабдан Ўзбекистонда фасллар ўз вақтида бўлмаяпти?
И.К.: — 2015 йилдан бошлаб қиш қуруқ ва иссиқ келмоқда. Бунга дунёда рўй бераётган глобал иқлим ўзгаришини сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Ёғингарчиликни ҳосил қиладиган оқимларнинг йўналиши ўзгаргани сабабли республикада қиш қуруқ келяпти.
Н.Н.: — Об-ҳавонинг ўзгариши ёки табиий офатлар яқинлашаётгани ҳақида олдиндан билиш мумкинми?
И.К.: — Албатта, билиш мумкин. Табиий офат деганда нимани назарда тутганингизни билмадим. Лекин биз ҳар ҳафта бутун жаҳон метеорология ташкилотининг қоидаларига мувофиқ, бир ҳафталик об-ҳавони олдиндан кузатиб борамиз. Бу хабарларнинг оқланиш даражаси 90, 95 фоизга етади. Бир ойлик об-ҳаво прогнозларини эса эндиликда шакллантириб боряпмиз. Лекин бу прогнознинг эҳтимолли даражаси 50, 60 фоиз бўлади. Шунинг учун максимал даражада 1 ҳафталик об-ҳаво маълумотларини берамиз.
Н.Н.: — Бу борада қўшни давлатлар билан ҳам ҳамкорлик қилинганми?
И.К.: — “Ўзгидромет” Марказий Осиёдаги минтақавий гидрометеорология хизмати ҳисобланади. Яъни Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон гидрометеорология хизматлари билан доимий ҳамкорликда ишлаймиз. Қўшни давлатлардан тақдим қилинган маълумотлар марказимизда таҳлил қилинади. Сўнг бутун жаҳон Метеорология ташкилотига Марказий Осиё номидан тақдим қиламиз.
Н.Н.: — Сенатда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳалокат ёқасида экани таъкидланди. Фалокатни қанчалик яқин деб биласиз? Экологик инқирознинг олдини олиш мумкинми?
И.К.: — Айдар-Арнасой кўллар тизими 70-йилларда Чордара сув омборидан сув қуйилиши натижасида юзга келган. У 350 минг гектардан ортиқ майдонга эга. Бу кўл масаласи Олий Мажлис Сенатида бир неча бор муҳокама қилинди. Шу жумладан, бу жараёнларда биз ҳам қатнашдик. Бугунги кунда Айдар-Арнасой кўллар тизимида шўрланиш даражаси ортиб бормоқда. 10 йил илгари 1 литр сувда 5,6 мл грамм миқдорда туз бўлган бўлса, бугунги кунга келиб, ўртача 10,12 гр тузни ташкил қиляпти, яъни бу миқдор икки баробарга ошган. Шунингдек, сув ҳавзасининг қуриш жараёнидаги интенсивлиги ортиб бормоқда. Шўрланишнинг асосий сабабларидан бири, кўллар тизимига чучук сувнинг кам тушаётганидир. Бу жараёнга ваколатли органлар етарли даражада эътибор бермаса, салбий таъсир бўлади. Кўл қуриётган ёки шўрланиш даражаси ортаётган бўлса, яна бир бор пойтахт яқинида экологик фожиа юз бериши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, у ердаги буғланишнинг салбий балансини йўқотиш учун 2 км кубгача чучук сув қуйиб боришимиз керак. Агар ҳозир биз буни олдини олмасак, 5-10 ёки 15 йилдан кейин қуриган оролдаги ҳолат такрорланади.
Н.Н.: — Айдар-Арнасой кўллар тизимининг қуришини олдини олиш учун нималар қилишимиз керак?
И.К.: — Олдини олиш учун биринчи вариант кўлга чучук сув қуйиш, яъни келаётган сув билан буғнинг мутаносиблигини таъминлашимиз керак. Иккинчи йўл кўлнинг қуриган қисмига чанглар кўтарилмаслиги учун саксовуллар ва турли дарахтларни экишимиз керак. Бунга сув хўжалиги масъул.