“Лукашенконинг гапи очиқ шантаж, у аввал ўзини ва Беларусни эплаб олсин” – Сиёсатшунос профессор билан суҳбат

Интервью

Лукашенко ҳокимиятга тирмашиб олган – Карим Баҳриев north_east

Лукашенко ҳокимиятга тирмашиб олган – Карим Баҳриев

Лукашенко ким? Беларусь фуқароси! Ўз вақтида ўзининг икки муддатдан ортиқ Президент бўлмаслигини прогноз қилган Лукашенко мана 28 йилдирки Ҳукуматга тирмашиб, уни қўлдан бермай келяпти. 2020 йилда ўтган Президент сайлови Беларуснинг бошига қандай кулфатлар олиб келганини унутганимизча йўқ. Камига Европа Беларусга санкциялар қўллашда давом этмоқда. Лукашенко эса ҳар қайси йўл билан ўз ҳукуматининг қонунийлигини исботлаш учун тер тўкяпти. Мамлакат тўла муаммо, одамлар яшаш шароитидан нолиб турган бир пайтда Лукашенкога Беларусь қолиб, бошқа давлатлар учун ғам чекишни ким қўйибди, дерсиз. Йўқ, у қаҳрамон, замонамиз қаҳрамони, доҳийси. Ҳеч кимда йўқ маълумотлар унда бор, ҳатто, Ўзбекистоннинг бошига нима келишини ҳам у билади. Фақат Беларусникини билмайди, холос. Билганда, сайлов вақти шунча намойишлар бўлиб, у бир неча ойгача давом этармиди? 

Бугун Алексадр Лукашенконинг айтганлари ҳар бир ўзбекистонликка найзадек санчилгани бор гап. Бу орада халқ давлат ва унинг бошқаруви атрофида бирлашди. Ўз фикрини айтишга, ўзи учун ўзи қарор қабул қилишга қодир миллат бўлганини исботламоқда. Хўш, Лукашенконинг айтганлари зиёлилар орасида қандай акс-садо берди. Сиёсатшунослар нима дейди? QALAMPIR.UZ’нинг галдаги суҳбатдоши Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори Сайфиддин Жўраев. 

Видеоинтервьюни ҳозироқ юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. 

Қамариддин Шайхов, QALAMPIR.UZ раҳбари: — Одатда, маҳаллада, кўча-кўйда бўладими? Кўчадан бир гап эшитиб, одамлар ўртасидаги мулоқотдан бир илмоғини уйга келтириб айтсак, "Олдин гапга қара, кейин гапни гапирган одамга қара", деган гапни кўп айтишар эди. Бугун бутун Ўзбекистон аҳли Беларусь фуқароси Александр Лукашенконинг айтган фикрларига қарши жипслашиб, мамлакат, унинг сиёсий жараёнини юритиш қанчалик оғир эканини кўриб туришибди. Умуман олганда, мана шу фикрларга сиз қандай қарайсиз? Лукашенко бу фикрларни айтишга қодир маънавий ҳақли раҳбармиди?

Сайфиддин Жўраев, профессор, сиёсатшунослик фанлари доктори: — Ҳақиқатан ҳам асосли фикрларни келтирдингиз. Бугунги кунда халқаро миқёсда шу фикр жуда кўп муҳокама қилинмоқда. Лекин муҳокамаларда берилаётган баҳоларда бир нарсага эътибор берилмоқда. Лукашенко бир давлатнинг раҳбари, сиёсатчи ва анча вақтдан буён давлатни бошқариб келади. У бирон бир мамлакатга нисбатан фикр билдиришга ҳақли ва бунга қодир ҳам. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор.  Лукашенконинг давлат раҳбари, сиёсатчи сифатида Ўзбекистонга нисбатан фикр билдиришга маънавий, сиёсий  жиҳатдан қанчалик ҳаққи бор эди? Маънавий жиҳатдан олиб қарасак, бир халқнинг маънавияти, тарихи ёки унинг амалга ошираётган ишларига нисбатан бу фикрни билдириши ўринсиз. Сабаби, у бизнинг маданиятимизни билмайди ҳам, тушунмайди ҳам.

Қ.Ш.: — Керак бўлса, у халқнинг кайфияти билан ҳам ҳисоблашиши керак эди.

С.Ж.: — У халқнинг кайфияти қандай ва у нима асосида шакланишини билмайди. Демак, бунга унинг маънавий ҳаққи йўқ. Иккинчидан, сиёсий жиҳатдан олиб қараймиз. Унинг ўша фикрни айтиб турган минбарига қарайлик. Катта бир халқаро ташкилотнинг минбаридан туриб, Ўзбекистонга нисбатан маълум даражада қитмирлик қилиб, жамоатчиликнинг фикрига салбий таъсир қилиш учун "Ўзбекистон ҳам эҳтиёт бўлиши керак", деб гапирди.

Қ.Ш.: — Бу огоҳлантиришми?

С.Ж.: — Бу ҳолатни огоҳлантиришдан ҳам кўра, маълум бир маънода шантаж ҳам дейишимиз мумкин. Қачонки, шу воқеа бизда бўлаётган бўлса, огоҳлантириши мумкин эди. Лекин бизда бундай ҳолат йўқ. У сиёсий раҳбар сифатида иккинчи бир давлатнинг маълум даражада ички ишларига ҳам аралашди. Мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, бу дипломатик ҳаётда жуда кам кузатиладиган ҳолат. Чунки, Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо эмас. Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлганида, ёки тўғридан тўғри алоқада бўлганида, ёки воқеаларда бевосита иштирок этаётган бўлса ҳам маълум даражада бу фикрга эътибор бериш мумкин эди. Лекин сиёсий нуқтаи назардан биз аъзо бўлмаган ташкилот йиғилишида Лукашенконинг Ўзбекистонга нисбатан шундай фикр билдириши нафақат асоссиз, балки масъулиятсизлик ҳамдир. Уни миллион одамлар олдида яширин мақсадини айтган ёки кимнингдир фикри асосида шундай гапирган, дейишимиз мумкин. Яна бир нарсани айтишимиз мумкин. У деярли 30 йилдан буён давлатни бошқармоқда. Эҳтимол, у давлатни бошқариш даражасида фикрлайдиган, фикрлар, ғоялар бера оладиган даражага келмай қолган бўлиши ҳам мумкин. 

Аввало, биз мустақил, суверен давлат сифатида кейинги 30 йилдаги ривожланиш натижасида халқаро муносабатларнинг субъектига айландик. Яъни ҳамма давлат барча соҳада олиб бораётган ислоҳотларимиз, ҳарбий қудратимиз билан ҳисоблашишган ҳолда биз билан мулоқотга киришади. Бу жуда катта масъулият ва бир вақтнинг ўзида олдимизга катта вазифаларни қўяди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Лукашенко жаноблари ҳарбий ташкилот минбаридан гапирди. Маълум даражада шу ҳарбий ташкилотга Ўзбекистонни  ҳам чақиргандек туюляпти. Лекин, Лукашенко жаноблари шуни билишлари керакки, биз ўзимиздаги ҳарбий қурилиш соҳасида ҳам жуда катта ютуқларга эгамиз. Давлатимизда нафақат бугунги кунда, балки тарихида ҳам ҳарбий қурилиш даражаси катта бўлган.

Қ.Ш.: — Энг муҳими Ўзбекистон ҳарбий салоҳият нуқтаи назаридан дунё рейтингида турли ташкилотларга аъзо асосий мамлакатлардан ҳам анча юқори ўринда туради.

С.Ж.: — Жуда тўғри айтдингиз. Масалан, Ўзбекистон дунё  бўйича 40-ўрин  билан 44-ўрин оралиғида турибди. Дунёда 208 та мамлакат бор. Дунё бўйича аниқ асосланган фактлар асосида Ўзбекистоннинг рейтингини 40-ўринга қўйишган. Марказий Осиёда эса Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳиятини 1-ўринга қўйишади. Бундай рейтингнинг асосий сабаби нимада? Аввало, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси. Қайси давлатда ислоҳот, иқтисодиёт, барқарорлик бўлса, албатта, у мамлакат ўзининг  хавфсизлигини таъминлаш учун мудофаа соҳасига етарли даражада маблағ ажратиб, мудофаа соҳасини ислоҳ қилишга эришади. Бугунги кунда Ўзбекистонда бу нарса бор. Яна шуни айтиш керакки, Ўзбекистоннинг ҳарбий доктиринаси бўйича, давлатимиз ҳеч қандай ҳарбий ташкилотга аъзо бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудига  бошқа давлатларнинг ҳарбийлари ёки ҳарбий қўшинларининг киришга ҳаққи йўқ. Бу ҳам ҳарбий соҳадаги эришган ютуқларимиздан бири. Давлатнинг ўз ҳарбий соҳаси бўлиши, мамлакатдаги ҳар бир фуқаро хавфсизлигининг кафолатидир. Демак, қонунларимиз ҳам бу ҳолатга йўл қўймайди. Шунингдек, халқимиз ҳам буни хоҳламайди. Ўйлайманки, Лукашенко ҳолатнинг бу томонларини ҳам билса керак. Лекин буни билмагандек гапиряпти.

Қ.Ш.: — Масаланинг яна бир жиҳати бор. КХШТ низомида бошқа давлатларнинг суверенитетини ҳурмат қилиш ва уларга таъсир кўрсатмаслик масаласи келтирилган. Лукашенко буларни билмайдими? Унутганми ёки писанд қилмайдими?

С.Ж.: — Менимча, маълум даражада писанд қилмасликка ҳаракат бор.

Қ.Ш.: — Унинг оғзидан чиққан гап бир вақтнинг ўзида Лукашенко номидан эмас, балки ташкилот номидан қабул қилинишини ҳам ҳисобга олиши керак эди.

С.Ж.: — Бу гапнинг ҳарбий ташкилот минбаридан туриб айтилгани, шу тадбирда иштирок этганларнинг ҳам фикри  "Демак, шундай экан", дегани. Лекин ундай эмас. Ўйлайманки, бу ҳолатга Лукашенконинг маълум даражада вазиятни тўлиқ тушуниб етмаётгани ёки "Ўзига хос жиҳати бор", деб қараш керак.

Қ.Ш.: — Бизда бошқаларнинг фикри бундай эмаслигига етарли далиллар борми?

С.Ж.: — Албатта, Лукашенко фикрини  "реплика" қилиб айтди. Лекин ўша ерда иштирок этган Россия, Қозоғистон, Тожикистон ёки бошқа давлатлар раҳбарларининг биронтаси бу фикрга эътибор ҳам беришмади.

Қ.Ш.: — Тасдиқламади.

С.Ж.: — Тасдиқламади ёки эшитмагандай қилишди. Гўёки, Лукашенко бу гапни айтмади. Шунинг ўзи ҳам, маълум даражада Лукашенконинг фикрлари асоссиз эканини билдиради. Иккинчи томонига ҳам эътибор беришимиз керак. Кўчада ёки ижтимоий тармоқларда одамлар Лукашенконинг фикри мутлақо асоссиз эканини билдиришяпти. "Олдин ўзингга боқ, кейин ноғоранги қоқ", деб фикр билдирганлар ҳам бўлди. Биз қанча вақтдан буён дунёда бўлаётган воқеаларни кўриб турибмиз. Шунинг учун ҳам бу гап одамларнинг ғашига тегяпти. Дунё тан олган буюк саркарда Амир Темурнинг  "Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган биноларга боқинг", деган гапи бор. Аслида, бино дейилганида, бизнинг давлатчилигимиз назарда тутилмоқда. Бугунги сўз билан айтадиган бўлса, Лукашенко бизнинг қудратимизга ишонмаётган бўлса, аввало давлатчилигимизнинг бунёдкорлигига боқиши керак. Биз МДҲ давлатларининг ичида энг кўп террористик ҳаракатларга дуч келганмиз ва доим уни енгиб чиққанмиз.

Қ.Ш.: — Террористик ҳужумга дуч келишдан олдин уни пайқаганмиз ҳам. Масалан 2016 йилда Туркия ўзи юзлашган, ўзининг ичидаги тўнтаришни Ўзбекистон 1999 йилдаёқ англаган. Ёки Афғонистондаги терроризм масалани дунё минбарига олиб чиққан ҳам Ўзбекистон юбўлган. 

С.Ж.: — Тўғри, Ўзбекистон нафақат минтақа балки, дунё тан олган давлатлар даражасида тажриба ва билимга ва энг асосийси жараёнларни таҳлил қила олиш қобилиятига эга. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, давлатимизга қандайдир террористик ҳаракатлар бўладиган бўлса, бунга Ўзбекистоннинг кучи ҳам қудрати ҳам етади. Бунга шубҳа йўқ. 

Қ.Ш.: — Сайфиддин ака, мен журналистик фаолиятимда иккинчи ёки учинчи бор мана шундай ҳолатга дуч келяпман. Шундай таҳдиднамо, шантаж шаклдаги фикрлар ўртага ташланганда, менда доим бир савол туғилади. Лукашенко билаётган вазиятни шу давлатдаги раҳбарият ва хавфсизлик билмайдими ёки чораларини кўрмайдими? Биз Лукашенконинг огоҳлантиришига қараб қолган халқ ёки ожиз давлатмизми?

С.Ж.: — Ислоҳотлар амалга ошириляпти, албатта буларнинг замирида аввало давлатни бошқариш бор. Янаям чуқурроқ қилиб айтсак, давлатни бошқарувчи лидернинг мавжудлиги ва унинг ҳаммани юқорига қўйилган мақсадлар сари олиб кетаётганини кўриш мумкин. Эришган ютуқларимиздан келиб чиқадиган бўлсак, ташқаридан бериладиган "маслаҳат" ёки "кўрсатма"ларга муҳтож эмасмиз. Ўзбекистоннинг ўз йўли ва ўз стратегияси бор. Дастлабки террористик ҳаракатлар бўлган вақтда КХШТ "Ўзбекистонга бир вагон ўқ жўнатамиз", деб ваъда берган. Аммо, ҳали ҳам ўша вагон етиб келгани йўқ.

Қ.Ш.: — Бу қуруқ ваъда бўлган.

С.Ж.: — Қуруқ ваъда бўлган. Фактлар ҳам бор. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Демоқчиманки, минбардан туриб фикр билдираётган сиёсатчиларга кескин жавоб берилмагани учун ҳам Ўзбекистоннинг бундай халқаро ҳарбий ташкилотларга аъзо бўлмаслиги жуда тўғри. Бу ҳолат давлатимизнинг бундан кейинги тараққиётига ҳам асос бўлади.

Қ.Ш.: — 1992 йил ташкилотга энди тамал тоши қўйилганида Ўзбекистон ҳам Озарбайжон, Грузия каби бу ташкилотга аъзо эди. Кейин бу ташкилотдан чиқиб кетди. 2006 йилга келиб яна бу ташкилотга аъзоликка кирдик. 2012 йилда эса яна тўхтатдик. Одамларда "Агар Ўзбекистонда мана шу ташкилотга аъзо бўлиш фикри туғилмаётган бўлса, Лукашенко нега бу ҳақда гапирди? Ўзбекистоннинг бу ташкилотга учинчи бор қўшилиш нияти борми?", деган саволлар туғилиши мумкин.

С.Ж.: — Ҳар қандай давлат турли ташкилотларга аъзо бўлиши мумкин. Қачонки, у ташкилот ўша давлатнинг миллий манфаатларига мос келадиган бўлса. Ҳозирги кунда у ташкилотда бизнинг миллий манфаатларимизга жавоб бера оладиган механизм ҳам, шароит ҳам йўқ. Ҳозир мамлакатимизга янги дунёқарашли, Европани кўрган, сиз каби кўп жойларда ўқиб келган, фикрлай оладиган янги авлод кириб келган. Мана шу авлод ҳам буни хоҳламаяпти. Бизнинг йўлимиз тўғри эканини билади. У ташкилотга кириш давлатимизнинг бирон бир дастури ёки истиқболида йўқ. Лекин, илмий нуқтаи назардан таҳлил қилиш учун унинг тажрибасини ўрганишимиз, мулоқотга киришишимиз мумкин. Ташкилотга аъзо бўлиш хавфи йўқ-ку, аммо ҳозир бошқа бир хавф келиб чиққандек бўляпти.

Қ.Ш.: — Масалан?

С.Ж.: — Масалан, уларда шундай ривожланаётган давлатни ҳам ўз таъсир доирасига олиш, давлатни ташқаридан туриб  бошқаришга қаратилган қандайдир иғвогарлик, эҳтиёж бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам биз шундай нарсаларга доимо қарши туришимиз керак. Қарши туришни йўли ислоҳот ва хавфсизликни таъминлашдан иборат.

Қ.Ш.: — Менимча, бунда одамларнинг иштироки ҳам жуда муҳим.

С.Ж.: — Албатта, ҳозир давр шундай.

Қ.Ш.: — Биз Қозоғистондаги вазият нималарга олиб келганини кўрдик.

С.Ж.: — "Демократия", деб оддий намойишни сиёсий кучлар ўз манфаатлари йўлида буриб юборганини ҳам кўрдик. Охири қон тўкилиши ҳам юзага келди. Бу ҳолатлар давлатни пароканда аҳволга келтириб қўйди. Энг асосийси, бу ерда одамлар ўртасидаги ижтимоий муаммолар тўхтаб қолди. Иқтисодий жиҳатдан ҳам давлатда кўплаб завод ва фабрикалар тўхтади. Албатта, бу давлатни бундан кейинги ривожланишига катта хавф туғдирадиган ҳолатдир. Миллий манфаатларимиз, демократик қатъият, давлатчилик тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда  ҳаракат қилишимиз керак. Шундагина, бизда қандайдир кучларнинг қармоғига тушиб қолмаслик учун  имкониятлар пайдо бўлади. Лекин, дунё ҳозирги вақтда жуда катта бир зиддиятли даврни бошдан кечираётганини унутмаслигимиз керак. Катта давлатлар ўртасидаги тортишувлар ва уларнинг ўртасидаги зиддиятнинг чуқурлашишини кўряпмиз. Ҳаттоки катта давлатлар ўртасида ҳарбий можаролар келиб чиқиши мумкин. 

Иккинчидан, йирик ривожланган давлатлар бошқа давлатларни ўз томонига тортишга ва уларни ҳам шу йўлда бошқаришга ҳаракат қилмоқда. Бу бугунги кундаги факт. Биз мана шу ҳолатларнинг таъсир даражасига тушиб қолмаслик учун ҳам мустақил, суверен йўлимизни давом эттиришимиз керак. Бу суверен ва мустақил фикрлаш ҳар бир фуқарода бўлиши лозим. Шундагина, ҳамманинг жипслашуви ва давлат раҳбари ўз олдига қўйган ислоҳотларини янада янги босқичга олиб чиқиб, ҳарбий қудратимизни янада мустаҳкамлашга эришишимиз мумкин.

Қ.Ш.: — 2016 йилда Ўзбекистон аҳли Биринчи марҳум Президенти хотирасига нисбатан жуда катта ҳурмат билан хайрлашди ва янги ҳукуматга ўтиш даври юксак даражада бўлди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бу жуда катта бўҳронларни келтириб чиқарадиган вазиятдир. Яқин қўшни давлатларда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кўриб ёки Лукашенконинг фикрларини эшита туриб, аслида ҳукумат ўтишининг ўзи катта бир жараёнлиги-ю ва бу жараён бизнинг кўз олдимизда чиройли шаклда ўтганини пайқаймиз. Лекин, аслида ҳокимият коридорларида яхшигина босимлар, иғволар бўлганини пайқамай қолганимизни ҳам билмабмиз. Назаримда, бу ҳолат мана энди кўзимизга кўринаётгандек. Қозоғистондаги икки бошлилик сиёсатининг оқибатларини кўрдик. 28 йилдан буён бир давлатни бошқариб келаётган Лукашенкодек раҳбарлар қай тарзда ҳокимиятдан кузатилади? Аслида, бу ҳам ҳали номаълум. Улар ўзларига ўзлари огоҳлантириш бериши керак эмасми? Аслида ҳозирги вазиятда бу сигнални улар олиши керак эмасми?

С.Ж.: — Гапингиз жуда ўринли ва асосли. Ҳар бир катта давлат учун Россия, Америка, Хитой бўладими ёки кичкина давлатларда ҳам бир давлат бошқарув тизимидан иккинчи тизимга ўтиш ўта зиддиятли кечади.

Қ.Ш.: — Ҳатто, Америкада ҳам кўрдик...

С.Ж.: — Масалан, Америкадаги сайлов жараёнида 50 фоиз овозни Трамп томон олган бўлса, 50,1 фоиз овозни эса Байден олди. 50 фоиз жуда катта овоз. Ҳокимиятнинг такомиллашмаган ҳолатини ҳам кўрдик. Лекин, экспертларнинг айтиши бўйича, иккинчи томон турли найранг йўли билан овоз олди деган қарашлар ҳам бор. Давлат институтларининг мавжудлиги, тартибнинг сақланиши ва қонунга риоя этилиши натижасида Президент жанобларининг ҳокимиятга келишини кузатдик. Биз юқоридаги жараён жуда ҳам зиддиятли эканини кўрдик.

Лукашенкога келадиган бўлсак, Беларусда ҳокимият қарийб 30 йилдирки алмашмайди. Бир неча йилдан буён аҳоли қатламлари ҳукуматга янги раҳбар, янги куч келишини хоҳлашяпти. Буни талаб ҳам қиляпти. Лекин ҳозирги раҳбарият ҳукуматни осонликча бермоқчи эмас. Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, бундай ҳолатда мамлакат ичкарисидаги ўзига хос зиддият ва ҳокимиятнинг бўлиниб кетиши бошқа давлатларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Одамларнинг ижтимоий кайфияти натижасида, ижтимоий муросасизлик ва ижтимоий конфликт келиб чиқади.

Қ.Ш.: — Шундоқ ҳам Беларусь атрофида минтақадаги муаммолар етарли.

С.Ж.: — Етарли даражада. Шунинг учун  Лукашенко бошқаларга маслаҳат беришдан кўра, мамлакатдаги ички муаммолари билан кўпроқ шуғуллангани маъқул эмасмиди?

Икки бошли сиёсатга келсак, у бор. Кўп мамлакатларда давлатнинг раҳбари ҳукуматнинг ярмини янги Президентга бериб, ярмини ўзида олиб қолишга ҳаракат қилади.  Икки бошлилик сабаб мамлакат ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан жуда катта зарар кўради.

Қ.Ш.: — Бунақа давлатга ташқи босим шарт эмас, ички муаммонинг ўзи етарли.

С.Ж.: — Қозоғистонга халқнинг оддий бир газ нархининг кўтарилиши сабаб қилган норозилиги, сиёсий ўйинга айлантириб юборилди. Биз одамларда замонавий қуролларни кўрдик. Аҳолига бу қуролларни ким берган? Қозоғистон иқтисодий жиҳатдан ривожланиб келаётган, ўзига яраша салоҳиятга эга, давлатчилик институтлари ривожланган мамлакат эди. Лекин бирданига республикадаги зиддиятли вазиятларни келиб чиқишига давлатдаги икки бошли бошқарувнинг мавжудлиги сабаб бўлди.

Қ.Ш.: — Ҳолбуки, Қозоғистон КХШТнинг доимий аъзоси бўлиб келган. Лекин жаноб Лукашенко ҳеч нарса қилиб бера олмади-ку. Барибир ўша қўзғолон, ўша тўнтариш бўлди-ку. Демакки, бизга берилаётган огоҳлантириш ҳам "абсурд"экан-да. 

С.Ж.: — Абсурд! Лукашенконинг гапини "Вазиятни енгиллаштириш учун олиб қочишга қаратилган ҳаракат", деб қараш ҳам мумкин. Қозоғистонга қайтадиган бўлсак, нима бўлишидан қатъи назар, бу ерда қозоқ халқи қийналди. Муаммоларни ечамиз деб, ўзларига яна катта бир муаммоларни келтирди. Тўғри муаммони ечиш мумкин. Одамларни кўчага бу ҳолатда олиб чиқиб, ўз сиёсий мақсадлари йўлида ҳаракат қилиш доим салбий ҳодисаларга олиб келади. Биз буни кўрдик. Ҳам ҳуқуқий, ҳам сиёсий жиҳатдан икки раҳбарлик тугатилганидан кейин...

Қ.Ш.: — Тугади, деб айта оламизми?

С.Ж.: — Қонуний жиҳатдан "Тугади", деб айта оламиз. Ҳозир Қозоғистондаги сиёсий бошқарув тизимлари жаноб Тўқаевнинг қўлида. У ислоҳотларни бошлади. Масалан, бугундан янги ҳукуматни таништиришни ҳам бошлади. Кадрлар сиёсати амалга оширилмоқда. Муаммоларни ҳал қилишни ҳам ўртага қўймоқда. Бу ҳолатни Қозоғистон халқи ва унинг атрофидаги давлатлар ҳам қўллаб-қувватлаяпти. Бундан кейин ҳукуматда икки бошлиликка йўл қўйилмаса керак. Муаммолар ҳаммада бор. Уни тўғри ва вақтида ҳал қилиш, тўғри қарор қабул қилишга боғлиқ.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Lukashenko

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг