Қуруқ қошиқ оғиз йиртар! Олий суд судлар нега вақтида бошланмаслигига айланма изоҳ берди
Таҳлил
−
01 Декабрь 2021
8690Жорий йилнинг 29 ноябрь куни QALAMPIR.UZʼда “Янги Ўзбекистонга мерос қолган эски суд тизими” номли мақола эълон қилинган эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий судида белгиланган суд мажлиси 2 соат ўтиб ҳам бошланмагани ва бу ҳолат барча судларда сурункали равишда учраб келаётгани ҳақида сўз борган. QALAMPIR.UZʼда эълон қилинган мақола ва видео бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, журналист Феруза Нажмиддинова томонидан эълон қилинган видеолавҳада суд мажлисларининг ўз вақтида бошланмаслиги, фуқароларнинг узоқ вақт кутиб сабаб бўлаётгани юзасидан билдирган фикрлари ўринли.
“Ҳақиқатан ҳам, баъзан суд мажлисларининг белгиланган вақтда бошланмаслиги, тарафларнинг беҳуда вақт йўқотиш ҳолатлари мавжуд эканига кўз юмиб бўлмайди. Аммо бунинг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари борлигини унутмаслик лозим. Хусусан, суд мажлисини ўз вақтида бошлашга имкон бермайдиган ҳолатларга алоҳида тўхталиш жоиз.
Чунончи, инсон тақдирига дахлдор масала ҳал этиладиган суд мажлисида регламентга (белгиланган вақт) қатъий амал қилишнинг умуман имкони йўқ. Нега деганда, тарафлар ўз важларини муайян далиллар ёрдамида исботлаши ғоятда муҳим. Судья ўзининг ҳақ эканини исботлаётган тарафнинг важларини диққат билан тинглаш асносида унга ҳуқуқий баҳо бериши зарур.
Бу табиийки, ўз-ўзидан суд мажлисининг чўзилиб кетишига олиб келади ва мутаносиб равишда кейинги суд мажлиси ортга сурилишига сабаб бўлади. Аниқроқ айтганда, судья суд мажлисининг сунъий равишда чўзилишига йўл қўймайди, балки бу суд муҳокамаси чоғида юзага келадиган табиий жараёндир. Шундай экан, суд мажлисининг чўзилиб кетиши, навбатдаги суд мажлисининг ўз вақтида бошланмаслигига судья ва судларни айблаш адолатдан бўладими?”, дейилади баёнотда.
Олий суд судьяларнинг иш юкламаси кўплигини ҳам инкор қилмайди, лекин айрим суд мажлисларини ўз вақтида ўтказилмаганидан келиб чиқиб, судья ва судларни қоралаш бу масалага бир томонлама ёндашишдан бошқа нарса эмаслигини иддао қилган.
“Бундан ташқари, судьяларнинг иш юкламаси кўплигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Айтмоқчимизки, ҳар бир ишни кўриб чиқиб, адолатли ҳал этиш судьядан муайян тайёргарлик кўришни талаб этади. Одил судловни амалга ошираётган ҳар бир судья фуқароларни куттиришдан манфаатдор эмаслигини, балки ҳақиқатни қарор топтириш, ижтимоий адолатни таъминлашни ўзининг касбий вазифаси ва мажбурияти, деб билишини алоҳида таъкидлашни истардик.
Айрим суд мажлисларини ўз вақтида ўтказилмаганидан келиб чиқиб, судья ва судларни қоралаш бу масалага бир томонлама ёндашишдан бошқа нарса эмас. Аслида судья қабул қилган қарор унинг фаолиятига берилган энг муносиб баҳодир”, дейилади Олий суд баёнотида.
Шу билан бирга, расмий муносабатда бугунги кунда бутун билим ва тажрибаси, ғайрат-шижоатини одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлашга бағишлаётган судьяларнинг ҳурматини жойига қўйишни унутмаслик кераклиги ҳам уқтирилган.
Шу ўринда, мақсадимиз судьяларни қоралаш эмаслигини алоҳида таъкидлаймиз. Судьяларнинг иш юкламаси кўплигини инкор этмаётган Олий суд ишни тўғри тақсимлаши ва юкламаларни камайтиришидан умидвормиз. Бир судьяга бериладиган ортиқча юклама унинг иш самараси ва шахсий ҳаётига ҳам таъсир қилади.
“Ҳар бир ишни кўриб чиқиб, адолатли ҳал этиш судьядан муайян тайёргарлик кўришни талаб этади” айнан бир суд мажлиси тугаб, иккинчисига етарлича тайёргарликсиз кираётган судьялар фуқаролар тақдирини ҳал қилмоқда. Уларнинг иш юкламаси шу қадар кўп-ки, биринчи ва иккинчи суд мажлиси орасида ҳеч қандай танаффус ёки тайёргарлик йўқ. Фуқароларнинг суд ва судьялар чиқараётган қарорлардан норози бўлишига уларнинг иш юкламаси сабаб бўлаётгандир. Биз Янги Ўзбекистон қуриш ниятида эканмиз, ортиқча юкламалар билан судьяларнинг ҳам ҳуқуқларини бузишга ҳаққимиз йўқ.
Олий суд QALAMPIR.UZʼнинг мақоласига нисбатан жавоб берганини олқишлаймиз, бироқ муаммо кўтарилгандан кейин унинг ечими ҳам бўлиши керак. Ечим эса Олий суднинг қўлида қолмоқда. Афсуски, эътирозларни қабул қилиб, муаммони ҳал этмай, уни шунчаки айланиб ўтиш ва вазиятни тўғри қабул қилишни ўргатиш билан масалани узил-кесил ҳал қилиб бўлмайди. Биз Олий суддан қуруқ баёнот эмас, судлар ўз вақтида бошланиши бўйича аниқ амалий иш кутяпмиз. Зотан, қуруқ қошиқ оғиз йиртар!
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь