“Askiya City”нинг ортида ким турибди? Бузилиши керак бўлган мажмуада сотувлар давом этмоқда

Жамият

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17 февраль куни QALAMPIR.UZ сайтида “INSOFT INVEST” МЖЧ’нинг инсофи борми? Аҳоли ноқонуний қурилишдан норози” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Жамшид Шоший кўчасида ҳеч қандай рухсатсиз, тасдиқланмаган лойиҳа асосида “Askiya City” номини олган кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилгани, ушбу қурилиш “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан амалга оширилгани ҳақида сўз борганди.

Жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент туманлараро Иқтисодий судида судья Дилбар Хайруллаева раислигида ноқонуний қурилиш юзасидан иш кўрилиши бошланганди.

2021 йил 6 апрель куни суд томонидан ҳал қилув қарори эълон қилинди. Қарорга кўра “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан барпо этилган “Askiya City” турар жой мажмуасини қурилиш компанияси ҳисобидан бузиб ташлаш белгиланган. Орадан 7 ой ўтса ҳамки, суд қарорининг ижроси таъминланмаяпти, ноқонуний қурилган мажмуада хонадон савдолари ҳамон давом этяпти. Шу сабабдан фуқаролар суд қарорининг ижроси пайсалга солинаётганини айтиб, QALAMPIR.UZ’га қайтадан мурожаат қилишди.

Аида Каримова, фуқаро: — Бизнинг навбатдаги мурожаатимиз ҳам ҳал бўлмаётган “INSOFT INVEST” МЧЖ ва уларнинг ноқонуний қурилиши ҳақида. Бузиш учун қарор чиққан бўлишига қарамай, қонун ижроси таъминланмаяпти. Умуман ўзгариш йўқ. Энг қизиғи сотув офиси ишлашда давом этмоқда. Қурилиш компаниясига саволларимиз жуда кўп, афсуски, жавоб йўқ. Қонунлар қачон ишлайди, қачон ижроси таъминланади ва одамлар қачон хотиржам яшайди, билмадим.

Дилафруз Атахўжаева, фуқаро: — Бино бузилиши тўғрисида суднинг қарори чиққанига ҳам 7 ой бўлди. Аммо, ҳали бино бузилгани йўқ. Бизнинг уйимиз орқасидан чуқур қазиб қўйишган. Бу ҳақида аввалроқ айтган эдик. "Кўмиб берамиз", дейишди. Аммо, орадан шунча вақт ўтган бўлса ҳам ҳали чуқурни тўлдиришгани йўқ. Аввалига суд қарори чиққан бўлса-да, булар анча ишлашди. Мана энди, икки ойлардан бери қурилишни тўхтатишган. Чуқурликни тўлдириб беришларини илтимос қиламиз. Шу билан биз ҳам хотиржам бўлар эдик. Уйларимизнинг деворлари ёрилиб, пойдеворлари эса очилиб кетган.

Илҳом Жамолиддинов, фуқаро: — 6 апрель куни “Askiya City” номи билан қурилган кўп қаватли бино бузилиши ҳақида суд қарори чиққан. Лекин мана 7 ой бўляптики, ҳеч қандай бузилиш жараёни бўлмаяпти. Биз бу ҳақида адвокатимизга телефон қилиб айтдик. Улар ҳам МИБга бориб айтишди. Уларнинг жавоби “Бўлди, бузамиз, бузамиз”. Аммо 7 ойдирки, бу иш ҳамон ҳал бўлмаяпти. Дардимизни кимга айтишни ҳам билмаймиз.

Фуқаролар ноқонуний қурилган “Askiya City”нинг сотув офиси ҳозиргача фаолият олиб бораётгани ҳақида айтишгани сабабли, қурилиш ёнгинасида жойлашган сотув офисига кириб ҳозиргача айнан “Askiya City” мажмуасидаги хонадонларни сотиш ишлари кетаётганига гувоҳ бўлдик. Сотув офисига кирарканмиз хонадон харид қилиш истагида бўлган харидор билан қаршилашдик. Энг қизиғи ходимлар таб тортмай “Askiya City” турар жой мажмуаси 18 ойда битиб фойдаланишга топширилиши ҳақида айтганларини билдик.

Хонадан сотуви давом этаётгани ҳақида аниқроқ маълумот олиш мақсадида “Askiya City” сотув офиси операторлари билан телефон орқали боғланиб маълумот олдик.

Маълумотларга қараганда, 10 та корпусни жамлаган мажмуанинг ҳар бири 18 қаватдан иборат бўлади. Уйларни “коробка” ёки таъмирланган ҳолатда харид қилиш мумкин. Уйнинг бир квадрати нархи 9,9 млн сўмдан 12,5 млн сўмгача баҳоланган. Кўп қаватли бинонинг 1–2-қаватлари офис ва дўконларга берилиши сабабли 3-қаватдан бошлаб уй харид қилиш мумкин. Мажмуадан майдони 29 квадратдан 160 квадратгача бўлган хонадонларни харид қилишингиз мумкин.

QALAMPIR.UZ ушбу ҳолат юзасидан фуқаролар ҳуқуқларини химоя қилаётган адвокат Искандар Мухидов сўзларига ҳам қулоқ тутди.

“Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 06.04.2021 йилдаги ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар “Insoft Invest” МЧЖ зиммасига Яккасарой тумани Ж.Шоший кўчасида жойлашган ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмани бузиб ташлаш ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 09.04.2021 йилдаги ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар “Insoft Invest” МЧЖ зиммасига Яккасарой тумани Ж.Шоший кўчаси 1/1,1/2-уйлар орқасидаги ноқонуний қурилмани З.Асомутдинова ва Д.Атахўжаева фойдасига ўз ҳолатига қайтариш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари қабул қилиниб, Мажбурий ижро бюроси Яккасарой тумани бўлимига топширилган. Бироқ номаълум сабабларга кўра, туман давлат ижрочилари томонидан мазкур ижро ҳужжатлари ижро қилинмасдан, келинмоқда. 

Ваҳоланки, Ўзбекистон “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 45-моддасида- Ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатнинг ўтганлиги мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Шунингдек, давлат ижрочиси мажбурият юклатиш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини ижро этиш даврида мажбурият юклатилган қарздор ихтиёрий равишда мажбуриятини бажармаган тақдирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-1 -моддасига кўра жарима қўллаши, ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 232-моддаси билан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун суруштирув органига топшириши лозим деб белгиланган”, дейди адвокат Искандар Мухидов.

Юқорида айтилганидек, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг жорий йил 6 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар “INSOFT INVEST” МЧЖ зиммасига юклатилган, бу қарор ижроси нега таъминланмаётган ҳақида эса Мажбурий ижро бюроси Яккасарой туман бўлими давлат ижрочиси Нодирбек Ғоиповга юзландик.

“МИБ Яккасарой туман бўлими иш юритувига Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 06.04.2021 йилдаги ҳал қилув қарори ижро ҳужжати 2021 йилнинг 12 май куни келиб тушган. Шу куннинг ўзида давлат ижрочиси томонидан ижро ишини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, томонларга почта орқали юборилган. Ижро ҳужжати таъминлаш учун қарздорга 15 кун ихтиёрий муддат берилган. Қарздор томонидан белгиланган муддатда ижро ҳужжати талаблари бажарилмаганлиги сабабли “Insoft Invest” МЧЖнинг собиқ раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1 “Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги” моддаси билан жазога тортилган. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари (2 700 000) миқдорида жарима қўлланилган. “Insoft Invest” МЧЖнинг собиқ раҳбари бу жаримани ўз ихтиёри билан тўлаган.

Ижро ҳаракатлари давомида “Insoft Invest” МЧЖ таъсисчисининг буйруғи билан раҳбар ўзгарган. Бу номулкий ижро ҳужжати бўлгани сабабли Ўзбекистон Республикаси суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонуннинг 71-моддаси тартибида мажбуриятни юклаш билан боғлик ижро ҳужжатлари қарздор томонидан белгиланган ижро ҳужжати талаби бажарилмаган тақдирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 232-моддаси Суд ҳужжатларини ижро этмаслик билан жавобгарлик чораси кўрилади. Бу маъмурий жавобгарликка тортилгандан 10 кун ўтиб амалга оширилиши лозим.

Бу ҳолатда маъмурий жавобгарликка тортилгандан озгина ўтмай директор ўзгарган. Яъни жиноят бўйича субъект ўзгарганлиги сабабли унга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи қўллаш мумкин эмас. МЧЖнинг янги раҳбарига нисбатан 8 ноябрь санаси билан қайтадан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1 моддаси билан жарима солиш жазоси қўлланилди. Бу қарор чиққанидан сўнг 15 кун ўтиб, суриштирув органи томонидан Жиноят кодексининг 232-моддаси билан жавобгарлик масаласи кўрилади. Юқорида айтганимдек, мазкур ижро ҳужжати номулкий ҳужжат бўлгани сабабли МИБ органи бориб бузиш ваколатига эга эмас” дейди, Нодирбек Ғоипов.

МИБ ходимлари берган маълумотдан келиб чиқиб савол пайдо бўлади. Агар корхона раҳбари ҳар ойда алмашса, ҳар сафар янгидан маъмурий иш очиладими? Директорни тез-тез алмаштириш орқали “INSOFT INVEST” МЧЖ жавобгарликдан қочиб, сувдан қуруқ чиқаверадими? Директор ўзгариши ноқонуний бузилишни тўхтатиб туришига сабаб бўлса, бу компаниянинг навбатдаги “трюки”ми?

Қурилган бино ноқонуний эканини суд тасдиқласа, уни бузиш ҳақида қарор чиқарса, буздиришга МИБни “тиши ўтмаяптими” ёки бу тишларни ўтмас қилиб қўйишганми?


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

248

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг