Президентлар Кремлда
Олам
−
09 Октябрь
8802Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари Россия Президенти Владимир Путиннинг туғилган кунида Москвада жамланди. Албатта, уларнинг Москвага ташрифи сабаби Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш. Мажлис 8 октябрь куни бўлиб ўтди. Лекин Путиннинг мавқедошлари 7 октябрь куни тушдан кейин манзилда эди.
Жумладан, Ўзбекистон раҳбари ҳам бу йиғинда иштирок этиш учун 7 октябрь куни йўлга отланди. Уни Москва шаҳридаги “Внуково” аэропортида Россия Федерацияси Президентининг ёрдамчиси Максим Орешкин ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Россия раҳбари Владимир Путин 7 октябрь куни ўзининг 72 ёшини нишонлади. Хорижий ОАВларнинг ёзишича, Кремль раҳбари туғилган кунида бир қатор ёпиқ учрашувлар ўтказган. Бу учрашувда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун борган Президентлар ҳам қатнашганми, ишчи учрашув туғилган кун дастурхонига уланганми, униси ҳозирча очиқланганича йўқ.
Энди Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) етакчиларининг йиғинига тўхталсак. Бу мажлисда иштирок этиш учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев Москвага борди.
Бу йиғилишда кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашиб, МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди ва кўплаб ҳужжатлар имзоланди.
Президентлар Кремлга кираркан, доимгидек саммит бошланишидан аввал ишни жамоавий суратга тушишдан бошлади.
Кенгашнинг тор доирадаги мажлисида кириш сўзини Ҳамдўстликка раис сифатида мезбонлик қилаётган Россия Президенти бошлади. У Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) доирасидаги ўзаро ҳамкорлик Россия Федерацияси ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
“Биз учун Ҳамдўстлик мамлакатлари энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз, стратегик ҳамкорларимиздир ва биз ҳамкорлигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдоримиз. Россиянинг 2024 йилги раислик концепцияси ва у билан боғлиқ тадбирларнинг кенг кўламли режаси айнан шунга қаратилган. Биз бу ерда ҳозир бўлган барча ҳамкасбларга қўллаб-қувватлаганликлари ва уларни амалга оширишдаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирамиз”, деди Путин.
Унинг айтишича, кун тартибида иқтисодий мавзуларга, МДҲда савдо ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларига катта эътибор қаратилади.
Ёдингизда бўлса, 2023 йилнинг 13 октябръ куни МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган эди. Президент Садир Жапаров рус тили МДҲ давлатларида мулоқот тили бўлиб қолишига ишонч билдирганди ўшанда.
“Ўйлайманки, Қирғизистон раислигида амалга оширилган ишлар натижалари, саммитда қабул қилинган қарор ва ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга, МДҲ халқлари фаровонлигига хизмат қилади”, дея яна уқтирган у.
Ўтган йилги мавзу яна очилди ва Путин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг барча давлатлари Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тез орада ратификация қилишини кутаётганини айтди.
“Бир йил аввал Бишкекда биз Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисида шартнома имзолаган эдик. Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон аллақачон уни ратификация қилган. Умид қиламанки, қолган дўстларимиз ва иштирокчи давлатлар тегишли ички тартиб-қоидаларни амалга оширади”, деди Путин.
У Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга шундай тузилмани яратиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.
“Менимча, бу жуда фойдали ва муҳим ташаббус, чунки рус тили барчамиз учун миллатлараро мулоқот тилидир”, дея хулоса қилди Россия раҳбари.
Россия Президенти МДҲ давлатлари умумий тарих хотирасини сақлаш муҳимлигини гапирар экан, Ҳамдўстлик мамлакатларида бу йил фашистларга қарши курашда Тинчлик ва бирлик йили бўлишини таъкидлади.
Шунингдек, МДҲ етакчилари фашизм, нацизм, милитаризмнинг қайта тикланишига йўл қўймасликка, янги жаҳон урушини бошлашга уринишларни тўхтатишга чақирди. МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида қабул қилинган “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарларининг 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги совет халқининг Ғалабасининг 80 йиллиги муносабати билан Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ва жаҳон ҳамжамиятига Мурожаатномаси”да бу ҳақда сўз боради.
Шунингдек, МДҲ давлатлари раҳбарлари Ҳамдўстлик мамлакатлари халқи ва жаҳон ҳамжамиятини тарихни сохталаштиришни қоралашга ва олдини олишга чақирган.
Мажлисда сўз олган Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқандда сунъий интеллект бўйича конференция ўтказишни таклиф қилди.
“МДҲ мамлакатларининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ва ваколатли идораларининг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бугунги таҳдидларга қарши курашиш усулларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида келишилган чоралар ҳамда дастурий ҳужжатларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Путин Ҳамдўстлик фаолиятининг энг муҳим йўналиши хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилишни таъминлашдан иборат эканини айтиб, бунда ваколатли органлар ва ихтисослаштирилган хизматлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик муҳим роль ўйнашини таъкидлади ва Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан тайёрланган дерадикализация соҳасида бугун биз қабул қилаётган ҳамкорлик дастурини алоҳида таъкидламоқчиман. У радикал ва экстремистик оқимларнинг қонунийлаштирилишининг олдини олишга, конфессиялараро мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган”, дейди Путин.
Саммит доирасида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг 2025–2027 йилларга мўлжалланган дерадикализация соҳасидаги ҳамкорлик дастури тўғрисида”ги қарор ва кўплаб бошқа ҳужжатлар имзоланган.
Шунингдек, Путин ўзбекистонлик дипломат Илҳом Тўйчиевич Неъматовни Россия Федерациясининг “Дружба” (“Дўстлик”) ордени билан тақдирлади.
Россия Федерацияси Президенти МДҲ Бош котибининг ўринбосари, Ўзбекистон дипломати Илҳом Тўйчиевич Неъматовнинг МДҲни ривожлантиришдаги хизматларини, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси сифатидаги фаолияти давомида мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссасини қайд этиб, мукофотни топширган.
Шундай қилиб, МДҲ раҳбарларининг галдаги учрашуви ҳам ўз ниҳоясига етди.