Вазир Абдуҳакимов бошчилигидаги велокортеж 4 км масофани босиб ўтди (фоторепортаж)
Жамият
−
22 Сентябрь 2021
5566Ҳафта давомида ишлаган кўпчилик одамлар дам олиш кунини оила даврасида ўтказишни, телевизор кўриб, маданий ҳордиқ олишни ёки кун бўйи шунчаки ҳеч нима қилмасликни маъқул кўришади. Айнан шу каби ҳолатлар, яъни ўз вақтида дам олмаслик, кўп ухлаш ёки камҳаракатлилик бугун бир қатор дунё мамлакатлари аҳолиси азият чекаётган касаллик – ортиқча вазн йиғишга олиб келади. Семизлик ўз навбатида юрак қон-томир хасталикларини келтириб чиқариши эса фанда, аллақачон, исботланган. Ушбу касалликка чалинмаслик учун, албатта, мунтазам спорт билан шуғулланиш ёки ҳар куни ҳеч бўлмаганда 10 минг қадам юриш зарур.
Бугун, 22 сентябрь “Халқаро автомобилсиз кун” муносабати билан Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбир давомида фуқароларнинг бўш пайтларида пиёда юришлари, бу нафақат уларнинг соғлиғи учун, балки экологияга ҳам фойдаси борлиги: автомобилдан чиқадиган заҳарли газлар миқдори камайтирилиши тарғиб қилинди.
Тадбир давомида Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов эса давлат идоралари ва маҳаллий органлар раҳбарларини ҳам шахсий намуна кўрсатишга чорлади. Шундан сўнг, Абдуҳакимов бошчилигидаги велокортеж вазирлик биносидан 4 км масофа босиб ўтиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Тошкент марказий Эко боғига етиб келди. Бу ерда ҳам 2 км масофа пиёда босиб ўтилди ва умумий ҳисобда 6 кмли финиш “забт этилди”.
QALAMPIR.UZ эса жараённи камера объективига муҳрлади. Қуйида тадбирдан олинган эксклюзив суратлар билан танишишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов “Халқаро автомобилсиз кун” доирасида давлат идоралари ва маҳаллий органлар раҳбарларини ҳеч бўлмаса йилда бир мартда автомобилда ҳаракатланмасдан, ишга велосипед ёки пиёда келишга чақирганди.
Бунга жавоб тариқасида бугун Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов “Халқаро автомобилсиз кун” муносабати билан ишхонасигача 8,5 км масофани пиёда босиб ўтган. У пиёда юриш жараёнини ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали онлайн трансляция қилган.
LiveБарчаси