Алламжонов кетди
Таҳлил
−
02 Октябрь
16369Тармоқларда бир ой кўринмай қолса қидириладиган, ўзининг таъбири билан айтганда доим “айбдор” бўлган, икки ой аввал Президент Администрациясидан ишдан кетгани қулоққа чалиниб, бу гал ростдан ҳам ишдан кетган Комил Алламжонов энди амалдор эмас. Алламжонов энди ишини ўзига бегона бўлмаган хусусий секторда давом эттиради. Президент ёрдамчиси, давлат раҳбарининг тўнғич қизи ва давлат амалдори сифатида карьерасини Алламжоновга ўринбосарликдан бошлаган ва охирги пайтларда унинг ўзига раҳбарлик қилган Саида Мирзиёева Комил Алламжонов билан хайрлашаркан, унга фидокорона хизмати ва профессионализми учун чуқур миннатдорлик билдиришни унутмади.
“Ўтган икки йил давомида Президент берган барча топшириқларга масъулият билан ёндашиб, давлат ва жамият учун муҳим бўлган катта лойиҳаларни амалга оширдингиз. Матбуот ва таълим тизимини такомиллаштиришда катта натижалар кўрсатдингиз. Бунинг учун сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ишонамизки, сиз бошлаган ишлар келажакда ўз мевасини беради”, дейди Президент ёрдамчиси.
Эътиборли жиҳати шундаки, бугунгача ПАга кимлар келди, кимлар кетди. Булар орасида энг кўзга кўринганлари Зайнилобиддин Низомиддинов ва Сардор Умурзоқов бўлса, уларнинг иккиси билан ҳам бу тарзда хайрлашилмаган эди. Шу тақлид хайрлашилган бўлса ҳам у жамоатчилик кўзидан йироқ, тасвирга олишларсиз ўтди. Майли, гапни чўзмай, Алламжоновнинг нутқига қайтайлик. У кетар чоғида ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг мақсад ва ғояларига чин юракдан содиқлигини баён этди.
“Мен хусусий секторда фаолиятимни давом эттириб, иқтисодиётнинг муҳим соҳаларига замонавий технологиялар, инвестициялар жалб қилишни режалаштирмоқдаман. Бу орқали юртимиз равнақи ва тараққиётига ўз ҳиссамни қўшиш ниятим бор. Яна бир бор сизга катта раҳмат”, деган Комил Алламжонов.
Алламжоновнинг бўёғига хусусий секторда нима билан шуғулланиши ҳозирча ҳеч кимга маълум эмас. Ҳар ҳолда у бир эмас, бир қанча бизнеслар эгаси. Илк бизнесини Давлат солиқ қўмитасида ишлаб юрганида бошлаган Алламжонов “Солиқ инфо” газетаси, "BEM" бухгалтерлик фаолиятини автоматлаштириш дастури, кейинчалик “Avtotest” автомактаби ва “Autodriver Study” ҳайдовчиларни имтиҳон қилиш маркази ва бошқа кўплаб лойиҳалар асосчиси ҳисобланади.Энди у қайси бизнесларини давом эттиради ва Алламжоновнинг бугунгача олиб борган фаолиятидаги кенг қулочи эндиги бизнесларига таъсир қиладими ё йўқ, буниси бизга қоронғи.
Энди сиз билан Алламжоновнинг пастдан то юқори лавозимгача қандай кўтарилганини кўриб чиқамиз. Охирги 6-8 йилда бирдан юксалган Алламжонов дастлабки фаолиятини “Ёшлар” телерадиоканалининг “Давр” информацион дастурида бошлаган. Унинг назарга тушиши 2005-2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати раҳбари лавозимида ишлаган даврига тўғри келади.
Аслида, бу Алламжоновнинг Президент Администрациясидан биринчи бор кетиши эмас. У 2017 йил 1 декабрдан Асаджон Хўжаевнинг ўрнига Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби сифатида иш бошлаган эди. Бу лавозимда деярли бир йил ишлаб Администрациядан кетган Алламжоновга ўша вақтдаги Матбуот ва ахборот агентлигини бошқариш топширилди.
Кейинроқ, Президент имзолаган ҳужжат билан ташкилот Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айланди ва Алламжонов унга директор ва Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ўринбосар этиб тайинланди. Мирзиёева ва Алламжонов тандеми ана шунда бошланган эди. Алламжонов ва Мирзиёев агентликдаги фаолиятини бир кунда, 2020 йилнинг январида тугатди. Ва орадан кўп ўтмай, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди очилди. Алламжонов унда директор, Мирзиёева ўринбосар бўлди.
Аламжонов орадан тўрт йил ўтиб, Президент Администрациясига юқори лавозимга қайтди. У 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовга ўринбосар бўлди. Ўша вақтларда бу лавозим, яъни ўринбосарлик айнан Комил Алламжонов учун ташкил этилгани айтилганди. У Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимига тайинлангани боис барча бизнесларини бошқа эгаларига топширганини айтганди, ўшанда. Лекин бизнеснинг бошқа эгалари кимлиги ҳеч кимга маълум қилинмаган.
“Бугундан бошлаб мен барча бизнес лойиҳаларимни, компанияларимни ҳам бошқа эгаларига топшираман. Бугундан бошлаб мен бизнесмен эмасман. Чунки мен манфаатлар тўқнашувига мутлақо қаршиман ва қолганларга ҳам шуни маслаҳат бераман”, деган Алламжонов.
Умуман олганда, тадбиркорликка Солиқ қўмитасида Матбуот котиби бўлганида қўл урган Алламжонов Администрацияга келиб манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳақида гапиргани жуда қизиқ. Ҳар ҳолда “Avtotest” ва “Milliy TV” ҳам унинг давлат ишида ишлаган вақтида очилган. 2022 йилда Президент Администрациясига қайтиб қўшилган Алламжонов орадан бир йил ўтар-ўтмас Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимига кўтарилди ва бу лавозимда ҳам бир йил ишлади.
Ёдингизда бўлса, Алламжоновнинг Президент Администрациясидан кетгани ҳақидаги гаплар шу йилнинг июль ойида болалаган эди. У эса темирни қизиғида босиб, июль ойининг ўзида давлат ва нодавлат телерадиоканаллар ҳамда бошқа ОАВ раҳбарлари билан учрашув ўтказиб, ҳали ҳам лавозимда эканини кўрсатиб қўйди. Бу йиғилишда QALAMPIR.UZ ва мен шахсан иштирок этмаган бўлсам-да, учрашув тасвирларини сиз сингари ижтимоий тармоқдан кўрдик. Одатда бундай учрашувлар 2 мингдан ортиқ медиаси бор бўлган Ўзбекистонда тор доиралардагина ўтказилишига ўрганиб ҳам қолганмиз.
Буни қарангки, орадан кўп ўтмай у ҳақиқатдан ҳам Администрациядан кетди. Ҳамма нарсага айбдор бўлган Алламжонов энди сиёсатда эмас. Энди Алламжонов амалдор эмас. Унинг Администрациядан кетишини кимдир қулаш, кимдир имконият, деб атаяпти. Хўш, сиз-чи, сиз нима дейсиз?
Менга қолса, қандай бўлишидан қатъи назар Ўзбекистоннинг замонавий медиаси тарихига Алламжонов номи ёзилди, Алламжонов билан боғлиқ қатор воқеликлар бор ва бўлди. Гарчи хорижий экспертлар томонидан матбуотни назорат қилишга қаратилган бундай ташкилот ва лавозимларнинг бўлиши кўплаб танқидларга сабаб бўлса-да, Алламжонов улар билан ҳам ўз тарихида мулоқот ўрната олди. Кўрамиз, бу лавозим Алламжоновдан кейин тугатиладими ё унинг курсисини бошқаси эгаллайдими?!
LiveБарчаси