Минск гуруҳи Қорабоғ можаросини ҳал қилишда ҳеч қандай роль ўйнамади – Алиев

Олам

image
Қойилмақом учлик: Минск гуруҳининг Қорабоғдаги вазифаси нима эди? north_east

Қойилмақом учлик: Минск гуруҳининг Қорабоғдаги вазифаси нима эди?

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи гарчи ваколат ва имкониятлари бўлса ҳам қарийб 30 йилга яқин вақт давомида Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилишда ҳеч қандай роль ўйнамади. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 12 декабрь куни ЕХҲТ Минск гуруҳининг француз ва америкалик ҳамраислари Стефан Висконти ва Эндрю Шоферни қабул қилиш чоғида сўз очди. 

"Афсуски, Минск гуруҳи 28 йил давомида ваколатга эга бўлишига қарамай, можарони ҳал қилишда ҳеч қандай роль ўйнамади. Мен 17 йил давомида музокараларда қатнашдим. Бироқ, уруш пайтида айтганимдек, гарчи Минск гуруҳи ғояларни тарғиб қилиш ва ижодкорликни намоён этиш йўналишида бир мунча фаоллик қилган бўлса ҳам, бу ҳеч қандай натижа бермади. Бу ҳақиқат", дейди Алиев. 

Озарбайжон раҳбари зиддиятни ҳал қилиш минтақадаги вазиятни бутунлай ўзгартириб юборганини таъкидлади.

Мамлакат расмий ахборот агентликларига кўра, Баку ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраисларини таклиф қилмаган, аксинча, ташриф буюриш таклифини улар билдирган.  

"Бу ерга келиш сизнинг фикрингиз эди. Мен буни камералар олдида айта оламан. Мен Минск гуруҳини Озарбайжонга таклиф қилмадим. Менга Минск гуруҳи келишни истаётгани ҳақида хабар беришганида, мен уларга, келишсин, қарши эмасман, деб айтдим”, дейди Алиев. 

Маълумот ўрнида, Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш бўйича музокаралар 1992 йилдан бери Россия, АҚШ ва Франция ҳамраислигидаги ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида олиб борилмоқда. 

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғда қуролли тўқнашув бошлангач, кўплаб халқаро ташкилотлар ва дунё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон ҳам икки мамлакатни муросага чақириб, масалани Минск гуруҳи доирасида ҳал этиш кераклигини айтиб чиққанди. Биргина Туркия Озарбайжоннинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, босиб олинган ерларни фақат уруш ва куч ишлатиш йўли билан тортиб олиш кераклигини очиқлади. Президент Эрдўған Минск гуруҳи 30 йил давомида бу муаммони ҳал қилмагани, ҳал қилиш истамаганини даъво қилди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Минск гуруҳи

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг