Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди
Жамият
−
18 Ноябрь 2019
8889Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 ноябрь куни “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармон билан, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.
Шунингдек, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Концепция инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлашга, жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва тинчликни сақлашга йўналтирилган.
Концепция ва “Йўл харитаси”нинг бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, Фармон билан Қўмита тузилмасида Миллатлараро муносабатлар бўйича илмий-амалий тадқиқотлар маркази ташкил этилди.
Марказнинг асосий вазифаларидан бири миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий мақолалар, китоблар, илмий-тадқиқот материаллари, ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрлаш ва эълон қилишдан иборат.
Фармон билан Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон давлат сиёсати концепциясини амалга оширишни таъминлаш бўйича Комиссия тузилди.
Миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва тартибга солиш, миллатлараро муносабатлар соҳасида ишлар ҳолатини жойларга чиқиб тизимли ўрганишни ташкиллаштириш Комиссиянинг асосий вазифаларидан биридир.