Самарқандда МИБ ходимларини ёқиб юборган аёлга суд ҳукми ўқилди
Жамият
−
13 Июнь 2020
26100Жорий йилнинг 11 июнь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида судланувчи Дилором Розиқовага нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Дилором Розиқова – 1978 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, муқаддам судланган.
Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Абдуҳаким Олтибоев раислигида кўриб чиқилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 21 январь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М. Бекмуҳаммедов, бўлим бошлиғи ўринбосари Ф. Ибрагимов жами 23 нафар давлат ижрочилари билан биргаликда иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан Самарқанд шаҳри Навоий шох кўчаси 49-уй 16-хонадонда уй-жойдан чиқариш юзасидан ҳаракатларини бошлаш учун борган.
Аммо фуқаро Дилором Розиқова уй-жойдан чиқишдан қатъий бош тортиб, МИБ Самарқанд шаҳар бўлими ходимларининг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган. Розиқова уларни устига бензин ёқилғисини сепиб, қўлида ёниб турган сочиқни уларни устига қасддан улоқтириб юбориб, давлат ижрочиларини хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишига мажбур қилган.
Суд ҳукмига кўра, Дилором Розиқова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун 1 йил 7 ой 9 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ушбу жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.
LiveБарчаси