“Ёшлик I” кони ҳудуди кенгайтирилади
Жамият
−
19 Май 2020
5492Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан белгиланишича, "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ (кейинги ўринларда – ОКМК) томонидан "Ёшлик I" конини ўзлаштириш" инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши учун Пискент ва Оҳангарон туманларида ҳудудлар ажратиб берилиши талаб қилинади. Хусусан:
• Пискент туманида умумий майдони 1 415,8 гектарга тенг ҳудуд – фабрикада маъданларни бойитиш жараёнида ҳосил бўладиган қолдиқларни сақлаш объектини, унинг инфратузилма ва санитар зоналарини (кейиги ўринларда - қолдиқларни сақлаш объекти);
• Пискент ва Оҳангарон туманларида умумий майдони 712 гектарга тенг ҳудуд - 3-сон Мис бойитиш фабрикасининг сув ва ташқи электр таъминоти объектларини (инфратузилма объектлари) қуриш учун.
Шу муносабат билан Тошкент вилояти ҳокимлигига қуйидагилар топширилди:
а) Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда:
қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектлари ҳудудларининг аниқ чегараларини белгилаш;
қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектлари ҳудудларида жойлашган турар жой, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа иншоотлар, қурилмалар ва экинларни хатловдан ўтказиш;
б) ОКМК билан биргаликда:
• қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектларини қуриш доирасида олиниши режалаштирилаётган ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари билан очиқ мулоқот ўтказиш, шунингдек, фойда ва харажатларни баҳолаш;
• ўтказилган хатлов ва очиқ мулоқот натижаларига кўра, ер участкаларининг олиниши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш ишларини амалга ошириш;
• зарарларни қоплаш масаласи ҳал этилгандан сўнг, ер участкаларининг олиниши ва ажратиб берилишини таъминлаш.
ОКМК маблағлари ҳисобидан қуйидагиларнинг ўрни қопланади:
• ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачиларининг кўрган зарарларини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрни;
• ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачиларининг кўрган зарарларини баҳолаш харажатлари;
• ер участкаларининг олиниши натижасида турар жойлари бузилиши назарда тутилган жисмоний шахсларнинг янги қурилаётган якка тартибдаги тураржой ва бошқа иншоотларини тегишли муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш харажатлари.
ОКМК инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланишга олинадиган суғориладиган ерларни ўзлаштириш, шунингдек, лалми ерлар, пичанзорлар, яйловлар ҳолатини тубдан яхшилаш учун талаб этиладиган компенсация тўловларидан озод қилинди.