Ўзбекистонда иқлим ўзгариш суръати глобал даражадан анча юқори
Жамият
−
14 Апрель 2020
19594Гидрометеорология хизмати марказида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ҳарорати трендлари баҳоланди. Марказ 2019 йилда кузатилган об-ҳаво бўйича таҳлиллари натижасини маълум қилди.
Кузатувлар бошланган вақтдан 2019 йилгача ўртача йиллик ҳароратнинг ўзгариши таҳлили шуни кўрсатдики, иқлим исиши тенденциялари Ўзбекистоннинг барча иқлимий зоналарида намоён бўлмоқда, бунда ҳароратнинг кўтарилиш суръатлари глобал миқёсда кузатилаётган ўртача суръатлардан анча юқори.
Ҳавонинг ўртача йиллик ҳароратлари кўтарилишининг энг катта қийматлари йирик шаҳарлар (Тошкент, Самарқанд, Фарғона)да, эҳтимол, қўшимча урбанизация самараси ҳисобига қайд этилган. Ўртача йиллик ҳарорат кўтарилишининг энг кичик қийматлари республиканинг тоғли ҳудудларида кузатилган.
Тошкентда ўртача йиллик ҳаво ҳароратининг ўзгариши
Кўк чизиқ ўртача йиллик ҳаво ҳарорати
Қизил чизиқ беш йиллик ўртача сирғанувчи
Ўзбекистоннинг деярли барча минтақалари бўйича охирги ўн йиллик (2010-2019 йй.) ва охирги беш йиллик (2015-2019 йй.) учун ўртача ҳаво ҳароратлари бутун метеорологик кузатувлар давридаги олдинги ўн ва беш йиллик даврлар билан таққослаганда энг юқори бўлди.
2019 йилда республика ҳудудининг катта қисмида ўртача йиллик ҳарорат меъёрдан 1,6-2,3 даражага юқори, Оролбўйида ҳамда чўл зонасида эса айрим жойларда меъёрдан 2,9-3,1 даражага юқори бўлди. Фақат республиканинг тоғли туманларида ўртача йиллик ҳароратнинг меъёрдан четланиши 1 даражадан ошмасдан 0,5-0,9 даражани ташкил қилди.
2019 йил Ўзбекистонда бутун метеорологик кузатувлар тарихи даврида иккинчи энг иссиқ йил бўлди. Республикада кузатувлар тарихида 2016 йил энг иссиқ йил бўлиб турибди.
Иқлимшунос олимлар буни икки омил — иқлим исишига олиб келувчи Эль-Ниньо ҳодисаси ҳамда узоқ муддатли иқлим ўзгариши билан тушунтирмоқдалар.
Ўзбекистоннинг барча минтақалари бўйича ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сонининг барқарор ўсиш тенденцияси иқлим исиши кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Иссиқ кунлар сони ортишининг энг юқори тенденциялари Оролбўйида ва республиканинг жанубий ҳудудларида қайд этилган.
Ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сонинг ўзгариши, Термиз |
Ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сонинг ўзгариши, Чимбой |
---|---|
2019 йил ёзда республиканинг барча минтақаларида жазирама об-ҳавонинг аномал узоқ даври кузатилди. Ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони ўртача кўп йиллик қийматлардан ва ҳатто 2016 йил кўрсаткичларидан ошиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил январида Жаҳон Метеорология ташкилоти томонидан асбоб-ускуналар воситасида метеорологик кузатувлар ўтказиш бошланган даврдан 2019 йилгача олиб борилган иқлимий мониторинг натижалари эълон қилинганди. Унга кўра, 2019 йил бутун кузатувлар даврида 2016 йилдан кейин иккинчи энг иссиқ йил экани маълум бўлганди.