Ҳужжатлар, дарсликлар, ОАВ фаолияти: янги алифбога ўтиш тартиби белгиланмоқда
Ўзбекистон
−
21:47 468 4 дақиқа
Ўзбекистонда ID-карталар, хорижга чиқиш паспортлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари, автомобилларнинг техник паспортлари ва кадастр ҳужжатлари янги алифбода расмийлаштирилади. Шунингдек, Таълим тизимида янги алифбога ўтиш 2027–2031 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги бугун, 21 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбек алифбосига киритилган ўзгартиришларни жамият ҳаётининг барча соҳаларига жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида келтирилган.
Лойиҳага кўра, қонун кучга кирганидан кейин ID-карталар, хорижга чиқиш паспортлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари, автомобилларнинг техник паспортлари ва кадастр ҳужжатлари янги алифбода расмийлаштирилади. Бироқ аввал берилган ҳужжатлар ўз юридик кучини сақлаб қолади.
Давлат органларига исм, фамилия ёки отасининг исми ёзилишидаги фарқлар туфайли фуқароларга хизмат кўрсатишни, ҳужжатларни қабул қилишни ёки шахсини тасдиқлашни рад этиш тақиқлананади.
Олдинроқ тайёрланган ҳужжат бланкаларидан 2028 йил 1 январга қадар фойдаланишга рухсат берилади. Миллий валюта ва қимматли қоғозларни эса қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.
Шунингдек, таълим тизимида янги алифбога ўтиш 2027–2031 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган. Бу даврда 1–11-синфлар учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар янги имло қоидаларига мослаштирилади.
Илк ўзгаришлар 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб биринчи синф дарсликларида жорий этилиши кутилмоқда. Қолган синфлар учун дарсликлар эса белгиланган қайта нашр этиш муддатларига мувофиқ янгиланади.
Педагоглар учун малака ошириш курслари, семинар ва тренинглар ташкил этилади. Шунингдек, 5–11-синф ўқувчилари учун имло саводхонлигини баҳолашда вақтинчалик енгилликлар жорий этиш таклиф қилинмоқда. Улар 2028 йил 1 августга қадар, жумладан, якуний давлат аттестацияси ва кириш имтиҳонларида қўлланиши мумкин.
Мактабгача ёшдаги болалар учун янги алифбога оид махсус ўқув материаллари, плакатлар, ўргатувчи ўйинлар ва мультфильмлар тайёрланади. Хусусан, 2027 йилда тўртта янги ҳарфга бағишланган “Сеҳрли ҳарфлар саргузаштлари” номли тўрт қисмли мультсериал яратиш таклиф этилган.
Бундан ташқари, қарор лойиҳасида қонун кучга кирганидан кейин ўзбек тилидаги ОАВ материаллари ва босма маҳсулотларни янгиланган алифбода чоп этиш назарда тутилган. Ушбу талаб газета, журнал, телеканал ва интернет нашрларига ҳам тегишли. Таҳририятлар техник воситаларни тайёрлаши ва ходимларни янги имло қоидаларига ўқитиши керак.
Шу билан бирга, 2027 йил 22 апрелдан 2028 йил 22 апрелгача маҳсулот қадоқлари ва ёрлиқларида амалдаги ҳамда янгиланган алифболардан биргаликда фойдаланишга рухсат берилади. 2028 йил 22 апрелдан бошлаб янги буюртма қилинадиган қадоқлар ва ёрлиқларда янгиланган алифбодан фойдаланиш мажбурий бўлади. Аввал тайёрланган қадоқлаш материалларидан эса 2029 йил 22 апрелга қадар фойдаланиш мумкин.
Қонуний равишда маркировка қилинган товарларни ўтиш даври тугаганидан кейин ҳам яроқлилик муддати тугагунига қадар сотишга рухсат берилиши режалаштирилмоқда.
Банк мобил иловалари, банкоматлар, тўлов терминаллари, солиқ ва божхона ахборот тизимлари ҳамда электрон савдо платформалари интерфейслари ҳам янги алифбога мослаштирилади.
Келаси йилдан бошлаб давлат муассасалари пешлавҳалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидаги ахборот ёзувлари, йўл кўрсаткичлари, аэропорт ва вокзаллардаги таблолар, жамоат транспорти йўналишлари ҳамда бекатлар белгилари босқичма-босқич ўзгартирилади.
Давлат герби ва давлат мукофотларидаги ёзувларни янгилаш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ҳам 2027 йилда ишлаб чиқилади. Олдинроқ ўрнатилган пешлавҳалар, герб тасвирлари ва географик кўрсаткичлардан улар эскиргунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланиш мумкин бўлади.
Рақамли технологиялар вазирлигига Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфларини қулай киритиш имконини берувчи ўзбек клавиатурасининг ягона стандартини ишлаб чиқиш топширилиши режалаштирилган.
Ушбу стандарт Android, iOS, macOS ва Windows операцион тизимларига мослаштирилади. Халқаро технология компанияларига тегишли таклифларни 2027 йилда юбориш режалаштирилган.
Шунингдек, OneID ва my.gov.uz каби давлат ахборот тизимлари ҳам янгиланган алифбога мослаштирилади. Электрон матнларнинг имлосини текшириш, таҳрирлаш ва автоматик тарзда янги алифбога ўгириш учун бепул дастурлар, жумладан, сунъий интеллект технологиялари асосидаги ечимлар ишлаб чиқилади.
Лойиҳада 2026–2027 йилларда OpenAI, Google, Anthropic, xAI, DeepSeek ва Meta компанияларига уларнинг ChatGPT, Gemini, Claude, Grok, DeepSeek ва Meta AI тизимларини янгиланган ўзбек алифбоси ҳамда имло қоидаларига мослаштириш таклифи билан мурожаат қилиш ҳам назарда тутилган.
Алифбо ислоҳоти сабабли домен номлари, электрон почта манзиллари, логинлар, ҳисоб рақамлари ва шартнома рақамларини ўзгартириш ёки қайта рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.
Мазрку қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йил 6 декабрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 октябрь куни Президент ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфни ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Янгиланган алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади. Унга кўра, қуйидаги ҳарфлар ўзгармоқда:
O‘ o‘ – Ö ö;
G‘ g‘ – Ğ ğ;
Sh sh – Ş ş;
Ch ch – Ç ç.
Қонун 2027 йил 22 апрелдан кучга киради.
Live
Барчаси