Ҳусийлар Тель-Авив ва Ашкелонга зарба берганини эълон қилди
Олам
−
27 Сентябрь
7389Яман ҳусийлари бугун, 27 сентябрь куни Исроилнинг Тель-Авив ва Ашкелон шаҳарларидаги “ҳарбий нишонларга” ҳужум қилди. Бу ҳақда ҳусийлар ҳарбий вакили Яҳё Сария маълум қилди.
“Яман қуролли кучлари операция ўтказди, унинг давомида улар босиб олинган Яффа шаҳрида (Тель-Авив) душман Исроил ҳарбий нишонига “Фаластин-2” баллистик ракетаси билан, шунингдек, ишғол қилинган Ашкелондаги нишон “Яффа” учувчисиз самолёти билан ҳужум уюштирди", дейди у ҳусийларга тегишли “Ал Масираҳ” телеканалида.
Аввалроқ Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати Ямандан отилган ракета Исроил ҳудудидан ташқарида тутиб олингани ҳақида хабар берган эди.
Бугун, 27 сентябрь куни Исроил марказининг бир қанча ҳудудларида ҳужум хавфи ҳақида огоҳлантирувчи ҳаво ҳужуми сиреналари янгради.
Қайд этиш жоиз, Ғазо секторидаги можаро авж олгани сари ҳусийлар Фаластин анклавидаги операция тўхтатилгунга қадар Исроилни ўққа тутиб, унга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози орқали ўтишига йўл қўймасликлари ҳақида огоҳлантирган. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери улар Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб тинч аҳоли кемаларига ҳужум қилган.
Ҳусийларнинг ҳаракатларига жавобан Америка расмийлари Қизил денгизда навигация эркинлигини таъминлаш ва кемаларни ҳимоя қилиш учун халқаро коалиция тузилгани ва Prosperity Guardian операцияси бошланганини эълон қилди. Кейинчалик Буюк Британия ва Қўшма Штатлар қуролли кучлари Яманнинг турли вилоятларидаги ҳусийларнинг ҳарбий нишонларига мунтазам зарба бера бошлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой охирида Яман ҳусийлари етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий Исроилни аянчли ҳодисалар кутаётганидан огоҳлантирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь