Ҳусийлар Саудия Арабистонидан 51 миллиард доллар талаб қилди

Олам

−

image

Ямандаги ҳусийлар ҳаракати Саудия Арабистонига қарши ҳужумларни тўхтатиш учун бир қатор шартларни илгари сурди. Улар орасида 51 миллиард доллар товон пули тўлаш ва Ямандаги ҳусийлар ҳокимиятини расман тан олиш талаби ҳам бор. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.

Саудия Арабистони Қизил денгизда нефть танкерларига қилинган ҳужумлар ва Боб ал-Мандоб бўғози яқинида жойлашган Ал-Муха шаҳри эгалланганидан сўнг ҳусийлар билан боғланган. Подшоҳлик можарони тугатиш учун қандай шартлар қўйилаётганини аниқлашга уринган.

Ҳусийлар талаб қилаётган 51 миллиард доллар кўп йиллик ҳарбий зарбалар ва қамал оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, Яманни қайта тиклаш учун сарфланиши керак. Улар Ар-Риёддан халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлашни ҳам тўхтатишни сўрамоқда.

Ар-Риёднинг ҳарбий операция борасидаги хавотирлари

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳарбий устунликка эришмасдан туриб ҳусийлар шартларини қабул қилишни истамаяпти. Мамлакат расмийлари бу талабларни бажариш гуруҳни келгусида яна ҳужумлар уюштиришга ва қўшимча маблағ талаб қилишга рағбатлантириши мумкинлигидан хавотирда.

Шу билан бирга, ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириш ҳам Саудия Арабистони учун жиддий хавф туғдиради. Йирик қуруқлик операцияси кўплаб ҳарбийларнинг ҳалок бўлишига ва мамлакат ичида норозиликлар кучайишига сабаб бўлиши мумкин.

“The Wall Street Journal” маълумотларига кўра, уруш давомида ўнлаб саудиялик ҳарбийлар ҳалок бўлган. Бироқ бу йўқотишлар расман ошкор этилмаган. Валиаҳд шаҳзода Яманга қўшимча қўшинларни юбориш қандай оқибатларга олиб келишидан жиддий хавотирда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони ҳаво мудофааси Макка шаҳрига яқин ҳудудда ҳусийларга тегишли дронни шаҳар устидан парвоз қилиш тақиқланган ҳудудга киришидан олдин уриб туширгани ҳақида хабар берилган эди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг