Ҳусийлар Ғазода уруш давом этса, янги зарбалар бериш билан таҳдид қилди
Олам
−
15 Февраль
3963Яман шимолида ҳукмронлик қилаётган ҳусийлар, агар Исроил Ғазо секторидаги амалиётини тўхтатмаса, янада кучли зарбалар бериш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда ҳаракат матбуот котиби Муҳаммад ал-Бухайти маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, агар Ғазо секторига қарши тажовуз тўхтамаса ва қамал олиб ташланмаса, “эскалация” бўлади, бу вақти келганда эълон қилинади.
Шу билан бирга, ҳусийлар вакили ҳужумлар кучайиши учун кўплаб вариантларга эга эканини қўшимча қилиб, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари ҳамда ҳарбий базаларига зарба берилишини таъкидлади.
“Агар бизда АҚШ ва Буюк Британияга етиб бора оладиган ракета ва жанговар самолётларимиз бўлганида, улар Яманга ҳужум қилишда давом этса, биз иккиланмасдан зарба берардик”, дея қўшимча қилди ал-Бухайти.
Қайд этиш жоизки, Ғазо секторида можаро авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштириш ва уруш тугагунга қадар улар билан боғлиқ кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига йўл қўймасликларини билдирган. Ҳусийлар ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан бери Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.
Бунга жавобан АҚШ, Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшель ороллари ва Франция каби давлатлар ҳусийларга қарши “Prosperity Guardian” (“Фарвонлик қўриқчиси”) операциясини эълон қилди. АҚШ ва Буюк Британия бир неча бор қўшма операция ўтказиб, Яман ҳудудидаги нишонларга зарба берди. Бундан ташқари, АҚШнинг ўзи ҳам ҳусийлар нишонларига ҳужум қилиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 13 февраль куни ҳусийлар Эрон портига йўл олган Star Iris юк кемасига ракета зарбалари берганди.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси