Ҳусийлар АҚШ авианосецига зарба берди
Олам
−
18 Март
7078Ямандаги ҳусийлар ҳаракати АҚШнинг зарбаларига жавобан Қизил денгизда жойлашган USS Harry Truman авианосецига 48 соат ичида учинчи марта зарба берганини маълум қилди. Бу ҳақда ҳусийлар томонидан шакллантирилган қуролли кучлар вакили Яҳё Сария хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужум икки қанотли ракета ва иккита дрон ёрдамида амалга оширилган. Бундан ташқари, ҳусийлар АҚШнинг эсминецига ҳам зарба бериб, унга битта қанотли ракета ва тўртта дрон юборган.
16 март куни Яҳё Сария USS Harry Truman ва унга ҳамроҳлик қилаётган кемалар ҳусийлар томонидан 18 та баллистик ва қанотли ракета ҳамда дрон билан нишонга олинганини маълум қилган эди.
Унинг сўзларига кўра, ҳусийлар Қизил денгиз ва Аден кўрфазида АҚШ ҳарбий кемаларига ҳужум қилишда давом этади ҳамда Исроил Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказишни қайта бошламагунича Бабул Мандеб бўғозидан Исроил савдо кемаларининг ўтишига тўсиқ қўяди.
15 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ямандаги ҳусийлар позицияларига “яммавий зарба” бериш ҳақида буйруқ берганини маълум қилди.
Бунга жавобан ҳусийлар етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий АҚШнинг янги ҳужуми уларнинг ҳарбий салоҳиятини кучайтириши билан жавоб бериши ҳақида огоҳлантирди.
“Америка ҳарбий кемалари ва самолётлари энди бизнинг қонуний нишонларимиздир”, деди у.
Ҳусийларга кўра, АҚШ ва Буюк Британия ҳаво ҳужумлари оқибатида Яманнинг бир қанча шаҳарлари, жумладан Санада ҳам 53 киши ҳалок бўлган, 98 киши яраланган.
16 март оқшомида ҳусийлар ҳаракати Қизил денгизда Американинг Harry Truman авиаташувчи кемасига жавоб ҳужуми уюштирганини эълон қилди. Кеча, 17 март куни ҳусийлар иккинчи ҳужумни бошлади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 март куни АҚШ Яманнинг Ҳудейда ва Жауф вилоятларига 6 марта ҳаво ҳужуми уюштирганди.
LiveБарчаси