Ҳусанов ва Шомуродов учун омадсиз ҳафта – Спорт дайжести

Таҳлил

Бир неча кундан кейин “Бунёдкор” стадионда Ўзбек футболи тарихидаги энг муҳим ўйинлардан бири бўлиб ўтади. Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаши ўзининг авж палласига кирди. Темур Кападзе эса Қирғизистон ва Эронга қарши муҳим учрашувлар учун қайдномани эълон қилди. ОЧЛда шов-шув кўтарган Пахтакорнинг эртаги эрта якунлади. Ҳусанов ва Шомуродов ўз клубларидаги навбатдаги ўйинларда майдонга тушди.
Шу ва бошқа муҳим спорт мавзуларига бугун QALAMPIR.UZнинг Спорт дайжестида батафсил тўхталамиз. Ассалому алайкум.

Ҳусанов АПЛ рамзий жамоасига киритилди

“Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англия чемпионатининг 21 ёшгача бўлган энг яхши футболчиларидан иборат рамзий жамоага киритилди. Бу ҳақда “Score90” хабар берди.

Нашр томонида тузилган рамзий терма жамоага Ҳусановдан ташқари “шаҳарликлар”дан Рико Льоис ва Савиньо киритилган. Рамзий жамоадан энг кўп айнан “Манчестер Сити” ва шаҳарнинг яна бир жамоаси “Манчестер Юнайтед” футболчилари жой олган. “Қизил иблислар”дан Лени Йорро, Кобби Мейну ва Гарначо чемпионатининг энг яхши 21 ёшгача бўлган футболчилари қаторида эътироф этилди.

Маълумот учун, 21 ёшли Ҳусанов ҳозирга қадар “Сити” таркибида 7 та ўйинда майдонга тушиб, 1 марта рақиб дарвозасини ишғол қилди ва шунингдек, “шаҳарликлар”нинг февраль ойидаги энг яхши футболчиси, деб топилди.

“Манчестер Сити” Ҳиндистоннинг йирик агентлиги билан ҳамкорлик қилади

“Манчестер Сити” Ҳиндистондаги ўсиб бораётган мухлислар базаси билан алоқа ўрнатиш мақсадида мамлакатнинг етакчи спорт менежменти ва консалтинг агентлиги “Rise Worldwide” билан шартнома имзолади. Бу ҳақда “Economic Times” нашри хабар берди.

“Rise Worldwide” агентлиги раҳбари Никхил Бардиа “Манчестер Сити” билан ҳамкорлик нафақат бизнес тарафлама, балки спорт тарафалама мамлакат учун муҳим воқеа эканлигини таъкидлади.

“Манчестер Сити” дунёнинг энг яхши клубларидан бири ва биз улар билан шартнома имзолаш шарафига муяссар бўлдик. Мақсадими нафақат бизнес ўсишига туртки берадиган, балки мамлакатда спорт ривожига ҳисса қўшадиган узақ муддатли иттифоқлар тузишдир”, дейди Бардиа.

Маълумот ўрнида, “City Football Group” аллақачон Ҳиндистонда молиявий ва спорт соҳасидаги манфаатларига эга бўлиб, Ҳиндистон Суперлигаси клуби “Мумбаи Сити”га сармоя киритган. Клубга сармоя киритилганидан бери “Мумбаи Сити” футбол клуби ўзини сўнгги пайтларда Ҳиндистоннинг энг муваффақиятли клубларидан бири сифатида кўрсатди ҳамда “ISL League Shield” ва “ISL Cup” мусобақаларида икки маротабадан зафар қучди.

Ҳусанов ва Шомуродов терма жамоага чақирилдими?

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг март ойидаги йиғинлари учун қайдномаси маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Манбага кўра, Жаҳон чемпионати-2026 саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 20 март куни Қирғизистон термасини қабул қилади. 25 март куни эса Эронга қарши сафарда майдонга тушади. Ушбу йиғинга “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ва “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов жалб этилди.

Бош мураббий Темур Кападзе томонидан йиғинга жалб этилган футболчиларнинг рўйхати қуйидагича:

  • Дарвозабонлар: Ўткир Юсупов, Абдувоҳид Неъматов, Ботирали Эргашев;
  • Ҳимоячилар: Абдулла Абдуллаев, Хожиакбар Алижонов, Ҳусниддин Алиқулов, Рустам Ашурматов, Умар Эшмуродов, Абдуқодир Ҳусанов, Фаррух Сайфиев, Дилшод Комилов, Шерзод Насруллаев, Иброҳимҳалил Йўлдошев, Зафармурод Абдураҳматов;
  • Ярим ҳимоячилар: Одил Ҳамробеков, Аббос Файзуллаев, Жамшид Искандеров, Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов, Отабек Шукуров, Абдурауф Бўриев, Акмал Мозговой, Руслан Жиянов.
  • Ҳужумчилар: Элдор Шомуродов, Бобур Абдихолиқов.

Шомуродов ва “Рома” ЕЛдаги юришини тўхтатди

13 март куни Европа лигаси 1/8 финал жавоб ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Римнинг “Рома” клуби меҳмонда “Атлетик”га қарши майдонга тушиб, 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди. 

Мазкур баҳсда римликлар сафида ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов иккинчи таймда майдонга тушди. Учрашувда дастлаб, 11-дақиқадаёқ меҳмонлар ҳимоячиси Мац Хуммельс қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Бу эса ўйин натижасига таъсир қилмай қолмади. Мезбонлар ҳужумчиси Нико Уильямс дубли ва ҳимоячиси Юрий Берчиченинг бир голи эвазига “Атлетик” ҳисобдаги фарқни 3 тага етказди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда римликлар ярим ҳимоячиси Леандро Паредес пенальтини голга айлантириб, ҳисобни қисқартирди, 3:1. 

Шу тариқа, икки ўйин натижасига кўра, 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган “Атлетик Бильбао” Европа лигаси чорак финалига йўл олди. Ушбу жамоаларнинг дастлабки баҳсида “Рома” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. 

Маълумот ўрнида, Европа лигаси 1/4 финали дастлабки ўйинлари 10 апрель куни ва жавоб ўйинлари 17 апрель куни ўтказилади.

“Пахтакор” йирик ҳисобда мағлуб бўлди ва Элит ОЧЛ билан хайрлашди

12 мартга ўтар кечаси Элит Осиё Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқич жавоб ўйинлари доирасида “Пахтакор” “Ал-Ҳилол” меҳмони бўлди ва йирик 4:0 ҳисобида мағлуб бўлди.

Дастлабки ўйинда мағлуб бўлган “Ал-Ҳилол” ўз уйидаги баҳсни фаол бошлади. Жамоа биринчи таймнинг ўзида “Пахтакор” дарвозасини 3 бор ишғол қилишга улгурди. Иккинчи тайм охирида мезбонлар яна бир марта тошкентликларни хафа қилди. 

Шу тариқа, “Ал-Ҳилол” икки ўйин натижасига кўра “Пахтакор”ни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, чорак финалга йўл олди. Клуб мураббийи Жорже Жезуш эса лавозимидан озод этилмайдиган бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Пахтакор Ҳиндистон АПЛ Манчестер Сити Футбол Европа лигаси Рома Элдор Шомуродов Абдуқодир Ҳусанов Элит ОЧЛ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг