Ҳусанов энг яхши трансфер – Гвардиола

Спорт

image

“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоа ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинига юқори баҳо берди ва ўзбекистонлик футболчини клубнинг энг муваффақиятли трансферларидан бири сифатида эътироф этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

“Ҳусанов — энг яхши трансфер. У бу ерга келишидан олдин Францияда беш ой давомида энг юқори савияда ўйнади. Абдуқодирга янги жамоага мослашиш осон бўлмади, бироқ у ўзгача футболчи”, дейди Гвардиола.

Испаниялик мутахассис Ҳусановнинг жамоа ўйинидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади:

“Биз жуда юқори ҳимоя чизиғи билан ўйнаймиз ва Ҳусанов бу вазифани жуда аъло даражада уддалаяпти. У жамоага катта фойда келтирмоқда. Абдуқодир тўп билан ўйнаш маҳоратини босқичма-босқич ошириб бориши керак. У ҳали жуда ёш ва ўрганишда давом этмоқда. Машғулотларга жиддий ёндашади ва ҳар доим 100 фоиз тайёр бўлади. Ҳусанов аллақачон тезкор футболчи бўлса-да, тобора ҳаракатларига тезлик қўшмоқда. Энг муҳими, у жуда ишончли”,  дея қўшимча қилди мураббий.

Гвардиоланинг сўзларига кўра, клуб Ҳусановни сотиб олишда тўғри қарор қабул қилган:

“Ўтган йили ҳам шуни айтгандим: агар Ҳусанов ҳозир трансфер бозорига чиқарилса, ўнлаб топ-клублар уни сотиб олишга ҳаракат қилган бўларди. Чунки у ҳимоячи учун ноёб фазилатларга эга. Инглиз тилида етарлича гаплашишни ўрганиб олган, ҳамма нарсани тез ўзлаштиради. Биз уни доим руҳлантирамиз ва у ўйлаганидан ҳам яхшироқ футболчи эканини айта оламан”,  дейди Гвардиола.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдуқодир Ҳусанов Англия Лига кубоги ярим финали доирасида “Ньюкасл” ва “Манчестер Сити” жамоалари  ўртасидаги учрашувнинг  энг яхши ўйинчиси деб топилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хосеп Гвардиола “Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг