“Ҳукуматни мақтаманг”. Жапаров ўзига бағишланган шеърни ўқишга рухсат бермади
Олам
−
12:09 1115 1 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чуй вилоятида аҳоли билан учрашув вақтида унинг шарафига шеър ўқимоқчи бўлган аёлни тўхтатди. У бундай чиқишлар одамлар Президентни мақташ учун махсус йиғилган деган таассурот уйғотишини айтди. Бу ҳақда “AKIpress” хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 6 ноябрь куни Сокулук тумани аҳолиси билан учрашувда маҳаллий аёллардан бири дастлаб ўз мурожаатини билдирган, сўнг Президентга бағишланган шеърни ўқимоқчи эканини айтган. Бироқ Жапаров ундан шеърни ўқимасликни сўраган.
“Ҳукуматни мақтаманг. Бу билан сиз мени ҳам, ўзингизни ҳам ноқулай аҳволга соласиз. Кейин мени мақтайдиган “навбатчи” фуқароларни йиғибди, деб гапиришади”, деган Президент.
Жапаров аҳолининг унинг шаънига мақтовлар айтиши учун махсус таклиф қилинган, деган таассурот пайдо бўлишини истамаслигини билдириб, шеърни тинглашдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳукуматга бир ой муддатда энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ва уларни мамлакатга олиб киришни тақиқлаш масаласини кўриб чиқишни топширгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси