Ҳукумат цемент импорт қилувчиларга енгилликлар бермоқчи
Жамият
−
03 Июль 2020
5526Ҳукумат томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига цемент маҳсулотини импорт асосида олиб киришда мавжуд нотариф тўсиқларни бартараф этиш, бунда сифатсиз цемент импорт қилувчиларни жавобгарлигини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли қарор лойиҳасини тез кунларда киритиш топшириғи берилди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу масала бўйича кеча, 2 июль кени Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида йиғилиш ўтказилиб, цемент бозорида таклиф даражасини кўтариш ва ички бозорни услуксиз равишда цемент билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинган.
Йиғилишда қайд этилишича, цемент импорти бўйича чекловлар бекор қилинганлигига қарамасдан жорий йилнинг июнь – июль ойларида биржанинг цемент бозорида талабнинг сезиларли даражада ўсиши натижасида нархларнинг ошиши ҳолатлари кузатилган.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида биржада барча маркали цементнинг нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 502,0 минг сўмдан 797,0 минг сўмгача, яъни 59 фоизга ўсган. Нархларнинг ўсиши асосан жорий йилнинг май–июнь ойларига, яъни қурилиш мавсумининг бошланиш даврларига тўғри келмоқда.
Цементга бўлган талаб ва нархларнинг ошишига амалга оширилаётган қурилиш ишларининг фаоллашуви ва жадаллашуви ҳамда цемент маҳсулоти импорти ҳажмларининг камайганлиги сабаб бўлмоқда.
Ҳукумат топшириқларига асосан цемент нархининг шаклланишига биржа томонидан ҳар бир харидор учун 114,0 тонна миқдоридаги кунлик лимитнинг қўлланилиши ўз ижобий таъсирини кўрсатиб, ўтган савдоларда цемент маҳсулотини харид қилган иштирокчиларнинг сони деярли икки баробарга кўпайиб, 540 нафарни ташкил этган.
2020 йилнинг 26 июнь куни 1 тонна цементнинг ўртача нархи 797,0 минг сўмни ташкил этган бўлса 30 июнь кунига 728,9 минг сўмни ташкил этди (8,5 фоизга арзонлашган).
Бироқ, мазкур тадбир ҳам цементга бўлган талабнинг юқорилиги сабабли нархларни сезиларли даражада туширилишига ва талабнинг қондирилишига етарлича таъсир этмаган.
Йиғилишда цементга бўлган талабнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қоплаб берилмаётганлиги сабабли, импорт цементга ҳам эхтиёж ошаётгани, лекин, бу ҳолатда ҳам тадбиркорлар маълум қийинчиликларга дуч келаётгани қайд этилган.
Хусусан, бугунги кунда ГОСТ 31107-2016 ва ГОСТ 10178-85 меъёрий ҳужжатлари талабларига асосан импорт асосида олиб кирилган цемент маҳсулотини божхонада расмийлаштириш учун 28 кун лаборатория синовларидан ўтказилади ҳамда ижобий лаборатория хулосаси мавжуд бўлган тақдирда ички бозорда реализация қилинади. Бунинг ҳисобига импортидан цемент маҳсулотини олиб кириш ҳажмлари олдинги давларга нисбатан сезиларни камайган, дейилади қўмита хабарида.
LiveБарчаси