“Ҳукумат қўрқоқ”. Нидерландия вокзалларида намойишлар бошланди
Олам
−
01 Март
8981Нидерландиянинг Утрехт, Гаага, Амстердам ва Роттердам каби турли шаҳарларидаги 16 та темирйўл вокзалларида Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун намойишлар бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, қўлларида Фаластин байроқларини ушлаб турган намойишчилар Утрехт марказидаги вокзалда тўпланиб, “сулҳ” талаб қилишган. Улар Нидерландия ҳукуматига Исроилни қўллаб-қувватлаётгани учун норозилик билдирган.
Шунингдек, намойишчилар “Болалар ва шифохоналарни бомбардимон қилишни тўхтатинг”, “Босқинни тўхтатинг”, “Биз сизни геноцид учун ҳукм қиламиз” ва “Дарёдан денгизгача, Фаластин бўлади”, "Голландияга уят, қўлларингиз қон" деган шиорларни кўтариб чиқишган.
Акция иштирокчиларидан бири Гелдерланд вилояти штат кенгаши аъзоси Пол Смит Исроилнинг қотилликлари ҳақидаги ёлғонларига ишонмаслигини айтди. Ва ҳалигача муносабат билдирмаётган Ғарб давлатларини танқид қилган.
“Кеча тунда ёрдам карвонлари Ғазо сектори шимолига етиб борар экан, фавқулодда ёрдам кутаётган одамлар ҳужумга учраганини кўрдик. Биз Исроилнинг бу ҳақда ҳам ҳикоялар тўқишини биламиз. Бироқ, биз ўқдан яраланган одамларни, ҳамма жойда босқинчилар томонидан ҳужум қилинаётганини гувоҳи бўляпмиз”, деди Смит.
Шу билан бирга, норозилик акцияси иштирокчиси Нидерландия ва бошқа Ғарб давлатларининг бундай ҳолатларга нисбатан аниқ муносабатини кўрсатмаётган позициясига эътибор қаратди.
“Биз Исроил ёлғон гапираётганини ва ҳамма нарсани ўйлаб топаётганини қайта-қайта кўриб турибмиз. Ҳукуматдан ҳам аниқ баёнотлар йўқ. Урушни тўхтатиш зарурати шунчалик равшан бўлса-да, Нидерландия икки марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўт очишни тўхтатишга чақиришдан ўзини тийди. Мен мамлакатимиз бу масалада қандай позицияни эгаллашини тушунмаяпман”, дейди у.
Смитнинг таъкидлашича, Халқаро суд томонидан геноцидда айбланган Исроилга нисбатан қабул қилинган вақтинчалик чоралар ҳам ижро этилмаяпти.
“Ғазога қўшимча ёрдам етиб бормади. Бомбалар портлашда давом этди. Болалар ҳамон ўлдирилмоқда. Бизда халқаро адолат ва тинчлик пойтахти Гаага бор, лекин Нидерландиянинг ўзи бу масалада тўғри позицияни эгаллаш учун жуда қўрқоқ ”, деган Смит.
Намойишнинг яна бир иштирокчиси Катя Фред фаластинликларга ҳайвонлар каби муносабатда бўлишганидан ўзини тутиб туролмаётганини билдирган.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси