Ҳудудий электр тармоқлари апрелда электр энергияси нархининг ошиши бўйича изоҳ берди (видео)

Жамият

image

Ўзбекистонда апрелда “свет” нархи ошаётганига изоҳ берилди.

18 декабрь куни Сенат ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни муҳокамасида Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2025 йилнинг 1 апрелидан бошлаб электр энергияси нархи яна ошиши ҳақида гапирган эди.

Вазир тарифлар харажатлари ўзини тўлиқ қоплайдиган даражага чиқмаганини биринчи сабаб қилиб кўрсатар экан, энергетика соҳасига киритилаётган субсидиялар 2027 йилга келиб кескин пасайиши, 2028 йилдан бошлаб эса субсидияларни бюджетдан бериш кескин камайишини маълум қилган. Бугун, 23 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти нархларнинг ошиши бўйича изоҳ берди.

“Тўғри, барчамизга маълумки, 2024 йилнинг ўша апрель ойида 204-сон Вазирлар Маҳкамаси қарори чиққан. Бу қарорда 2024 йил ва 2025 йиллар учун бир пайтнинг ўзида тарифларга тегишли ўзгартириш киритиш таъкидлаб кетилган, кўрсатиб ўтилган. Нархларнинг ошиши ўша пайтдаёқ айтилган эди”, деди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Маълумотларни қайта ишлаш ва дастурий тизимларни такомиллаштириш департаменти директори ўринбосари Диёр Нишонов.

Унинг айтишича, нархлар 2018 йилгача ошмаган. Бу эса нархларни кетма-кет ошириш учун сабаб бўлмоқда.

“2018 йилдан бери тариф ошмаган эди. Лекин биламизки, ёқилғи, нефть маҳсулотлари ҳар йили бозор муносабатларига кўра таннарх ошиб боради. Ижтимоий республика бўлгани учун ижтимоий қатламга кўпроқ эътибор берилганлиги учун тарифлар анча муддат оширилмади.

Лекин энди ўша бугунги кунда амалга оширилаётган ишларни яна ҳам жадаллаштириш, яъни жойлардаги қувватларни ошириш, трансформатор пунктларини янгисига алмаштириш ёки борларнинг қувватини ошириш ўз навбатида, тегишли маблағ талаб қилади. Шу сабабдан нархларни оширишга мажбур бўлдик. Яна бир маълумот: нархни ошириш бўйича таҳлиллар ва маълумотларни “Ҳудудий электр тармоқлари” тақдим этади. Лекин нархларни кўриб чиқиш барибир Иқтисод ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилади”, деди у. 

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида Жамшид Қўчқоров Тошкент шаҳрида келаси йилда иссиқлик таъминоти тарифлари ҳам 2 марта оширилишини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жамшид Қўчқоров “Ҳудудий электр тармоқлари” “свет” нархи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг