Ҳудудида бинолар қурилмайдиган парклар ташкил этилади
Жамият
−
24 Август 2021
4448Бугун, 24 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида экология ва атроф-муҳит муҳофазасига бағишлаб ўтказилаётган йиғилишда вилоят ҳокимларига йил якунига қадар истироҳат боғларида аҳоли учун “сокин ҳудуд”ларни ташкил этиш топширилди.
Шунингдек, Мирзиёев йиғилишда истироҳат боғлари қаровсиз аҳволда эканини танқид қилган.
“Республикадаги 300 га яқин истироҳат боғи турли вазирлик ва идораларга қарашли бўлиб, уларнинг аксарияти қаровсиз, десак бу ҳам ҳақиқат”, дейди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида 2 тадан “яшил майдон” ва жамоат парклари ташкил этилади. Бундан ташқари вилоят ҳокимларига йил якунига қадар истироҳат боғларида аҳоли учун “сокин ҳудуд”ларни ташкил этиш топширилган.
Маълум қилинишича, мазкур боғларнинг камида 60-70 фоизи “яшил ҳудуд” бўлади ва ушбу ҳудудларда бино-иншоотлар қурилишига рухсат берилмайди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 1 тадан сайилгоҳ (жами – 12 та), “яшил майдон” ва аллея (жами – 25 километр), кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларнинг ҳар бирида “яшил майдон”лар ташкил этиш лозимлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, пойтахтнинг 60 километр канал бўйлари, 250 километр пиёда йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экиш керак.
Қайд этиш керакки, ушбу йиғилишда давлат раҳбари ҳокимларнинг ишидан қониқмаганини айтиб, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги муаммоларни кўрсатиб ўтган. Бундан ташқари, йиғилиш доирасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилган.
LiveБарчаси