Ҳокимлар иши қониқарсиз. Президент экология соҳасидаги муаммоларни санади
Жамият
−
24 Август 2021
6270Бугун, 24 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида экология ва атроф-муҳит муҳофазасига бағишлаб ўтказилаётган йиғилишда соҳадаги муаммолар кўрсатиб ўтилди.
Бу йўналишга масъул бўлган Экология қўмитаси, бошқа идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббус ва амалий ишлари кўринмаётгани танқид қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.
Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан бор-йўғи 15 тасига тадбиркор жалб қилинган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган”, дея таъкидлади Президент.
Йиғилишда октябрь-ноябрь ойларида 55 миллион дона, келгуси йил баҳор мавсумида автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида 70 миллион дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатларни экиш вазифаси қўйилди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманлари, вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда дарахтлар ва экинлар маҳаллий иқлимни инобатга олмасдан, пала-партиш экилаётгани боис кундан-кунга қуриб бораётгани, туман ҳокимлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани, шаҳар кўчалари чиқиндига тўлиб кетгани билан ҳеч кимнинг иши йўқлигини қаттиқ танқид қилди.
Ҳар бир маҳаллага дарахтларни парваришлаш учун Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 1 нафардан ишчи бириктирилиши белгиланди.
Туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимларига ажратилаётган 10 мингта штат доирасида ҳар бир туман (шаҳар) ҳудудидан келиб чиқиб 5 та ишчидан иборат дарахтларни сақлаш бўйича гуруҳлар ташкил этилади.
LiveБарчаси