Россияда урушга сафарбарлик якунландими? Песков жавоб берди
Олам
−
18 Октябрь 2022
8839Россияда сафарбарликни якунлаш тўғрисида қарор ҳали қабул қилинмади, бироқ бир қатор ҳудудлар сафарбарлик режаларини бажариб бўлди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Ҳозирча бундай қарор бўлмаган”, дейди Песков журналистларнинг сафарбарликни тугатиш борасидаги саволига.
Унинг таъкидлашича, Мудофаа вазирлиги ҳар бир минтақа учун сон бўйича сафарбарлик кўрсаткичларини белгилаб қўйган ва бир қатор ҳудудлар топшириқ бажарилганини билдирган.
“Ушбу вазифани уддасидан чиққан ҳудудларда қисман сафарбарлик жараёни аллақачон тугатилган ва тўхтатилган”, дейди матбуот котиби.
Шунингдек, у Президентнинг қисман сафарбарликни якунлаш тўғрисида фармони ҳали қабул қилинмаганини айтиб, агар қарор чиқса хабар берилишини қўшимча қилиб ўтган.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Россияда “Сафарбарлик тадбирлари” икки ҳафта ичида якунланишини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия Федерацияси Президенти мамлакатда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, 300 минг киши, биринчи навбатда, жанговар тажрибага эга ва қўшинлар учун зарур бўлган ҳарбий ихтисослиги бўйича резервга чақирилади. Октябрь ойининг бошидаги ҳолатга кўра сафарбарлик доирасида 200 мингдан ортиқ киши армияга чақирилган.
Мустақил кузатувчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 5 октябрга қадар камида 213 минг киши сафарбар қилинган. Шу билан бирга, бу маълумотлар фақат Россиянинг 53 минтақаси учун олинган ва аслида бундан кўпроқ бўлиши мумкин.
LiveБарчаси