Ҳокимларнинг ичимлик суви нархини белгилаш ваколати ҳукуматга ўтказилади
Жамият
−
28 июл 2313 3 дақиқа
Ўзбекистонда ичимлик суви тарифларини тасдиқлаш ваколати ҳукумат ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади ҳамда ҳар йили март ойида “Сувни тежаш ойлиги” ўтказилади. Бу ҳақда жорий йил 24 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли фармонда сўз боради.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан “Ўзсувтаъминот” АЖга фойдаланиш учун топшириладиган барча ичимлик суви ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари “Дастурларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва манзилли рўйхатларни келишишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими” электрон платформасида акс эттирилади.
Шу билан бирга, Ўзсувтаъминот” ва унинг тизим корхоналари ўртасида шартномавий муносабатларни самарали йўлга қўйиш мақсадида тор доирадаги малака ошириш, ўқитиш ва эксплуатацияга оид шартномавий муносабатлар тўғридан-тўғри амалга оширилади.
Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасидаги янги лойиҳаларга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (ХМИ/ХҲМТ) қарз ва грант маблағлари олдиндан харид, ретроактив ва шу каби бошқа молиялаштириш усулини танлаган ҳолда жалб қилинади.
Шу муносабат билан, 2027 йил 1 январдан марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ёки ўзини оқламайдиган ҳудудларда хизмат кўрсатиш алоҳида ёндашув асосида (махсус техникаларда сув етказиб бериш, шохобчаларни ташкил этиш ва шу кабилар) амалга оширилади.
Шунингдек, тариф сиёсатини такомиллаштириш мақсадида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади.
Ҳужжатга кўра, ҳар йили март ойида “Сувни тежаш ойлиги” ўтказилади ва сувни қадрлаш маданиятини кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлар амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб:
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ва ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига ичимлик сувини тежаш ва ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатганлик мезонлари киритилади;
ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатмаган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.
2027 йил 1 апрелдан бошлаб эса ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун бюджет ташкилотларига республика бўйича бир хил тарифлар белгиланади.
Шунингдек, ичимлик суви ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнлари бўйича алоҳида ҳисоб-китоб юритилиши йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларнинг насос ва фильтр қурилмаларига сунъий йўлдош кузатув тизими ўрнатилиши ва 2027 йилдан шоли ва балиқчилик майдонларида “ақлли” сув ҳисоблагичлар ўрнатиш мажбурий этиб белгилангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси