Ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгаши раиси бўлиши тақиқланмоқда
Жамият
−
09 Июль
3334Ўзбекистонда ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгаши раиси бўлиши тақиқланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган ва биринчи ўқишда қабул қилинган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида маҳаллий давлат ҳокимиятининг конституциявий асослари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида янги таҳрирдаги Конституцияда халқ депутатлари кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши ҳамда вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслигини назарда тутувчи янги норма ўз аксини топган.
Шу билан бирга, янги конституциявий-ҳуқуқий шароитларда ҳоким ва маҳаллий кенгаш раиси лавозимлари ажратилаётгани амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш заруриятини келтириб чиқармоқда.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимлар ҳамда маҳаллий кенгашларнинг ваколатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- маҳаллий кенгашлар фаолиятига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши;
- халқ депутатлари кенгаши раиси ўз вазифаларини бажариш даврида доимий ва бошқа комиссиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмаслиги;
- кенгашлар йиғилишларида ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганида номзод маҳаллий кенгаш депутатларига ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши шартлиги;
- маҳаллий кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Ягона электрон тизимда (Э-қарор.гов.уз) рўйхатдан ўтказилиши ва тизимга жойлаштирилиши, рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини янада оширишга, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасидаги ҳоким ва маҳаллий кенгаш раиси вазифаларининг ажратилиши билан боғлиқ қоидалар вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2024 йилги сайловлар якунлари бўйича, туман ва шаҳарларда эса 2026 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь