Ҳокимият “Толибонга” ўтгунга қадар Афғонистонни ким бошқариши маълум бўлди  

Олам

image

Афғонистоннинг собиқ Ички ишлар вазири ва Германиядаги собиқ элчиси Али Аҳмад Жалоли мамлакатнинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинланади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди

Қайд этилишича, Қобулдаги Президент саройида ҳокимиятни “Толибон”га топшириш бўйича музокаралар давом этмоқда. Маълум бўлишича, Афғонистондаги миллий ярашув Олий Кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла ушбу жараёнда воситачи вазифасини бажаради.

Фото: чапда Абдулла Абдулла, ўнгда Али Аҳмад Жалоли

Маълумот ўрнида, вақтинчалик ҳукумат — ўтиш даври ёки фавқулодда ҳолат даврида одатда, сиёсий тизим ёки сиёсий режим ўзгарганда тузилади. 

Турли хабарларга кўра, “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари мулла Абдул Ғани Бародар айни вақтда мамлакат пойтахти Қобулда бўлиб турибди ва катта эҳтимол билан айнан, у ҳокимиятни эгаллайди.

Фото: Абдул Ғани Бародар

Аввалроқ, Афғонистон Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Абдул Саттор “TOLO News” телеканали эфирида “Қобулга ҳужум қилинмаслиги, ҳокимият тинч йўл билан топширилишини” маълум қилганди. Шунингдек, Абдул Саттор Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг тез орада истеъфога чиқишини эълон қилган. 

Фото: Абдул Саттор

Ўз навбатида, толиблар банклар ва давлат муассасаларини одатдагидек ишлашга, аҳолини эса хавфсизлик нуқтаи назаридан уйларини тарк этмасликка чақирган. “Толибон” ҳеч кимдан қасос олмаслигини ва ҳозирги Қобул маъмурияти даврида хизмат қилган барча ҳарбийлар ҳамда амалдорлар кечирилишини ваъда қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1049

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг