Ҳоким маҳаллини “шармандали”, фуқаро уйларини “уятли” деб эълон қилди (видео)
Жамият
−
11:52 2931 3 дақиқа
Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳокими Шерзод Абдуҳакимович Солиҳов йиғилишда туманда ҳудуди ободонлаштирилмаган ва тартибга келтирилмаган маҳаллаларга “Шармандали маҳалла” ҳамда талаб даражасида сақланмаган хонадонларга эса “Уятли хонадон” ёзувларини ўрнатишни буюрди. Бу ҳақда туман ҳокимлигининг ахборот хизмати Telegram-каналида мажлис видеосидан парчани эълон қилди.
Ҳоким “Бирлик” маҳалласида ўтказилган йиғилишда мазкур маҳалла вилоят раҳбарияти топшириғи асосида таянч ҳудуд сифатида танланганини айтган. Бунга сабаб эса йўл бўйида жойлашгани ва кўпчилик эътиборига тушадиган ҳудудлардан бири экани бўлган.
Шунингдек, Солиҳов Бирлик маҳалласидаги ободонлаштириш ишлари белгиланган талаблар даражасида эмаслигини танқид қилган. Унинг таъкидлашича, маҳаллага кириш қисмидан бошлаб ҳудуднинг ҳолати қониқарсиз экани кўзга ташланади.
“Бирлик”ни маҳалла еттилиги тушуниб етилмаяпти. Ҳозир кирганингизда битта райҳон ҳам экилмаган, битта гул ҳам экилмаган, битта кўчат ҳам экмаган. Кўчаларда ўтлар бел баробар бўлиб кетган. Ўрилмаган, ўрилган ўтлар ҳам тўпдек-тўпдек бўлиб ётибди. “Шармандали маҳалла” деб айтса бўладими, бўлмайдими!?”, деган ҳоким.
Шундан сўнг у “Бирлик” маҳалласидаги мавжуд ҳолатни кўрсатиш мақсадида ҳудудга рамзий тарзда “Шармандали маҳалла” ёзувини ўрнатиш кераклигини таъкидлаган.
“Бу нарсани суратга ҳам олинг. Бундан бошлаб Бирлик маҳалласи – Шармандали маҳалла”, деган ҳоким бува.
Йиғилиш давомида маҳаллаларга бириктирилган корхона ва ташкилот раҳбарлари фаолияти ҳам муҳокама қилинган. Солиҳовнинг айтишича, ҳудудларга бириктирилган раҳбарлар ўз вазифаларини фақат қоғозда эмас, амалда бажариши керак.
У раҳбарларга ўзларига бириктирилган маҳаллаларга бориб, мавжуд муаммоларни ўрганиш, ободонлаштириш ишларини ташкил қилиш ва бажарилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этиш вазифасини топширган.
Шу билан бирга, биринчи бўлиб айнан маҳалла раисларининг хонадонлари алоҳида назорат қилиниши қайд этилган. Бунда Солиҳов раислар уйларининг ташқи кўриниши, дарвоза ва деворларнинг ҳолати, ҳовли атрофи, кўча бўйидаги ободонлаштириш ишлари ҳамда гул ва райҳонлар экилгани текширилишини билдирган.
“Маҳалла раисининг уйига борасизлар. Дарвозаси бўялганми, деворлари оқланганми, кўчасида гул борми, райҳон экилганми ҳаммасини кўриб, суратларини юборасизлар”, деб айтган Чиноз ҳокими.
Солиҳов, шунингдек, камчиликлар қисқа муддат ичида бартараф этилмаса, айрим хонадонларга ҳам “Уятли хонадон” деган баҳо берилиши ва мазкур ёзувли плакатлар илинишини иддао қилган.
Мажлисда “маҳалла еттилиги” аъзоларига ҳам ҳудудларда ободонлаштириш ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилган. Улар эрталабдан кўчаларга чиқиб, ҳашарлар ташкил этиши, ҳудудларни тозалаши, деворларни оқлаши, дарахт, гул ва райҳонлар экилишини таъминлаши кераклиги таъкидланган.
Бундан ташқари, ҳоким томонидан кўп қаватли уйлар атрофи, кўчалар ва хиёбонларни тартибга келтириш, томорқалардан самарали фойдаланиш ҳамда юқори даромадли такрорий экинларни экиш бўйича ишларни йўлга қўйиш вазифалари топширилган.
Ҳоким буванинг мазкур “ташаббуси” ОАВларда кенг муҳокамаларга сабаб бўла бошлаганидан сўнг, туман ҳокимлигининг матбуот хизмати эълон қилган видеосини ўчириб юборган.
Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 16 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда ободончиликни рағбатлантириш мақсадида йил якуни билан “Энг ороста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ҳамда “Энг намунали маҳалла” каби номинациялар жорий этилиши маълум қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов маҳаллалардан бирида “тозалик рейди” ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳоким хонадонлардан бирига кириб, уй-жой ҳудудидаги тартибсизликлар, чиқиндилар ва санитария ҳолатини танқид қилгани кўринади.
Шундан сўнг, мазкур ҳолат юзасидан Антикоррупция агентлиги ҳокимга нисбатан хизмат текшируви ўтказишни сўраган эди.
Live
Барчаси