“Ҳизбуллоҳ”нинг янги раҳбари кимлиги эълон қилинди
Олам
−
29 Октябрь
4003Бугун, 29 октябрь куни “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг собиқ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўрнини Наим Қосим эгаллагани эълон қилинди. Бу ҳақда ҳаракат матбуот хизматига таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.
Қайд этилишича, “Ҳизбуллоҳ” Наим Қосимни ҳаракат тамойиллари ва мақсадларига содиқлиги туфайли бу лавозимга сайланганини маълум қилган.
Маълумот учун, 71 ёшли Қосим “Ҳизбуллоҳ” ичида “иккинчи рақам” деб аталган. У 1980 йиллар бошида гуруҳга асос солган диний уламолардан бири ҳисобланади. Қосим Байрут университетини тамомлаган ва асосан таълим масалалари билан шуғулланиб келган. 1991 йилдан эса ҳаракат раҳбари ўринбосари лавозимида бўлган.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида “Ҳизбуллоҳ” собиқ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Исроилнинг Байрутнинг жанубий чеккасида уюштирган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг, бир қатор ОАВ гуруҳнинг Шўро кенгаши (асосий бошқарув органи) Ҳошим Сафи ад-Динни ташкилотнинг янги бош котиби этиб сайланганини эълон қилган. Бироқ “Ҳизбуллоҳ”нинг ўзи бу хабарларни рад этган. Октябрь ойида эса Исроил Насруллоҳнинг эҳтимолий вориси Ҳошим Сафи ад-Дин ўлдирилганини тасдиқлади.
LiveБарчаси
29 Октябрь