“Ҳизбуллоҳ” Исроил шимолига ҳужум уюштирди (видео)
Олам
−
04 Июнь
14861Кеча, 3 июнь куни ярим тунда Ливандан учирилган ракета ва учувчисиз дронларнинг ҳужумлари оқибатида Исроил шимолида ёнғинлар бошланди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари хабар берди.
Мамлакат ўт ўчириш ва қутқарув хизмати Кирьят-Шмона шаҳри ва Кфар-Гилади киббуцида бир неча уй ёниб кетганини маълум қилди. Бундан ташқари, Ливан билан чегарадош Жалила ҳудуди ҳам ҳужумга учраган.
Ёнғинни ўчиришга жами 30 дан ортиқ ўт ўчириш бригадалари жалб қилинган. 6 нафар захирадаги аскар ёнғинни ўчириш вақтида жароҳатланган. Уларга ис газидан заҳарланиш ташхиси қўйилган. Жабрланганларнинг барчаси тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилган.
“Ҳозирда Исроил Логистика қўмондонлигининг ёнғин ўчириш батальони воқеа жойида бўлиб, ўт ўчирувчилар ва қутқарувчиларга ёрдам бермоқда. Биз ёнғинларни назорат остига олишга муваффақ бўлдик ва ҳозирги босқичда одамлар ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқ”, дея баёнот берди Исроил армияси матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз,13 май куни ҳам "Ҳизбуллоҳ" ҳаракатининг Ливан жанубидан танкка қарши ракеталар орқали Исроилга берган зарбаси оқибатида 4 нафар аскар жароҳат олган эди.